Боқий қаҳрамонлар – Парламент тадқиқотлари институти
Янгиликлар

1 октбярь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни.

Бу кун 1997 йилдан буён ҳар йили умумхалқ байрами сифатида нишонлаб келинади. Муаллимларга бўлган ҳурматимизни билдириш учун фақат бир куннинг ўзи кифоя қилмаса-да, лекин бу уларга бўлган юксак эътиборнинг рамзий намунасидир. Аслида эса улар ҳамиша халқимиз эъзозида ва ардоғидадир.

Айниқса, охирги беш йилда Президентимиз томонидан давлат ва жамиятнинг бутун тизимида амалга оширилгани сингари таълим-тарбия ва илм-фан соҳаларидаги ислоҳотлар баробарида мазкур жабҳалар намояндаларига ҳам мислсиз эътибор ва ғамхўрлик кўрсатилиб, бу жараён тобора юксаклик касб этиб бормоқда.

 

Давлатимиз раҳбарининг куни кеча Ўзбекистон ўқитувчи ва мураббийларига байрам табригида ҳам инсон камолоти ва Ватан тараққиётининг асоси бўлган таълим-тарбия ва илм-фанни ҳаракатлантирувчи устозларга, уларнинг қадри ва шаънига бўлган юксак эҳтиромнинг шоҳиди бўлдик. Зотан, боғча тарбиячиси, мактаб муаллими, олийгоҳларнинг профессор-ўқитувчилари ва илмий-ижодий зиёлилар бугун биз интилаётган Учинчи Ренессанснинг тўрт таянч устуни деб эътироф этилди.

Шу ўринда айтиш керакки, бу айём том маънода устозларнинг шодиёнасидир. У косиблик ё сартарошликми, амалий иш ё илми-урфон, ошпазлик ё тикувчилик, IT соҳаси ёки деҳқончилик бўладими қўйингки, барчасида ўз ишининг асл эгаларини ўша соҳанинг устозлари шакллантиради.

Устозларда ҳалоллик, садоқат, ватанпарварлик, камтарлик, софдиллик, маънавий баркамоллик, поклик каби қатор олий инсоний фазилатлар мужассам. Қолаверса, устозлар бутун умри, меҳри ва меҳнатини шогирдларига фидо қиладиган, эвазига шогирдидан заррадек нарсани ҳатто умид ҳам қилмайдиган, улардан асло ранжимайдиган ва доим шогирд камолоти учун минг ўлиб-тириладиган фозил инсонлардир.

Беқиёс психолог ва бошқарувчи. Ҳа, ҳар бир ўқувчиси қанақа бўлганлигини, қандай ўзига хос ҳислатлари ва камчиликлари борлигини фақат устозгина яхши билади ва қоғозга қарамасдан ёддан айтиб бера олади. Устозларнинг ўзи ўқитган ўқувчиларининг феъл-атвори, ўқиш даврида кўрсатган “каромати” ва алоҳида жиҳатларини орадан 60 йил ўтиб ҳам сўраб кўринг, ҳар бири ҳақида соатлаб гапириб беради. Бунга кўча-кўйда, тўй-маърака ёки байрамларда учрашиб қолган устоз-шогирд суҳбатларида ҳам кўп гувоҳи бўлганмиз.

Ўз навбатида, таълим-тарбия бериш борасида устозлар шогирдларининг ҳар бирига уларнинг салоҳияти ва шахсига оид жиҳатларини инобатга олган ҳолда алоҳида ёндашади, қайсинисигадир юмшоқлик, “дангасалик томири уриб қолган”ларига эса бемисл меҳр ва жонкуярлик туйғуси яширинган қаттиққўллиқ билан ўқиш-ёзишга қизиқтиради, билим ва ҳаётдан сабоқ беради.

Шу тобда катта ёшдаги икки аёл устозимнинг суҳбати ёдимга тушди, яъни ҳаётимнинг қайсидир кунида улардан бири иккинчисига қўққисдан:

– Қаранг, қишлоқда ҳам ҳеч кимдан кам бўлганингиз йўқ-ку, лекин шу илмингиз ва билимингиз билан ҳозиргача докторликни ёқлаб, соҳангиз бўйича дунё кезган бўлардингиз. Ахир ёшлигингизда шундай орзуларингиз бўларди-да, – деб қолди.

Шунда суҳбатдоши:

– Ҳақсиз, ўртоқжон, шунақа ниятларим бўлганди. Қаранг, ҳозир минглаб шогирдларимни учирма қилдим. Улардан қанчаси давлат ишида халқ хизматида кеча-ю кундуз елиб юрибди, нечтаси бизнесмен, билим масканларида мен сингари таълим бераётганлари қанча, эҳ-ҳе, яна қанча ўқувчим илм йўлида изланмоқда, яна қанча-қанчаси дунё кезиб юрибди. Ана улар менинг орзуларим рўёби эмасми?! Иш билан бўлиб қишлоқдан нарига чиқолмаган бўлсам ҳам ҳар бир шогирдимнинг ютуғида дилимдаги ҳар битта орзуимнинг рўёбини кўраман. Улар иш билан бўлиб сизу бизни йўқлашга ҳар доим ҳам вақт тополмаслиги мумкин, лекин айримлари қўнғироқ қилиб, ҳол сўраганда худди болам билан гаплашгандек бошим осмонга етади. Эслашмасаям майли, яхши юришса бўлди, – деб жавоб бергани ҳеч ҳам ёдимдан чиқмайди…

Мана шундай хизматини миннат қилмайдиган танти инсонлардир устозлар.

Шундай экан, устозларга ота-онадан бошқа тенг келадиган мақом борми?! Шу боисдан ҳам “Устоз – отангдек улуғ” деган пурмаъно нақл бежиз айтилмаган, деб ўйлайман.

Фикримни якунлаш арафасида ишонч билан айта оламанки, ҳозирги ахборот технологиялари асрида ҳар биримизнинг телефонимизда ҳатто боғча опамизнинг ҳам телефон рақами бор, шундай эмасми?!

Мактабдаги ва ундан кейинги таълим даргоҳларидаги қадрли ўқитувчиларимиз, қолаверса, бу ҳаётда қайсидир иш ёки юмуш билан бизга йўл-йўриқ кўрсатиб, устозлик қилган инсонлар билан, ҳеч бўлмаса, СМСлашиб ёки ижтимоий тармоқлар орқали ёзишиб, барчаларининг аҳволидан бирдек хабар олиб турамиз. Агар уларни йўқлашларимиз камайиб кетган бўлса ҳам, бу ишимиз кўплиги учун вақт тополмаётганлигимиздандир, асло эсимиздан чиқиб қолишгани учун эмас, тўғрими?!

Бугунги байрам муносабати билан ҳам биз шогирдлар биринчи устозларимиз – ота-она, ака-опа, ука-сингилларимиздан бошлаб, барча соҳалардаги ҳамма муаллимларимизни йўқладик, кўнгилларини кўтардик ва дуоларини олдик, десам хато бўлмайди (ўтганлари бўлса охиратлари обод бўлсин).

Фурсатдан фойдаланиб, барча устозларни бугунги байрамлари билан самимий қутлайман ва уларга эҳтиромимиз юксаклигини, уларни қалбимиздаги ота-онамизга ва Ватанимизга бўлган чексиз муҳаббатимиздек қадрлашимизни ҳеч қачон ёддан чиқармасликларини сўраб, сўзимни қуйидаги шеърим билан якунлаб қоламан:

Улуғликда ота мисоли,

Сабоғида жумлаи жаҳон.

Таълимидир ҳаёт тимсоли,

Олий мақом табаррук инсон.

 

Зиё урфон коинотида,

Луқмонидир бутун ер юзин.

Асли шогирд камолотида

Рўёбини кўрар орзусин.

Б.Собиров,

Қонунчилик муаммолари институти

етакчи илмий ходими

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan