Ўзбекистон ва Туркманистон: стратегик ҳамкорлик аввалги йилларга нисбатан муҳим жиҳатлари билан ажралиб туради – Қонунчилик муаммолари институти
Мақолалар Мақолалар Янгиликлар

Ўзбек ва туркман халқлари азал-азалдан энг ишончли дўст, яқин қўшни ва стратегик ҳамкор сифатида муштарак мақсадлар асосида яшаб келган. Ўзбекистонда туркманлар ва Туркманистонда ўзбеклар ҳамиша эъзозланиб, қадрланиб келинган. Шу сабабли, икки давлат ўртасидаги муносабатларнинг илдизи узоқ тарихга бориб тақалган ҳолда ўзаро ҳурмат ва ишонч асосига қурилган.

Мустақиллик йилларида Ўзбекистон Республикаси ва Туркманистон ўртасидаги стратегик ҳамкорликнинг ҳуқуқий асоси сифатида қатор тарихий ҳужжатлар имзоланди. Хусусан, «Ўзбекистон Республикаси билан Туркманистон ўртасида дўстлик, ҳамкорлик ва ўзаро ёрдам тўғрисида» 1996 йил 16 январдаги шартнома; «Ўзбекистон Республикаси билан Туркманистон ўртасида дўстлик, ўзаро ишончни мустаҳкамлаш ва ҳамкорликни ривожлантириш тўғрисида» 2004 йил 19 ноябрдаги шартнома; «Ўзбекистон Республикаси билан Туркманистон ўртасида дўстона муносабатларни ва ҳар томонлама ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш тўғрисида» 2007 йил 18 октябрдаги шартнома шулар жумласидан.

Cўнгги йилларда Ўзбекистоннинг ташқи сиёсат борасидаги ҳаракатлари янада ривожланмоқда. Бу борада, айниқса, Ўзбекистоннинг энг яқин стратегик ҳамкорларидан бири –  Туркманистон билан амалга оширилаётган ўзаро дўстлик алоқалари ҳақида сўз юритиш муҳим.

2017-2021 йиллар мобайнида икки дўст давлатлар ўртасидаги ижтимоий, иқтисодий, маданий-маърифий соҳалардаги алоқаларни янги босқичга кўтариш, ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш борасида тарихий ишлар амалга оширилди. Давлатимиз раҳбарининг саъй-ҳаракатлари билан биргина 2017 йилнинг ўзида Ўзбекистон билан Туркманистон ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 177 миллион долларни ташкил қилиб, ўтган даврдагига нисбатан 3 баробар ортиқни ташкил этган.

Шу ўринда айтиш жоизки, бугунги кунда мамлакатимизда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари орасида 206 мингдан зиёд туркманлар ҳам жонажон юртимиз тараққиёти йўлида меҳнат қилиб, ижод қилиб келмоқда. Бугунги кунда мамлакатимизда туркманларнинг миллий маданияти, тили, анъаналари ва урф-одатларини асраш ҳамда ривожлантириш мақсадида Республика туркман маданий маркази фаолияти учун барча имкониятлар ва шарт-шароитлар яратилган.

Сўнгги йилларда Ўзбекистон Республикасининг Туркманистон билан ўзаро дўстона ва стратегик ҳамкорлиги аввалги йиллардагига нисбатан қуйидаги уч муҳим жиҳати билан ажралиб туради:

биринчи, ҳамкорлик бугунги кун заруриятидан келиб чиққан ҳолда аниқ тармоқ, соҳа ва йўналишлар кесимида амалга оширилмоқда.

Хусусан, 2017-2021 йилларда икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик, айниқса,сиёсий, савдо-иқтисодий, илмий-техникавий, транспорт-коммуникация ва маданий-гуманитар соҳаларда янада кенгайтирилди;

иккинчи, стратегик шериклик муносабатлари шартномавий-ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамланиб, ўзаро мажбуриятларни таъминлаш борасидаги юксак масъулиятни англаш ва самарали бажариш учун туртки бўлмоқда;

учинчи, ўзаро манфаатли ҳамкорлик муҳим стратегик масалалар юзасидан ягона ва тўғри бўлган қарашларнинг шаклланишига сабаб бўлмоқда. Минтақада экологик вазиятни соғломлаштириш, Марказий Осиё сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш, ишончли ва хавфсиз транспорт йўлакларини яратиш, Марказий Осиёда ядро қуролидан ҳоли зона тўғрисидаги шартнома доирасида ҳамкорлик каби масалалар шулар жумласидандир.

Шунингдек, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон ва Туркманистон Республикалари ўртасидаги ҳамкорликнинг қуйидаги муҳим жиҳатлари ва йўналишларига алоҳида эътибор қаратмоқ лозим:

Биринчидан, Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасидаги стратегик ҳамкорлик янги босқичга кўтарилди.

Жумладан, 2017 йил 1 июнь куни Ўзбекистон Республикасининг «Ўзбекистон Республикаси билан Туркманистон ўртасида стратегик шериклик тўғрисида шартномани (Ашхобод, 2017 йил 6 март) ратификация қилиш ҳақида»ги қонуни қабул қилинди.

Мазкур стратегик шериклик тўғрисидаги шартнома аввалгиларининг мантиқий давоми сифатида:

ўзбек-туркман ҳамкорлигининг замонавий шароитларга мутаносиб равишда сифат жиҳатидан янги даражага кўтарилиши; 

долзарб халқаро муаммолар юзасидан мунтазам фикрлар алмашиш, позицияларни ўзаро келишиш асносида стратегик шерикликнинг мустаҳкамланиши;

ўрта ва узоқ муддатли иқтисодий ҳамкорлик дастурларининг ишлаб чиқилиши;

икки давлат тадбиркорлари ўртасида икки томонлама ҳамкорликнинг изчиллик билан ривожлантирилиши;

ўзаро товар айланмаси, маҳсулот ва хизматлар етказиб бериш ҳажмининг кўпайтирилиши;

трансмиллий уюшган жиноятчилик, хавфсизликка янги таҳдид ва хуружларга қарши биргаликда курашиш учун муҳим ҳуқуқий асосларни белгилаб берганлиги билан аҳамиятга эга.

Иккинчидан, икки давлат раҳбарларининг олий даражадаги учрашувлари ва музокараларида кўтарилган муҳим масалалар ўзбек ва туркман халқларининг ҳаётида ҳақиқатдан ҳам ўз ифодасини топмоқда.

Муҳтарам Президентимиз фаолиятининг илк даврларидан эътиборан Туркманистон билан дўстона алоқаларни янада ривожлантириш масаласига алоҳида эътибор қаратди. Биргина 2017 йилнинг ўзида давлатимиз раҳбарининг Туркманистонга 3 маротаба давлат ва амалий ташрифлари амалга оширилди.

Хусусан, Президентимизнинг 2017 йилнинг 6-7 март кунлари Туркманистонга қилган илк давлат ташрифи икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик соҳасида туб бурилиш ясади. Ташриф якунига кўра, икки давлат раҳбарлари бошчилигида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов Қўшма баёнотни, Ўзбекистон Республикаси ва Туркманистон ўртасида стратегик шериклик тўғрисидаги шартномани имзоладилар. Тегишли вазирлик ва идоралар ўртасида 2018-2020 йилларда иқтисодий ҳамкорлик тўғрисидаги шартнома, темир йўл транспорти соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантиришга оид меморандум, 2017-2019 йилларга мўлжалланган маданий-гуманитар ҳамкорлик дастури, 2017-2018 йилларда ташқи ишлар вазирликлари ўртасидаги ҳамкорлик дастури, Ўзбекистондан Туркманистонга қишлоқ хўжалиги техникалари ва кимё маҳсулотлари етказиб бериш тўғрисидаги шартномалар, Хоразм вилояти билан Дашовуз вилояти, Бухоро вилояти билан Лебап вилояти ҳокимликлари ўртасида савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорлик тўғрисида битимлар имзоланган эди.

Шундан сўнг, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 24 августдаги, 2019 йил 10 октябрдаги, 2021 йил 29 апрелдаги Туркманистонга қилган амалий ташрифлари давомида ҳам Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш, кўп қиррали ҳамкорлик ва минтақавий шерикликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинган эди.

Шунингдек,Туркманистон Президентининг 2018 йил 23-24 апрель кунлари Ўзбекистон Республикасига давлат ташрифи ҳам дўстлик муносабатлари ва стратегик шерикликни ривожлантиришда муҳим воқеа бўлган эди. Ташриф давомида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг Қўшма баёноти имзоланди.

Бундан ташқари, ташриф давомида икки давлат ўртасида 17 та ҳукуматлараро ва идоралараро ҳужжатлар, шунингдек, умумий қиймати 250 млн. АҚШ долларидан ортиқ бўлган савдо шартномалари ва битимлари пакети имзоланди. Ушбу ҳамкорлик халқларимиз ҳаётида ўз ифодасини топиши мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 19 октябрдаги «Туркманистон Президентининг Ўзбекистон Республикасига давлат ташрифи якунлари бўйича имзоланган шартномалар ва битимларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Тан олиб айтиш керакки, ушбу ҳужжатлар асосида амалга оширилган ишларнинг натижасини бугун икки давлат халқлари ўз ҳаёти ва тақдирида ҳис этмоқда десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз.

Мазкур ҳужжатлар мисолида ҳам кўриш мумкинки, Ўзбекистон ва Туркманистон энг ишончли ҳамкорлар сифатида тарихий дўстлик алоқаларини янада ривожлантиришдан бирдек манфаатдордир.

Учинчидан, Ўзбекистон Республикаси ва Туркманистон парламентлари ўртасида ҳамкорлик алоқалари мустаҳкамланди.

2020 йилнинг 10 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгашининг ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Туркманистон Межлиси билан ҳамкорлик бўйича парламентлараро гуруҳини ташкил этиш тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Ҳозирги вақтда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Туркманистон Межлиси билан ҳамкорлик бўйича парламентлараро гуруҳи томонидан фаол амалий ҳаракатлар амалга оширилмоқда.

Тўртинчидан, сўнгги йилларда савдо-иқтисодий соҳадаги ўзаро ҳамкорлик шартномавий-ҳуқуқий жиҳатдан янада мустаҳкамланди.

Шу асосда икки томонлама имтиёзлар ва савдо соҳасида ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш бўйича янги тартиблар жорий этилди. Айтиш керакки, Туркманистон эркин савдо режимини яратган ҳолда савдо-иқтисодий ҳамкорлик соҳасидаги битимлар имзоланган 10 та давлат сирасига киради.

Бешинчидан, икки буюк халқ ўртасидаги қадимий тарих ва маданиятга эътибор мутлақо ўзгарди.

Бир маконда муштарак мақсадлар асосида яшаб келган Ўзбек-Туркман халқларининг ўзаро уйғунликдаги этнографик маданиятини тарғиб этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 29 декабрдаги «Хоразм вилоятидаги «Ўзбек-Туркман дўстлик уйи» ва «Улли ҳовли» мажмуасини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори асосида Урганч тумани Ғойбу қишлоғи «Туркманлар» маҳалласи ҳудудидаги «Ўзбек — Туркман дўстлик уйи» ва «Улли ҳовли» мажмуасида жойлашган бино ва иншоотларни сақлаш ва келажак авлодга етказиш бўйича кўплаб саъй ҳаракатлар амалга оширилди.

Айтиш керакки, Муҳтарам Президентимиз ташаббуси билан Тошкент шаҳрида 2018 йил 23 апрель куни «Ашхобод» сайилгоҳи очилди, 2016 йил ноябрида мамлакатимизда Туркманистон маданияти кунлари,Туркманистон Президенти ташаббуси билан 2017 йил ноябрида Туркманистонда Ўзбекистон маданияти кунлари ўтказилди.

Бу ҳам икки қардош халқнинг ўзаро маданияти ва тарихига қаратаётган юксак эътиборининг намунасидир.

Олтинчидан, Туркманистон билан яқин қўшничилик ва оқилона ташқи сиёсатни амалга ошириш масаласи йиллик давлат дастурлари ва стратегик режаларда алоҳида назарда тутилмоқда.

Жумладан, «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили»да амалга оширишга оид давлат дастурининг:  97-бандига асосан «мамлакатимиз транспорт-логистика тармоғини ривожлантириш ва халқаро коридорларга интеграциялаш мақсадида Туркманистон билан юк ташувларини ташкил этган ҳолда республиканинг транзит салоҳиятини ошириш» ҳамда «Ўзбекистон-Туркманистон-Эрон-Уммон» йўналишидаги транспорт йўлакларини ривожлантиришга эришиш;

272-бандига мувофиқ, Марказий Осиё мамлакатлари, хусусан, Туркманистон билан олий ва юқори даражада ўзаро ташрифларни ташкил этиш орқали яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлаш йўлидаги мавжуд тўсиқларни биргаликда ҳал этишга эришиш кўзда тутилган.

Давлатимиз раҳбарининг таклифига биноан Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг амалга оширилаётган расмий ташрифи икки давлат учун юқоридаги устувор мақсад ва вазифаларни рўёбга чиқариш баробарида:

биринчи, жорий йилнинг 6-7 август кунлари Туркманистоннинг Аваза шаҳрида бўлиб ўтган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг учинчи маслаҳат учрашувида кўтарилган икки қардош халқнинг ҳаёти ва тақдири учун муҳим бўлган устувор масалаларни яна бир бор муҳокама қилинишига;

иккинчи, асрлар мобайнида шаклланиб келган дўстлик ришталарининг янада мустаҳкамланишига;

учинчи, халқаро сиёсат майдонида юзага келаётган долзарб масалалар юзасидан фикрлар алмашинишига;

тўртинчи, ўзбек-туркман халқлари ўртасидаги аҳиллик ва ўзаро ҳурмат туйғуларининг янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши, шубҳасиз.  

Акбаршоҳ ТEШАБОЕВ,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти бўлим бошлиғи,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламенти раисининг ўринбосари

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan