Сенатнинг қонунчилик фаолияти: кеча-бугун-эртага – Парламент тадқиқотлари институти
Янгиликлар

Маълумки, миллий парламент томонидан қабул қилинаётган қонунларнинг сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ва суд-ҳуқуқ ислоҳотларига таъсирини кучайтиришга, уларни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишга алоҳида аҳамият қаратилмоқда. Албатта, ушбу жараёнда Олий Мажлиснинг юқори палатаси муҳим ўрин эгаллаб келмоқда.

Жорий йилнинг 23 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти билан ҳамкорликда «Сенатнинг қонунчилик фаолияти: кеча-бугун-эртага» мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.

Ушбу тадбирда Олий Мажлис Сенати аъзолари, Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти, Адлия вазирлиги масъул ходимлари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари доимий комиссиялари раислари, Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги экспертлар гуруҳининг аъзолари, мутасадди вазирлик ва идоралар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.

Давра суҳбатини Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раиси Наримон Умаров кириш сўзи билан очиб берди.

Ушбу тадбирнинг асосий мақсади Сенатнинг қонунчилик жараёнида тутган ўрнини муҳокама қилиш ҳамда юқори палатанинг бу йўналишдаги фаолиятини такомиллаштириш юзасидан тегишли таклифлар ва тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат бўлди.

Таъкидланганидек, давлат ва жамият ҳаётидаги янгиланишларга ҳамоҳанг тарзда Олий Мажлис юқори палатасида хорижий инвестициялар, туризм, коррупцияга қарши курашиш, соғлиқни сақлаш, хотин-қизлар
ва гендер тенглик, ёшлар, Оролбўйи минтақасини ривожлантириш, ахборот сиёсати, очиқлик каби муҳим йўналишларга ихтисослашган янги қўмиталар ташкил топганлиги қонун ижодкорлиги жараёнида ҳам катта аҳамият касб этмоқда.

Давра суҳбати давомида Сенат томонидан қонунчилик соҳасида амалга оширилаётган ишлар, эришилаётган натижаларга алоҳида эътибор қаратилди.

Таъкидлаш жоизки, 2020 йил ва 2021 йилнинг ўтган даврида юқори палатанинг 18 та ялпи мажлиси ўтказилиб, уларда давлат ва жамият ҳаётининг турли соҳаларига доир 300 дан ортиқ масалалар кўриб чиқилди. Жумладан, ялпи мажлисларда 127 та қонун кўриб чиқилган ва уларнинг 119 таси маъқулланган, 8 таси концептуал камчиликлари бўлгани сабабли рад этилган.

Таъкидланишича, қонунчилик фаолиятида охирги йилларда асосий эътибор ислоҳотларнинг ҳуқуқий асосларини яратиш ва янада мустаҳкамлашга, ҳудудлар ва умумдавлат манфаатларига жавоб берадиган халқчил, тўғридан-тўғри ишлайдиган қонунларни амалиётга татбиқ этишга қаратилди.

2017-2021 йилларда 313 та қонун кўриб чиқилган бўлиб, шундан 10 таси рад этилган (маълумот учун: 2010-2016 йилларда 179 та қонун кўриб чиқилган, улардан бирортаси рад этилмаган).

Маълумки, Сенат қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъектлари доирасига кирмайди. Шунга қарамай, сенаторлар томонидан амалдаги қонунлар ижросини мониторинг қилиш, уларни такомиллаштириш юзасидан таклифлар киритиш амалиёти жорий этилган.

Ўтган даврда 10 дан зиёд қонунларнинг ҳудудлар ва тармоқлардаги ижроси ҳолати ўрганилиб, натижалар бевосита ҳудуднинг ўзида танқидий-таҳлилий муҳокама қилинган. Бундан ташқари, Сенат қўмиталари томонидан амалдаги 20 тага яқин қонунларнинг бугунги кун талабларига мослиги баҳоланди ва уларни такомиллаштириш бўйича аниқ таклифлар белгиланди.

Тадбирда Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти директори Фозилжон Отахонов ўзининг «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг қонун ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштиришнинг долзарб масалалари» мавзусидаги маърузаси билан иштирок этди ва Сенат нафақат миллий қонун ижодкорлигида, балки халқаро ҳуқуқ норма ижодкорлигида ҳам фаол иштирок этаётганлигини таъкидлади. Хусусан, Сенат томонидан МДҲ Парламентлараро Ассамблеяси томонидан кўриб чиқилаётган 14 та модель қонун лойиҳалари бўйича илмий асослантирилган таклиф ва тавсиялар берилди.

Адлия вазирининг ўринбосари Алишер Каримов ўзининг «Норма ижодкорлиги: ислоҳотлар ва натижалар» номли маърузасида давлат органлари фаолиятини тартибга солувчи ҳужжатларни инвентаризация қилиш зарурати ва аҳамиятига тўхталиб ўтди. Бундай ишларни соҳалар бўйича ҳам олиб бориш муҳимлигига эътибор қаратди.

«Юксалиш» умуммилий ҳаракати Ислоҳотларни амалга оширишга кўмаклашиш бошқармаси бошлиғи Улуғбек Мухаммадиев ўзининг «Сенатнинг қонунчилик фаолиятида жамоатчилик назоратининг ўрни» номли  маърузасида таъкидлаганидек, Сенат билан ҳамкорликда жамоатчилик эшитувларини ташкил этиш ва уларни тўғридан-тўғри онлайн эфирга узатиш қонунчилик фаолиятини ривожлантиришга ўз ҳиссасини қўшади. Бундан ташқари, қонун ижодкорлиги жараёнида халқ вакилларининг яқин кўмакчисига айланган Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти штатини кўпайтириш, қонунлар ижроси устидан мониторинг жараёнларига жамоатчиликни кенг жалб қилиш тўғрисидаги таклифларни ҳам илгари сурди.

Шунингдек, тадбирда Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети кафедра мудири, Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги экспертлар гуруҳининг аъзоси Одилжон Юсуфжонов ўзининг «Коррупцияга қарши курашишда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг роли» номли маърузаси билан иштирок этди.

Бундан ташқари, миллий экспертлар С.Адилходжаева, М.Рахимова, С.Ниёзова давра суҳбатида кўриб чиқилган масалалар юзасидан муҳокамаларда фаол иштирок этиб, қонун ижодкорлиги жараёнини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишга қаратилган қатор тавсиялар билан ўртоқлашдилар.

Қизғин баҳс-мунозаралар майдонига айланган давра суҳбати иштирокчилари Олий Мажлис юқори палатасининг қонунчилик фаолияти ҳақида фойдали маълумотларга эга бўлдилар.

Тадбир якунида норма ижодкорлиги соҳасидаги амалдаги муаммолар ва камчиликларни бартараф этишга қаратилган тавсиялар ишлаб чиқилди.

Жўрабаев Бекзод,

Давлат ва жамият қурилиши соҳасида тадқиқотлар бўлими бош илмий ходими

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan