Глобал таълим форуми: Глобал ҳаракатларга ёшларни жалб этишдаги янги муҳим қадам – Қонунчилик муаммолари институти
Мақолалар Янгиликлар

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Ёшлар стратегиясида таъкидланганидек, ёшлар – бу энг қимматли ҳамда ўта муҳим ресурс бўлиб, унга ҳар қанча инвестиция киритса арзийдиган ва бу сармоялар бир неча баробар зиёда бўлиб қайтадиган қатлам ҳисобланади.

Дарҳақиқат, фуқароларининг ярмидан кўпини ёшлар ташкил этадиган мамлакатимизда ҳам ёшларга оид давлат сиёсати энг муҳим йўналишлардан бири ҳисобланади.

Бугун республикамизда изчил амалга оширилаётган ёшлар сиёсати кенг чегара ошиб, халқаро майдонда ҳам жадал давом этмоқда. Президентимиз Ш.Мирзиёев халқаро минбарларда ҳам умумжаҳон миқёсида ёшлар муаммолари ечимига, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш масалаларига дунё ҳамжамияти эътиборини қаратмоқда.

Хусусан, 2017 йилнинг 19 сентябрида Давлатимиз раҳбари БМТ Бош Aссамблеяси минбаридан туриб ёшлар ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилувчи механизмни ташкил этишда БМТнинг “Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисида”ги халқаро Конвенциясини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш ғояси билан чиққанликлари ҳеч биримизга сир эмас.

Шу муносабат билан 2020 йилнинг 12-13 август кунлари Самарқанд шаҳрида ўтказилган “Ёшлар-2020: глобал ҳамжиҳатлик, барқарор тараққиёт ва инсон ҳуқуқлари” мавзусидаги халқаро форуми, жорий йилнинг 12-13 август кунлари Тошкент шаҳрида “Глобал ҳаракатларга ёшларни жалб қилиш” мавзусида ёшлар ҳуқуқлари бўйича бутунжаҳон конференцияси ўтказилганини алоҳида таъкидлаш жоиз.

Шунингдек, жорий йилнинг 22 февраль куни БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 46-сессиясидаги нутқида Ёшлар ҳуқуқлари бўйича махсус маърузачи институтини таъсис этиш ташаббуси илгари сурилди.

 “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар” мавзусидаги халқаро конференцияда эса давлатимиз раҳбари томонидан ёшлар масаласида самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадида доимий фаолият юритадиган Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатлари ёшлари кенгашини тузиш таклиф қилинди.

Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг учинчи Маслаҳат учрашувида билдирилган келгуси йилда Ўзбекистонда Марказий Осиё ёшлари форумини ўтказиш таклифи мамлакатларимиз ёшлари ўртасида ўзаро ишонч ва дўстликни янада мустаҳкамлаш, интерфаол мулоқотни йўлга қўйиш учун ягона платформани шакллантиришда муҳим қадам бўлди.

Шу ўринда, Президентимиз томонидан БМТ Бош Aссамблеясининг
76-сессиясида Ўзбекистонда – қадимий Самарқанд шаҳрида мунтазам ўтказилаётган Инсон ҳуқуқлари мулоқотлари доирасида Глобал таълим форумини ташкил этиш борасидаги ташаббуслари юқорида келтирилган улуғвор саъй-ҳаракатларнинг мантиқий давоми бўлди.

Қайд этиш жоизки, ёшларнинг сифатли таълим олишлари ва бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш масалалари нафақат мамлакатимиз, балки дунё ёшлари учун ҳам долзарб саналади. Глобал таълим форуми эса бу йўналишда дунё давлатлари ёшларига ўзаро тажриба алмашиш ҳамда илғор хорижий амалиётни, жумладан тенгдошларидан ўзлаштириш имконини беради. Шу билан бирга, бундай форумларнинг доимий равишда ўтказилиши турли юртлардаги ёшлар ўртасида бирдамлик, ишонч ҳамда бағрикенгликка асосланган барқарор муносабатларнинг ўрнатилиши ва бу, ўз навбатида, халқаро ҳамкорликнинг келгуси тараққиёти учун ҳам аҳамиятли эканлиги билан диққатга сазовордир.

Бир сўз билан айтганда, Президентимизнинг мазкур ташаббуслари дунё ёшларининг асосий ҳуқуқларини таъминлашда, бу борада жаҳон ҳамжамиятининг баҳамжиҳат ва глобал миқёсда фаолият олиб боришида янги босқични бошлаб беришга хизмат қилади.

 

 

Шахноза Жолдасова,

Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти бош илмий ходими,

Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламенти раиси

 

 

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan