Бугун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн тўққизинчи ялпи мажлисини senat.uz расмий веб-сайти ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари орқали онлайн кузатиб бордик.
Таъкидлаш жоиз, ялпи мажлиснинг биринчи иш кунида сенаторлар томонидан бир қатор долзарб масалалар кўриб чиқилди.
Масалан, мажлисда эшитилган Вазирлар Маҳкамасининг Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ижросининг биринчи ярим йиллик якунлари ҳақидаги ҳисоботига кўра, жорий йилнинг январь-июнь ойларида мамлакатимиз иқтисодиётининг ялпи ички маҳсулот ҳажми 6.2 фоизга ўсиб, 318.5 трлн сўмни, инфляция даражаси йил бошидан 4.4, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 10.9 фоизни ташкил этган.

Иқтисодий ўсиш саноатда 8.5, қурилишда 0.1, қишлоқ, ўрмон ва балиқ хўжалигида 1.8 ҳамда хизматларда 8 фоизга ошган. Давлат бюджети даромадлари прогнозга нисбатан 107.8 фоизга ёки 5.4 трлн сўмга ошириб бажарилган. Қўшилган қиймат солиғи бўйича солиқ тўловчиларга республика бюджетидан ўтган йилнинг шу даврига таққослаганда 6 баробардан кўп ёки 7.6 трлн сўм маблағ қайтариб берилган.
Кўриниб турибдики, натижалар кутилган кўрсаткичлардан юқори ва бунга, аввало, дунё мамлакатлари қатори республикамизда ҳам кечаётган пандемия шароитига қарамай оқилона ва халқчил олиб борилаётган бошқарув сиёсати, шунингдек давлат ҳокимияти тизими ва барча давлат, нодавлат тузилмаларнинг ягона мақсад йўлида бирдамликда фаолият юритиши самарасида эришилмоқда, десак адашмаган бўламиз.
Бу эса 2030 йилгача бўлган даврда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Глобал кун тартибининг Барқарор ривожланиш мақсадларини изчил амалга ошириш бўйича юртимизнинг барқарор ривожланиш соҳасидаги Миллий мақсад ва вазифалари фуқароларимиз ҳаётида ўз рўёбини топаётганидан, жумладан ижтимоий ҳимояга ва моддий ёрдамга муҳтож қатламни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг ўз ҳуқуқ ва манфаатларини тўлақонли амалга оширишлари учун ҳуқуқий, иқтисодий, молиявий, моддий ва ижтимоий жиҳатдан амалий кўмаклашиш, ижтимоий адолат тамойили устуворлигини таъминлаш, камбағалликни қисқартириш, иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар, ижтимоий нафақалар, моддий ёрдам ва компенсация тўловларини ўз вақтида амалга ошириш имконияти тобора юқорилаб бораётганлигидан ҳамда бу барча жойларда аҳолининг кам таъминланганлик даражасини пасайтириш Миллий мақсадига эришиш борасидаги вазифаларга мос эканлигидан далолатдир.
Ялпи мажлисда кўриб чиқилган таълим муассасалари битирувчиларини иш билан таъминлашдаги долзарб муаммолар ҳам ҳозирги кунда нафақат давлат, балки бутунжаҳон миқёсидаги муҳим масалалардан ҳисобланади. Зеро, таълим даргоҳларини битирганларни адолатли меҳнат шароитларидаги иш билан таъминлаш ҳам Барқарор ривожланиш мақсадларида ўз аксини топган.
Шу боисдан, Ўзбекистоннинг 2030 йилгача барқарор ривожланиш соҳасидаги самарали бандликни ошириш ҳамда эркаклар ва хотин-қизларни муносиб иш билан таъминлаш асосида барқарор ва умумқамровли иқтисодий ўсишга кўмаклашиш Миллий мақсадига эришишда ёшларни барқарор ва самарали бандлик ҳамда муносиб иш билан таъминлаш алоҳида вазифа этиб белгилангани бежиз эмас.
2020 йил 20 октябрда қабул қилинган “Аҳоли бандлиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонунида ҳам ёшларни, айниқса қишлоқ жойлардаги ёшларни, умумий ўрта ва ўрта махсус таълим ташкилотлари, касб-ҳунар мактаблари, касб-ҳунар коллежлари, техникумлар, олий таълим муассасалари битирувчиларини ишга жойлаштиришни таъминлаш бўйича чораларни амалга ошириш масаласи аҳоли бандлиги соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишларидан бири сифатида алоҳида белгиланган.
Мажлисда бу борада эришилган натижалар баробарида битирувчилар бандлигини таъминлаш борасида сенаторлар томонидан олий ва профессионал таълим муассасалари битирувчиларини ўқув-ишлаб чиқариш амалиётига жалб қилиш тизимини тубдан қайта кўриб чиқиш, тадбиркорлик субъектлари томонидан олийгоҳларга буюртмалар бериш амалиётини йўлга қўйиш, ривожланган давлатлар илғор тажрибасини ўрганган ҳолда хусусий секторда кадрларни ишга жойлаштириш бўйича субъектлар фаолиятини рағбатлантириш тизимини жорий этиш, хорижда вақтинчалик меҳнат фаолияти билан банд бўлган фуқароларнинг иш шароитлари, ижтимоий ва яшаш-турмуш таъминоти, чет эллик иш берувчилар билан тузиладиган меҳнат шартномаларининг ҳуқуқий жиҳатлари ва бошқа масалаларда ёрдам кўрсатиш тизимини яхшилашга алоҳида эътибор қаратиш каби қатор тавсиялар илгари сурилди.
Юқоридаги масалалар юзасидан Олий Мажлис Сенатининг тегишли қарорлари қабул қилинди.

Видеоконференцалоқада сенаторлар, Вазирлар Маҳкамаси мутасаддилари, вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралари раҳбарлари, Сенат ҳузуридаги Ёшлар парламенти аъзолари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари офлайн ва онлайн тарзда иштирок этди.
Шунингдек, ялпи мажлисда Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти директори Фозилжон Отахонов қатнашди.
Ялпи мажлис эртага, 30 сентябрь куни ўз ишини давом эттиради.
Б.Собиров,
Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик
муаммолари ва парламент тадқиқотлари
институти етакчи илмий ходими