Парламент комиссияси мажлиси бўлиб ўтди – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

2021 йил 8 октябрь куни Ўзбекистон Республикасини барқарор ривожлантириш соҳасидаги миллий мақсадлар ва вазифаларнинг 2030 йилгача бўлган даврда амалга оширилишини назорат қилиш бўйича Парламент комиссияси мажлиси бўлиб ўтди.

Тадбирни Олий Мажлис Сенати Раиси, Парламент комиссияси Ҳамраиси Т.Нарбаева кириш сўзи билан очиб берди.

Мажлисда Парламент комиссияси, 2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифаларни амалга ошириш бўйича Мувофиқлаштирувчи кенгаш аъзолари, БМТ тузулмаларининг Ўзбекистондаги ваколатхоналари раҳбарлари, вазирлик ва идоралар, таълим муассасалари масъуллари ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари иштирок этди.

Йиғилишда Барқарор ривожланишнинг 4-мақсади – Умумқамровли ва адолатли сифатли таълимни таъминлаш ҳамда барчага бутун умри давомида таълим олиш имкониятини рағбатлантириш борасида мамлакатимизда, шу жумладан Самарқанд вилоятида олиб борилаётган ишлар муҳокама қилинди.

Таъкидлаш жоизки, сўнгги беш йил давомида таълим тизимини такомиллаштиришга қаратилган муҳим қонун ҳужжатлари, хусусан, мактабгача таълим, халқ таълими ҳамда олий таълим тизимини 2030 йилга қадар ривожлантиришга қаратилган концепциялар қабул қилинди.

Қайд этилганидек, олиб борилган ислоҳотлар натижасида болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш даражаси 2017 йилда 27,7 фоиздан 2021 йилга келиб 62,4 фоизга ортди.

Мактабгача таълим тизимида мутлақо янги йўналиш – давлат-хусусий шерикчилик асосидаги, хусусий, нодавлат ва оилавий таълим ташкилотлари фаолияти йўлга қўйилди. Натижада мактабгача таълим ташкилотлари сони қарийб тўрт бараварга ортди. Таълимга жалб этилган болаларнинг 25 фоизи нодавлат мактабгача таълим ташкилотларида тарбия олмоқда.

Болаларни умумий ўрта таълим билан қамров даражаси ҳам ортиб, 2016 йилда 9 680 та мактабда 4 млн 808 минг нафардан ортиқ ўқувчи таълим олган бўлса, 2021 йилга келиб мактаблар сони 10 008 тани, уларда таълим олаётган ўқувчилар сони эса 6 млн 236 минг нафардан ошди.

Сўнгги беш йилда мактабларни замонавий қиёфага келтириш, ўқувчилар учун қулай шарт-шароитларни яратиш мақсадида қурилиш-таъмирлаш ва жиҳозлаш ишлари кўлами сезиларли даражада ортди. Масалан, 2016 йилда 371 мактабга 379 млрд сўмдан ортиқ маблағ ажратилган бўлса, 2020 йилга келиб 505 та мактабга 1,7 трлн сўм маблағ йўналтирилди.

Ҳозирги глобаллашув ва бозор иқтисодиёти шароитида юксак салоҳиятли, билимли, масъулиятли, рақобатбардош кадрларни етиштириш ҳар қачонгидан ҳам долзарб масалага айланганлигини эътиборга олиб, ёшларни олий таълимга жалб қилиш даражаси ортди.

Масалан, 2016 йилда олий таълимнинг баклавриат босқичига қабул квотаси 58 022 тани ташкил этган бўлса, бугунга келиб ушбу кўрсаткич 148 114 тани ташкил этди.

Олий таълим муассасалари сони эса 2016 йилда 77 тадан ҳозирги кунга келиб 136 тага етди, 33 та хорижий олий таълим муассасаларининг филиаллари фаолияти йўлга қўйилди.

Таълим соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар бир қатор халқаро рейтингларда ҳам эътироф этилмоқда. Хусусан, БМТ томонидан 2020 йилда эълон қилинган Инсон камолоти индексида Ўзбекистон 189 та давлат орасида 106-ўринни, МДҲ республикалари ичида 8-ўринни эгаллаб, инсон тараққиёти даражаси юқори бўлган мамлакатлар қаторига кирган.

Мажлисда соҳада олиб борилаётган ижобий ишларга қарамасдан айрим камчиликлар сақланиб қолаётганлиги ҳам таъкидланди.

Хусусан, мажлисда таълим муассасаларидаги Кузатув ва Васийлик кенгашлари фаолиятини кучайтириш, мактабгача ёшдаги болаларни таълимга жалб этиш қамровини кенгайтириш, мактаблардаги ўқув-лаборатория хоналари моддий-техника таъминотини мустаҳкамлаш, ўқитувчиларни ишга қабул қилиш жараёнини очиқ ва шаффоф ташкил этиш, педагог ходимларни илмий фаолиятга кенг жалб қилишда йўл қўйилаётган камчиликлар муҳокама қилинди.

Йиғилишда Мактабгача таълим, Халқ таълими, Олий ва ўрта махсус таълим вазирликлари раҳбарларининг ахборотлари эшитилиб, таълим тизими билан боғлиқ барча масалалар парламентнинг доимий назоратида бўлиши қайд этилди.

Мажлисда Самарқанд вилояти мисолида аниқланган камчиликларни бошқа ҳудудлар масъуллари иштирокида яна бир карра муҳокама қилиш ва тегишли чора-тадбирларни белгилаш зарурлиги таъкидланди.

Тадбир давомида билдирилган фикр-мулоҳазалар ҳамда таклифлар асосида Парламент комиссиясининг тегишли қарори қабул қилинди.

www.senat.uz

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan