Медиация соҳасидаги қонунчилик ислоҳотларини самарали амалга оширишдаги муаммо ва чақириқлар – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

Бугун шу мавзуда USAIDнинг Ўзбекистондаги ҳуқуқий ислоҳотлар Дастури, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Юристлар малакасини ошириш маркази, Тошкент давлат юридик университети, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳузуридаги “Маҳалла ва оила” илмий-тадқиқот институти ҳамкорлигида давра суҳбати ташкил этилди.

Асосий мақсади тажриба алмашиш ҳамда “Медиация тўғрисида”ги қонунни такомиллаштириш ва бу борадаги қонунчиликни амалга ошириш механизмлари самарадорлигини ошириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат бўлган ушбу тадбирда Олий Мажлис Сенатининг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси, Парламент ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти, республикамизда фаолият юритаётган профессионал медиаторлар, нодавлат нотижорат ташкилотлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари, шунингдек Сингапур Медиаторлар иттифоқи таъсисчиси ва раҳбари Алосиус Гох иштирок этди.

Анжуманни USAIDнинг Ўзбекистондаги ҳуқуқий ислоҳотлар Дастури директорининг ўринбосари Рахима Назарова, Сенатнинг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси раиси Малика Кадирханова, Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти директори Фозилжон Отахонов, “Маҳалла ва оила” илмий-тадқиқот институти директорининг ўринбосари Айниса Мусурманова кириш сўзи билан очиб берди.

Жумладан, юридик фанлар доктори, профессионал медиатор Фозилжон Отахонов ўз нутқида медиацияни оммалаштириш ва мамлакатимизда медиаторлар палатасини ташкил қилиш ғоясини илгари суриб, бу масалага алоҳида тўхталиб ўтди. Қолаверса, медиация соҳасидаги ижтимоий муносабатларни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишни такомиллаштириш мақсадида Сенат Кенгаши қарори ва унга илова тариқасида “Йўл харитаси” лойиҳасини ишлаб чиқишни таклиф этди.

Шунингдек, ўз маърузалари билан иштирок этган ҳакамлик суди судьяси, юридик фанлар номзоди, профессионал медиатор Дилбаҳор Якубова Ўзбекистонда медиациянинг ривожланишига тўсқинлик қилаётган қонунчиликдаги муаммолар ҳақида, “Оила” илмий, ижтимоий ва гуманитар ташаббуслар маркази юридик бўлими бошлиғи Гулнора Ишанханова судларда медиациядан фойдаланишга тўсқинлик қилувчи институционал муаммолар ва оилавий медиацияни ривожлантириш истиқболлари хусусида, Сингапур Медиаторлар иттифоқи таъсисчиси ва раҳбари Алосиус Гох Ўзбекистон ҳуқуқни қўллаш амалиётида Сингапурнинг медиация тартибларидан фойдаланиш имкониятлари масалаларида сўз юритди.

Мушоҳадалар давомида мамлакатимиздаги профессионал медиаторлар, жумладан, А.Якубов, Д.Кимсанов, Ш.Масадиқов, С.Марипова, С.Садиков ва бошқалар ҳам ўз тавсиялари ҳамда фикр-мулоҳазаларини билдириб ўтишди.

Очиқ ва қизғин мунозараларга бой бўлган давра суҳбатида иштирокчилар мамлакатимизда медиациянинг ҳуқуқий асосларини ривожлантириш истиқболлари ҳақида фойдали маълумотларга эга бўлдилар.

Тадбир якунлари бўйича тегишли таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan