Айни кунларда барча идора ва ташкилотларда “1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни” муносабати билан байрам тадбирлари ўтказилмоқда.
Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институтида ҳам бугун шундай байрамона тадбир ташкил этилди.
Анжуманни Институт директори, юридик фанлар доктори, профессор в.б. Фозилжон Отахонов кириш сўзи билан очиб, барча ходимларни ва улар тимсолида оила аъзоларини айём билан қутлади ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон ўқитувчи ва мураббийларига байрам табриги моҳиятини етказди.
Таъкидланганидек, устозлар, давлат раҳбари таъбири билан айтганда, дунёдаги энг бебаҳо бойлик ва боқий меросни яратиш, уни халқимизга, униб-ўсиб келаётган ёш авлодимизга безавол етказиш йўлида чинакам фидойилик кўрсатиб меҳнат қилаётган улуғ инсонлардир. Бу улкан бойлик – ақл-заковат ва илм, бу ўлмас мерос – яхши тарбиядир.

Охирги йилларда таълим-тарбия ва илм-фан жабҳалари давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланиб, туғилганидан то камолотга етгунига қадар инсонни ҳуқуқий, иқтисодий, молиявий, моддий, ижтимоий қўйингки, ҳар томонлама қўллаб-қувватлайдиган, ўз қобилияти ва салоҳиятини тўла намоён этишга тенг шароитларда имкон берадиган ва ҳаётда муносиб ўрин эгаллашига хизмат қиладиган тизим йўлга қўйилмоқда.
Яна бир жиҳати, мамлакатимизда инсон капиталига бўлган эътибор тобора кучаймоқда, бу борада шахсан давлат бошлиғи ташаббуси ва бевосита раҳнамолигида муҳим дастурлар қабул қилиниб, улкан ва улуғвор ишлар амалга оширилмоқда.
Дарҳақиқат, беш йил аввал республикамизда мавжуд бўлган 5 минг 211 та боғча сони ҳозирга келиб 19 минг 316 тага, қамров 62 фоизга ва 6 ёшдаги болалар ўртасида эса 77 фоизга етгани, Президент ва ижод мактаблари, ихтисослашган мактаблар каби янги турдаги ва сифат босқичидаги энг замонавий билим даргоҳлари жорий этилгани, охирги беш йилда чет давлатларнинг нуфузли олийгоҳлари билан ҳамкорликда 67 та янги университет ва институтлар ҳамда филиаллари барпо этилгани, шу жумладан энг сўнгги стандартлар асосида ташкил этилган Янги Ўзбекистон университети жорий ўқув йилидан фаолият бошлагани, бугун ўлкамизда олий таълим муассасалари сони 144 тага етиб, қамров даражаси 3 карра ортгани таълим-тарбия ва илм-фан соҳасидаги ислоҳотлар кўлам жиҳатидан нақадар кенг қамровли эканлигини ҳамда олис истиқболни кўзлаб амалга оширилаётганлигини яққол кўрсатиб турибди.
Ф.Отахонов сўзида давом этар экан, Президент боғча тарбиячиси, мактаб муаллими, олийгоҳларнинг профессор-ўқитувчилари ва илмий-ижодий зиёлиларни бугун биз интилаётган Учинчи Ренессанснинг тўрт таянч устуни деб эътироф этганига алоҳида тўхталиб, бу тўрт асосни чамбарчас боғлаб турувчи кўринмас ришта моҳияти ҳақида ҳаётий мисоллар билан атрофлича мушоҳада юритди.

Ўз навбатида, бу эътибор ва ғамхўрлик намуналари Институт илмий ходимлари зиммасига улкан масъулият юклашини ва илм-фан тараққиёти йўлида янада шижоат билан меҳнат қилишга ундашини алоҳида таъкидлади.
Ф.Отахонов ўз нутқида Институт илмий-ижодий зиёлиларидан – юридик фанлар доктори, профессор Алимжон Акилов, юридик фанлар доктори Хайрулло Рузметов, юридик фанлар номзоди Гулноза Саттарова, юридик фанлари номзоди Саидахмад Ишанходжаев ва юридик фанлар бўйича фалсафа доктори (PhD) Валишер Давлятовларни, уларнинг илм-фан ривожидаги ҳиссасини ҳамда инсонийлик фазилатларини алоҳида тилга олиб, ёш ходимларга улардан ўрнак олишлари ва ўз билимлари устида мунтазам ишлашлари тўғрисида ўз ўгитларини бериб ўтди.
Тадбир давомида сўз олган бўлим бошлиғи Дмитрий Рахманов, бош илмий ходим Айбек Ганибаев ва бош илмий ходим, Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламенти раиси Шахноза Жолдасовалар ҳамкасбларни байрам билан табриклаб, устозларнинг инсон камолотидаги бебаҳо ва беминнат хизматлари ҳақида фикр юритдилар.
Зебинисо Шербоеванинг назм гулшанидан янграган мавзуга доир ашъор эса йиғилган ижод аҳлининг адабиётга ошуфта қалбларини тўлқинлантириб юборди.
Тадбирда байрам муносабати билан рағбатлантирилганлар эълон қилиниб, уларнинг келгуси ишларига муваффақиятлар тиланди.
Б.Собиров,
Қонунчилик муаммолари институти