БМТ Глобал аксилтеррор стратегиясининг Марказий Осиё бўйича истиқболлари – Қонунчилик муаммолари институти
Мақолалар Мақолалар Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси ташқи сиёсатининг халқаро ҳамкорлик борасидаги асосий хусусиятларидан бири терроризмга қарши курашиш масаласи ҳисобланади.

Ҳозирги кунда Ўзбекистон Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг терроризмга қарши кураш бўйича 13 та конвенцияси ва протоколларига қўшилган. Алоҳида таъкидлаш жоизки, давлатимиз биринчилар қаторида БМТнинг Терроризмга қарши глобал стратегиясини қўллаб-қувватлаган.

2011 йилда Марказий Осиё давлатлари БМТнинг терроризмга қарши кураш глобал стратегиясини амалга ошириш бўйича Қўшма ҳаракатлар режасини қабул қилди. Марказий Осиё ушбу ҳужжатнинг кенг қамровли ва ҳар томонлама бажарилиши бошлаб берилган биринчи минтақа бўлди.

Бу йил БМТнинг Терроризмга қарши кураш глобал стратегиясини амалга ошириш бўйича Бирлашган Ҳаракат қабул қилинганига ўн йил тўлди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида сўзлаган нутқида 2021 йили Тошкент шаҳрида ушбу муҳим санага бағишланган халқаро конференцияни ўтказишни таклиф қилди.

Маълумот ўрнида айтиш керакки, БМТнинг Терроризмга қарши ҳамда Гиёҳвандлик ва жиноятчилик бўйича бошқармалари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимларига терроризм, экстремизм, уюшган жиноятчиликка қарши курашиш ва терроризмни молиялаштириш бўйича босқичма-босқич ўқув курсларини ўтказиш механизми яратилди.

Ушбу ҳамкорликнинг асосий принциплари қуйидагилар ҳисобланади:

биринчидан, замонавий таҳдидларга фақат халқаро ҳамкорликнинг жамоавий механизмларини мустаҳкамлаш, икки томонлама стандартларни қўллаш имкониятини истисно этадиган изчил чора-тадбирларни қабул қилиш орқали самарали қарши туриш мумкин;

иккинчидан, таҳдидларнинг оқибатларини эмас, балки уларнинг сабабларини бартараф этишга устувор аҳамият берилиши керак. Халқаро ҳамжамият ёшлар онгида нафрат мафкурасини тарбиялаётган ва бўлажак террорчиларни шакллантириш учун конвейр яратадиган радикал ва экстремистик марказларга қарши курашга ўз ҳиссасини қўшиши муҳим;

учинчидан, тобора кучайиб бораётган терроризм таҳдидларига жавоб кенг қамровли бўлиши ва БМТ бу соҳада дунёда асосий координатор ролини бажариши керак.

Ўзбекистон Республикаси Президенти халқаро ташкилотлар – БМТ, ШҲТ, МДҲ ва бошқа давлатлар минбарларидан чиқишларида бу ҳодисага қарши глобал миқёсда курашиш учун ҳамкорликни кучайтириш зарурлигини бир неча бор таъкидлаган.

Биргина 2020 йил якунлари бўйича қуйидаги йўналишларда ташаббуслар илгари сурилди:

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Терроризмга қарши глобал стратегияси Марказий Осиёда амалга оширилишининг 10 йиллигига бағишланган халқаро конференцияни ташкил этиш;

МДҲ Антитеррористик маркази доирасида дерадикаллаштириш соҳасидаги ҳамкорлик дастурини амалга ошириш;

ШҲТ Минтақавий аксилтеррор тузилмасини Ташкилот маконида хавфсизликни таъминлаш бўйича тубдан янги вазифаларни ҳал қилишга мослаштириш.

Юқоридагилардан хулоса қилиб айтадиган бўлсак, ушбу халқаро конференциянинг ўтказилиши ўтган даврдаги иш натижаларини сарҳисоб қилиш, шунингдек, ўзаро муносабатларнинг янги устувор йўналишларини аниқлаш ва экстремизм таҳдидларига қарши курашиш борасидаги минтақавий ҳамкорлик ривожида янги босқични бошлаб беради.

Ишанходжаев Саидахмад Акрамович,

Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти Иқтисодиёт ва тадбиркорлик соҳасида тадқиқотлар бўлими бош илмий ходими, юридик фанлар номзоди

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan