Ҳудудлардаги муаммоларни ҳал этиш Сенатнинг доимо устувор вазифаси бўлиб келган – Парламент тадқиқотлари институти
Янгиликлар

Олий Мажлис Сенатининг ўн тўққизинчи ялпи мажлиси мамлакатимизнинг сўнгги беш йилликда эришган ютуқларининг эътирофи билан бошланди.

Хусусан, Сенат раиси Танзила Нарбаева қабул қилинган беш йиллик ҳаракатлар стратегияси, унинг доирасида барча соҳалар либераллашиб бораётгани, сўз эркинлиги, дунёга очилаётган Янги Ўзбекистон ва унинг ташаббуслари нуфузли халқаро ташкилотлар томонидан эътироф этилаётганига, БМТ минбарида билдирилган ташаббуслар шунчаки сўз эмас, амалда ўз аксини топаётганига тўхталиб ўтди.

Сенатнинг барча аъзолари республикамиздаги ҳудудлар манфаатини ҳимоя қилган ҳолда фаолият олиб боради. Юқори палатанинг ҳар бир ялпи мажлисида ҳудудлардаги ҳолатлар ва ўзгаришлар муҳокамалар марказида бўлиши қайд этилди.

Навбатдаги ялпи мажлисда ҳам жойлардаги ўзгаришлар, аҳолини қийнаётган муаммолар ечимига эътибор қаратилди. Хусусан, қибрайликлар муаммолари юзасидан Сенатнинг аввалги ялпи мажлисларида вазифалар белгиланган эди. Бу борада қилинган ишлар юзасидан Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Қутбидин Бурхонов ахборот берди.

Жумладан, Тошкент шаҳридан Тошкент вилояти, Қибрай туманига кўчирилган фуқаролар учун ўтган 2 йил давомида зарурий инфраструктура шарт-шароитлари яратиб берилмай келинаётгани,  мазкур муаммо бўйича аҳоли 2 йил давомида сарсон бўлиб, жорий йилнинг июль-август ойларида Сенатга мурожаат қилгани, шундан сўнг ўтган вақт давомида кенг кўламдаги қурилиш ва таъмирлаш ишлари бошлаб юборилгани айтиб ўтилди.

Сенатнинг тегишли қўмиталари назоратида ҳозирда мазкур ҳудудда бир қатор ишлар амалга оширилди. Хусусан, ўтган 15-20 кун оралиғида 1,5-2 кмга яқин масофада ичимлик суви учун қувурлар ётқизиш, кадастр ҳужжати тайёр бўлган хонадонларни табиий газга улаш, маҳалла ҳудудидан ўтувчи янги автомобиль йўлини қуриш ишлари бошланди, – дейди Қутбидин Бурхонов.

www.senat.uz

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan