Ўзбекистонда инсон ҳуқуқ ва манфаатлари таъминланган – Парламент тадқиқотлари институти
Янгиликлар

Кеча Ўзбекистон учун тарихий кун ҳисобланади. Сабаби Ўзбекистон тарихида биринчи маротаба Ўзбекистон Президенти дунёнинг энг йирик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси бўлган ташкилот минбаридан сўзга чиқдилар. Бунинг биз учун жуда ҳам аҳамияти юксак.

Аввало, бу ташкилот 1946 йили  БМТ таркибида Ижтимоий-иқтисодий комиссия қошида тузилганини айтиш зарур. 2006 йилда у қайтадан тузилиб, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Кенгашига айлантирилди. Кенгашнинг энг асосий мақсади инсониятнинг барча ҳуқуқлари — сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий, диний — ҳамма соҳадаги ҳуқуқи ва эркинликларини таъминлашдан иборат. У дунёда нечта мамлакат бўлса, барча давлатларда мана шу соҳаларда олиб борилаётган ишларга баҳо беради, таҳлил қилади. Давлатларга ўз тавсияларини бериб боради.

Бундан 4-5 йил олдин Ўзбекистон бу ташкилотга яқин ҳам келолмасди. Негаки, унинг ўзига хос стандартлари бор. Улар шундан иборатки, масалан, дин эркинлиги, мажбурий меҳнат масалалари, гендер тенглиги, сўз эркинлиги, фуқаролик институтларини ривожлантириш каби масалалар шулар жумласидандир. Мана шу ҳамма стандартлар бўйича Ўзбекистон нафақат бу ташкилотга аъзо бўлиши у ёқда турсин, стандартлар бўйича қора рўйхатда турар эди. Айнан шу қора рўйхатда турганимиз учун ҳам мамлакатимизга кириб келаётган инвестицияларга хавф солинаётганди.

Ўзбекистон кўплаб танқидлар остида қолганди. Айтиб ўтиш керакки, фақатгина давлатимиз раҳбарининг очиқ-ошкоралик сиёсати, собитқадамлик билан олиб бораётган саъй-ҳаракатлари натижасида биз жуда қисқа муддатда — 4 йил ичида нафақат қора рўйхатлардан чиқишни, балки мана шу нуфузли ташкилотга тўлақонли аъзо бўлиб киришни ҳам уддаладик.

Яна бир муҳим жиҳатга эътиборингизни қаратмоқчи эдик. Кенгашга аъзоликка қабул қилиниши учун Ўзбекистон тўқсондан ортиқ давлатнинг овозини олиш талаб этиларди. Буни қарангки, юртимиз 169 та давлатнинг яширин овоз бериши орқали мана шу Кенгашга аъзо бўлди. Ваҳоланки, ана шу давлатнинг қайсиларидир қарши овоз бериши ҳам мумкин эди. Лекин бундай бўлмади.

Хўш, бу нимадан далолат беради? Бу, албатта, бугун юртимизда олиб борилаётган очиқлик сиёсати, қонунларимизнинг ташкилот стандартларига тўла жавоб бериши, уларнинг изчиллик билан амалиётга жорий қилинаётгани ва умуман, ижро органлари ва фуқаролик институтлари билан ҳамкорликда катта ишлар амалга оширилиб, салмоқли ютуқлар қўлга киритилаётганидан дарак беради. Бордию санаб ўтилган хайрли ишларда оқсоқлик бўлганида эди, давлатлар ижобий баҳоламаган бўларди ва табиийки, биз ушбу нуфузли Кенгашга аъзо бўлолмасдик.

Кези келганда ушбу халқаро тузилмага аъзолик юртимиз учун, халқимиз учун катта фахр ва шараф эканлигини таъкидламоқ керак. Айни чоғда бу биз учун катта манфаат келтиради. Биринчи навбатда, биз ўз тажрибамиз билан ўртоқлашамиз. Иккинчидан, дунёдаги ижобий тажрибаларни олиб, ўзимизда қўллаймиз.

Кенгаш сессиясида бошқа давлатлар орасида Ўзбекистон Президентига биринчи сўз берилиши ҳам бежиз эмас. Буни Ўзбекистонга, унинг етакчисига кўрсатилаётган катта ишонч ва ҳурмат ифодаси сифатида қабул қилдик. Аслида ҳам шундай. Олтмишдан ортиқ мамлакат Президентлари, Ҳукумат раҳбарлари ҳамда йирик халқаро ташкилотлар раҳбарлари иштирок этган бу анжуманда айнан Ўзбекистон Президентининг биринчи бўлиб сўзга чиқиши — бу бизнинг давлатимиз етакчисига, Ўзбекистонга бўлган юксак ҳурмат ва эътиборнинг яққол далилидир. Янги ғоя ва ташаббуслар илгари сурилган нутқнинг ўзбек тилида янграши ҳам ҳар бир юртдошимизга ғурур бағишлади десак айни ҳақиқат.

Аслида, инсон ҳуқуқлари соҳасида ҳам барча давлатларда янгидан-янги муаммолар, ечимини кутаётган масалалар бўй кўрсатаётганлигини айтиш зарур. Масалан, бундан ўн йил олдинги муаммолар бугун долзарблигини йўқотиб, янги таҳдидлар чиқяпти. Табиийки, бу дунё мамлакатларининг мазкур тузилма доирасида ҳамкорлик қилишини ва муаммоларни биргаликда муҳокама қилиб, якдил ечим ва ягона механизмни шакллантириб олишини талаб этмоқда. Шу маънода, ушбу Кенгашга аъзолик ўзаро тажриба алмашиш учун катта имконият эканлигини мамнуният билан таъкидлаш ўринлидир.

Давлатимиз раҳбари нафақат Ўзбекистонда қилинаётган ишлар, амалий натижалар ҳақида гапирибгина қолмасдан, бир қанча янги ташаббусларни илгари сурди. Аслида, биз ҳам, дунё жамоатчилиги ҳам Шавкат Мирзиёевдан янги ғоя ва ташаббусларни кутишга ўрганиб қолдик. Дарҳақиқат, БМТнинг 72 ва 75-сессияларида илгари сурилган ташаббуслар нафақат Ўзбекистон ёки Марказий Осиё, балки МДҲ давлатлари ва бутун дунё учун ҳам муҳимлиги билан ажралиб туради. Эътиборлиси, ташаббуслар шунчаки ўртага ташланиб қолаётгани йўқ, улар орқасидан асосли дастурлар ишлаб чиқиляпти, «йўл хариталари» шакллантириляпти.

Мазкур анжуманда Юртдошимиз инсон ҳуқуқлари соҳасида энг долзарб бўлган муҳим масалаларга тўхталиб ўтди ва қатор ташаббусларни илгари сурди.

Биринчи масала — Ўзбекистон Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишнинг қатъий тарафдори. Мамлакатда амалга оширилаётган барча ислоҳотлар, халқаро майдонларда илгари сурилаётган таклиф ва ташаббуслар Барқарор ривожланиш мақсадларининг “Ҳеч кимни эътибордан четда қолдирмаслик” тамойили билан ҳамоҳангдир.

Алоҳида эътиборга молик жиҳати — чиқишда имконияти чекланган, ногиронлиги бўлган фуқаролар масаласи тилга олиниши бўлди. Президент ўз чиқишида Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциянинг парламент томонидан ратификация қилиниши кутилаётганлигини алоҳида таъкидлаб ўтди.

Айтиш жоизки, мамлакатимизда ушбу Конвенцияни ратификация қилиш учун ҳуқуқий асосларимиз такомиллаштирилди. Ўтган йили “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди.

Буларнинг барчаси эса мамлакатда ҳар бир соҳада инсон ҳуқуқларини таъминлаш, уларнинг манфаатини ҳимоя қилиш борасида улкан эзгу ишлар олиб борилаётганлигини кўрсатади.

Умуман, давлатимиз раҳбарининг мазкур анжумандаги нутқи ҳар бир юртдошимиз қалбида катта ғурур уйғотди. Шу билан бирга, биз — парламент аъзолари, Ҳукумат вакиллари ва маҳаллий ҳокимликлар зиммасига улкан масъулият юклайди. Зеро, биз кейинги йилларда инсон ҳуқуқ ва манфаатлари кафолати йўлида улкан мақсадни олдимизга қўйганмиз. Мақсадга эса фақат ниятнинг ўзи билан эришиб бўлмаслиги, аксинча тинимсиз саъй-ҳаракат қилишимиз кераклиги кундай равшан ҳақиқат.

Мамлакатимиз етакчисининг чиқиши асосида, фуқаролик жамияти ва ОАВ вакилларини кенг жалб қилган ҳолда, биз ҳам ушбу йўналишларда ўз вазифаларимизни алоҳида белгилаб оламиз ва албатта, уларни амалга оширамиз.

 

Равшанбек АЛИМОВ
Сенатнинг Халқаро муносабатлар,
ташқи иқтисодий алоқалар,
хорижий инвестициялар ва
туризм масалалари қўмитаси раиси

 

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Ахборот хизмати

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan