“2030 йилгача мўлжалланган Барқарор ривожланиш мақсадлари мамлакатимизда ҳар бир инсоннинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлашни кўзда тутадиган “ҳеч кимни эътибордан четда қолдирмаслик” тамойили асосида амалга оширилади”.
Шавкат Мирзиёев
Маълумки, 2015 йил сентябрь ойида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг саммитида дунё раҳбарлари 2030 йилгача бўлган даврда Барқарор ривожланиш соҳасидаги кун тартибини ва 17 та ўзаро боғлиқ Барқарор ривожланиш мақсадларининг (БРМ) янги мажмуасини тасдиқладилар.
Ушбу муҳим ҳужжатларни қабул қилишнинг асосий мақсади жаҳон ҳамжамиятининг ўзаро боғлиқ глобаллашган дунёда мавжуд бўлган асосий, биргаликда аниқланган муаммоларни бартараф этиш бўйича фаол чораларни кўришга интилиши эди.
БРМлардан олдин БМТнинг яна бир муҳим халқаро ҳужжати – Мингйиллик ривожланиш мақсадлари (МРМ) қабул қилинган бўлиб, унда 8 та устувор мақсад, ушбу мақсадларга эришиш учун 21 та вазифа ҳамда белгиланган мақсад ва вазифаларни амалга ошириш учун самарадорлик ва сифатини аниқлашга имкон берадиган 48 та кўрсаткич кўрсатилган эди.
БРМлар янада кенг қамровли масалаларни ўз ичига олади: 17 та янги мақсадга эришиш учун 169 та вазифа белгиланди ва уларни амалга ошириш бўйича ўсиш суратлари янги (индикаторлар) кўрсаткичлар ёрдамида баҳоланади ҳамда уларнинг қўлланилиши устидан назорат таркибига миллий статистика хизматлари ва БМТ Статистика бўлими вакилларидан иборат БРМ кўрсаткичлари бўйича глобал идоралараро экспертлар гуруҳи томонидан амалга оширилади.
МРМни амалга ошириш тажрибаси ва сабоқларини ҳисобга олган ҳолда, БРМ кўрсаткичларидан мамлакатлар ўзларининг миллий кўрсаткичларини ишлаб чиқиш учун амалий восита сифатида фойдаланишлари кўзда тутилган эди. Шу билан бирга, ҳар бир мамлакат ўзининг Барқарор ривожланиш мақсадларини ва уларни амалга ошириш бўйича вазифаларни белгилаши, шунингдек миллий мониторинг жараёнларини енгиллаштириш учун миллий контекст асосида кўрсаткичларни, шу жумладан парламент томонидан, ишлаб чиқиши алоҳида қайд қилинган.
Ушбу тарихий ҳужжат кучга кирган биринчи кунлардан бошлаб, Ўзбекистон 2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш соҳасидаги Глобал кун тартибини ҳам, БРМларни амалга ошириш мажбуриятини ҳам олди. 2018 йил октябрь ойида барқарор ривожланиш соҳасидаги 16 та миллий мақсад ва 125 та вазифалар (кейинги ўринларда — миллий БРМ ва миллий БРВ деб юритилади) қабул қилинди. Ҳукумат даражасида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари раҳбарлигида идоралараро Мувофиқлаштирувчи кенгаш тузилди ва миллий БРМларни амалга ошириш учун тегишли “йўл харитаси” қабул қилинди.
Глобал кўрсаткичлар тизими асосида ва БМТ агентликлари билан яқин ҳамкорликда 200 га яқин БРМ кўрсаткичларининг миллий рўйхати тузилди. Унга Ўзбекистон учун тегишли деб эътироф этилган ва мамлакатнинг миллий устувор йўналишларини акс эттирувчи кўрсаткичлар кирди. БРМнинг миллий ҳисобот платформаси БРМ кўрсаткичлари бўйича маълумотларни мониторинг қилиш ва тарқатишнинг асосий воситаси ҳисобланади. Ушбу платформа мамлакатдаги БРМга эришишда мавжуд вазият тўғрисида маълумот тўплаш ва умумлаштириш учун ягона марказ ҳисобланади.
Бугунги кунга келиб унда деярли 119 та кўрсаткич бўйича маълумотлар жойлаштирилди. Қолган 80 кўрсаткич бўйича маълумотлар йиғилишини ташкил этиш бўйича ишлар олиб борилмоқда.
Ўтган даврда миллий БРМ ва БРВга эришиш бўйича олиб борилган ишлар нафақат ҳукумат, ижро этувчи ҳокимият органлари, балки ҳокимиятнинг барча тармоқларининг давлат органлари, энг муҳими, жамиятнинг барча қатламларининг, фуқаролик жамияти институтларининг саъй-ҳаракатларини бирлаштириш зарурлигини аниқ кўрсатиб берди.
Шуни инобатга олган ҳолда, 2020 йилда “2030 йилгача бўлган даврда Ўзбекистон Республикасини барқарор ривожлантириш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифаларни амалга оширилишини назорат қилиш бўйича Парламент комиссияси ташкил этилди ва унинг регламенти тасдиқланди. Парламент комиссиясининг ҳамраислари Сенат Раиси Т.Нарбаева ва Қонунчилик палатаси Спикери Н.Исмоилов ҳисобланади.
Бугун биз мамлакат парламенти – Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси ва Сенати мамлакатимизда Миллий мақсадлар ва барқарор ривожланиш мақсадларини амалга ошириш учун ҳақиқий “локомотив”га айланганлигини ишонч билан айтишимиз мумкин.
2017 – 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили»да амалга оширишга оид давлат дастурининг 3-банди ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Кенгаши ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Кенгаши қарорига асосан 23-24 июнь кунлари Бухоро шаҳрида «Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда парламентлараро глобал ҳамкорлик» мавзусидаги халқаро форум ўтказилганлиги парламентнинг бу борадаги фаолияти тизимли равишда йўлга қўйилаётганлигидан далолат беради.
БРМларни амалга оширишда эришилган асосий ютуқлар ва бунда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг ўрни қандай?
Биринчидан, миллий БРМ 1-мақсадига эришишда, яъни аҳолининг қашшоқлик даражасини босқичма-босқич қисқартиришда миллий БРВ 1.3-бандида ижтимоий ҳимоя тизимининг манзиллилиги ва самарадорлигини кучайтириш, ижтимоий ҳимоя хизматларининг сифатини ошириш, барча муҳтожларни ижтимоий ҳимоя чоралари билан тўлиқ қамраб олишга эришиш белгиланди.
Мамлакат парламенти ушбу мақсад ва вазифани амалга ошириш учун бир қатор қонуний чораларни кўрди. Масалан, Олий Мажлис палаталари томонидан 2016 йил октябрь ойида Ўзбекистон Республикасининг “Кексалар, ногиронлар ва аҳолининг бошқа ижтимоий эҳтиёжманд тоифалари учун ижтимоий хизматлар тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинди, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис палаталари томонидан қабул қилинган “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги Қонуни 2021 йилнинг 16 январдан, Ўзбекистон Республикасининг “Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида”ги Қонуни жорий йилнинг 21 январидан кучга кирди.
Ушбу қонунлар орқали ижтимоий хизматлар кўрсатиш шакллари, турлари ва ўзига хос тартибини белгилаб берилди, мониторинг, баҳолаш, шунингдек ушбу соҳадаги давлат ва жамоат назорати тизими жорий этилди.
БРМ 1-мақсадига эришиш учун Олий Мажлис Қонунчилик палатаси:
“темир дафтар”га киритилган эҳтиёжманд фуқароларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш масалаларини ўз мажлисларида мунтазам кўриб чиқиш амалиётини жорий этди;
парламент назорати бўйича бир қатор тадбирларни амалга оширди. Масалан, коронавирус пандемияси даврида аҳолининг энг заиф қатламларига, тадбиркорлик субъектларига ва бошқа тоифадаги фуқароларга имтиёзлар ва преференсиялар бериш ҳолатини ўрганиш учун депутатларнинг ҳудудларга сафари ташкил этилди. Олинган натижалар бўйича Бош вазир ўринбосари – Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирига фуқароларнинг қашшоқлик даражасини пасайтириш бўйича ишлар ҳолати тўғрисида парламент сўрови юборилди. Қабул қилинган маълумотларга кўра, Қонунчилик палатаси мажлисида Бош вазир ўринбосарининг ҳисоботи тингланди;
фуқароларнинг долзарб муаммоларини зудлик билан ҳал этиш мақсадида ҳар бир сайлов округида Қонунчилик палатаси депутатларининг сайёр қабуллари ташкил этилди.
Олий Мажлис Сенати ялпи мажлисда 2020-2022 йилларда Боёвут, Бўстон, Олот, Тўрақўрғон, Қарши туманлари ва Каттақўрғон шаҳрида ижтимоий-иқтисодий ривожланиш ва қашшоқликни камайтириш дастурларининг бажарилишини ўрганиш натижаларини муҳокама қилди.
Иккинчидан, парламент фаолиятидаги устувор йўналишлардан бири бу она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш, болаларнинг мажбурий меҳнатининг барча турларини йўқ қилишдир.
Шу мақсадда Олий Мажлис палаталари томонидан “Фуқароларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш тўғрисида” (03.11.2019й.), “Она сути билан озиқлантиришни қўллаб-қувватлаш ҳамда гўдаклар ва кичик ёшдаги болалар озиқ-овқат маҳсулотларига доир талаблар тўғрисида” (23.10.2019й.), “Болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги (08.09.2017й.) Ўзбекистон Республикаси қонунлари ва бошқа қонун ҳужжатлари қабул қилинди.
Бундан ташқари, ушбу соҳада бир қатор халқаро шартномалар, хусусан, Халқаро меҳнат ташкилоти томонидан 1930 йилги мажбурий меҳнат тўғрисидаги 29-сонли Конвенциянинг Протоколи, Халқаро меҳнат ташкилотининг “Мажбурий меҳнатга барҳам бериш тўғрисида”ги 105-сонли, “Энг кичик ёш тўғрисида”ги 138-сонли, “Болалар меҳнатининг оғир шаклларини тақиқлаш тўғрисида”ги 182-сонли Конвенциялари ва бошқалар ратификация қилинди.
Оналар ва болаларни ҳимоя қилиш кўплаб парламент тадбирларининг мавзусига айланди.
Хусусан, 2020 йилда Олий Мажлис Сенати томонидан ушбу масалаларни Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Бухоро, Қашқадарё, Самарқанд, Сирдарё, Тошкент ва Фарғона вилоятларида ҳал қилиш ҳолати тўғрисида вазирликлар ва республика идоралари раҳбарларининг ҳисоботларини тинглади. Бундан ташқари, уларга 13 та, шу жумладан янги турмуш қурганларнинг репродуктив саломатлиги ва уларни тиббий кўрикдан ўтказиш, аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш масалалари бўйича депутатлик сўровлари юборилди.
2021 йил 29 январда мамлакат парламенти томонидан қабул қилинган “Наркологик касалликлар профилактикаси ва уларни даволаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни кучга кирди.
Ушбу чора-тадбирлар миллий БРМ 2-мақсадига эришишга қаратилган – овқатланиш рационини ва миллий БРМ 3-мақсадини яхшилаш – Соғлом турмуш тарзини таъминлаш ва барча ёшдаги кишиларнинг фаровонлигига кўмаклашиш каби миллий БРВларга мурожаат қилиш орқали:
зарур ҳажмда овқатланишнинг юқори сифати ва баланслашганлигини таъминлаш ҳамда аҳолининг барча қатламлари, айниқса, гўдаклар билан бир қаторда, ижтимоий заиф кишиларнинг ҳаёт учун муҳим ва хавфсиз озиқ-овқат маҳсулотларидан йил бўйи эркин фойдаланишларига эришиш (2.1-вазифа);
тўйиб овқат емасликнинг барча шаклларига барҳам бериш, жумладан, 2025 йилгача беш ёшгача бўлган болаларнинг ўсиши ва вазнидаги кечикишга қарши курашишга оид халқаро даражада келишилган мақсадли кўрсаткичларга эришиш ҳамда ўсмир қизлар, ҳомиладор ва эмизувчи хотин-қизлар, кекса одамларнинг овқатланишга бўлган эҳтиёжларини қондириш (2.2-вазифа);
оналар ўлими кўрсаткичини учдан бир бараварга қисқартириш (3.1-вазифа);
янги туғилган чақалоқлар ва беш ёшгача бўлган болалар орасидаги ўлимни икки бараварга камайтириш (3.2-вазифа);
жинсий ва репродуктив саломатликни асраш бўйича хизматлардан, шу жумладан, оилани режалаштириш ва ўн саккиз ёшгача бўлган қизлар учун никоҳ ёшини узайтириш хизматларидан умумий фойдаланишни ҳамда миллий стратегия ва дастурларда репродуктив саломатликни асраш масалаларининг ҳисобга олинишини таъминлаш (3.7-вазифа).
Учинчидан, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг палаталари миллий БРМ 4-мақсадига эришишга, яъни – Умумқамровли ва адолатли сифатли таълимни таъминлаш ҳамда барчага бутун умри давомида таълим олиш имкониятини рағбатлантириш қаратилган бир қатор тадбирларни амалга оширдилар.
Хусуса, “Илм-фан ва илмий фаолият тўғрисида”ги (29.10.2019й.), “Мактабгача таълим ва тарбия тўғрисида”ги (18.06.2020й.), янги таҳрирдаги “Таълим тўғрисида”ги (24.09.2020й.) қонунлар ва бошқа амалдаги қонунларга қўшимча ва ўзгартишлар киритиш тўғрисида бошқа қонун ҳужжатлари қабул қилинди.
Аввалроқ, парламент “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги Қонунни қабул қилган эди (14.09.2016й.да имзоланган). Ушбу қонуннинг 3-бобида ёшларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларининг ва ижтимоий ҳимоя қилиш кафолатлари, ёшларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари, иқтидорли ва истеъдодли ёшларни ҳамда ёшлар тадбиркорлигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, шунингдек ёшлар ижтимоий хизматига оид нормалар белгиланди. Хусусан, ёшлар ижтимоий хизмати фаолиятининг йўналишларига – ёш фуқароларга психологик-педагогик, юридик ёрдам кўрсатиш ва маслаҳатлар бериш; имконияти чекланган ёш фуқароларга, ёш оилаларга ижтимоий ёрдам кўрсатиш; таълим ва меҳнат жамоаларида ёшларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини рўёбга чиқаришга кўмаклашиш; ёш мутахассисларга янги иш жойига мослашишида, уларни қайта тайёрлашга ва уларнинг малакасини оширишга, шунингдек қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда уларни уй-жой билан таъминлашга кўмаклашиш; вояга етмаганлар учун ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасаларида ижтимоий ёрдам кўрсатиш; озодликдан маҳрум этиш жойларидан ва ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасаларидан қайтиб келган ёш фуқароларни ижтимоий мослаштириш; ёшлар тадбиркорлигини ривожлантиришга кўмаклашиш; ҳуқуқий тарғибот, ёшларни ишга жойлашиш, таълим олиш ва касбий тайёргарлик борасида, бўш вақтини мазмунли ўтказиш, туризм ва спорт соҳасидаги имкониятлар тўғрисида хабардор этиш; ёшларнинг яшаш жойларида бўш вақтларини мазмунли ўтказишини ташкил этиш кабилар киритилди.
Қонуннинг мазкур нормалари ва унда белгиланган чора-тадбирлар барқарор ривожланишнинг қуйидаги миллий вазифаларини ҳал қилишга ёрдам бермоқда:
меҳнат бозорида фаол ва суст чора-тадбирларни амалга ошириш, хусусий мулкни муҳофаза қилиш, кичик ва йирик бизнесни ҳамда хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва тезкор ривожлантиришдаги тўсиқларни бартараф этиш орқали аҳолини, айниқса, ёшлар, ногиронларни муносиб иш билан таъминлаш ва самарали бандликни кенгайтиришга йўналтирилган қулай шарт-шароит яратиш (8.3-вазифа);
барча хотин-қизлар ва эркакларни, шу жумладан, ёшлар ва ногиронларни барқарор ва самарали бандлик ҳамда муносиб иш билан, шунингдек, тенг қийматли меҳнат учун тенг иш ҳақи тўланишини таъминлаш (8.5-вазифа);
ишламаётган, ўқимаётган ва касбий малакаларни эгалламаётган ёшларнинг улушини жиддий равишда қисқартириш (8.6-вазифа);
ёшлар бандлигини таъминлаш бўйича глобал стратегияни ишлаб чиқиш ва амалга киритиш ҳамда Халқаро меҳнат ташкилотининг иш ўринлари ҳақидаги Глобал пактини (19.07.2009 йилда Халқаро меҳнат конференциясида қабул қилинган) амалга ошириш.
Тўртинчидан, гендер тенглигини таъминлаш ва аёлларга нисбатан камситишнинг ҳар қандай шаклларини йўқ қилиш масалалари Олий Мажлис палаталарининг диққат марказида бўлиб келмоқда. Шу мақсадда 2019 йилда мамлакат парламенти иккита муҳим қонунни қабул қилди: “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги ва “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунлари уйда, иш жойларида ва таълим муассасаларида безорилик ва зўравонликнинг олдини олишга, шунингдек, бундай ҳаракатлар учун жавобгарликни таъминлашга ва аёлларга нисбатан зўравонлик ва оилавий зўравонликнинг олдини олишга, эскирган урф-одат ва амалиётга, шу жумладан вояга етмаганларга нисбатан курашга қаратилган ишларни кучайтиришга қаратилган.
Хусусан, “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуннинг 3-моддасида жисмоний зўравонлик — хотин-қизларга нисбатан оғирлиги турли даражада бўлган тан жароҳатлари етказиш, хавф остида қолдириш, ҳаёти хавф остида қолган шахсга ёрдам кўрсатмаслик, зўравонлик хусусиятига эга бошқа ҳуқуқбузарликлар содир этиш, жисмоний таъсир ўтказиш ёки бундай таъсир ўтказишнинг ўзга чораларини қўллаш билан таҳдид қилиш орқали хотин-қизларнинг ҳаёти, соғлиғи, эркинлиги ҳамда қонун билан ҳимоя қилинадиган бошқа ҳуқуқлари ва эркинликларига тажовуз қиладиган зўравонлик шакли эканлиги белгиландиган.
Ушбу чора-тадбирлар мамлакатимизни гендер тенгликни таъминлаш ва барча хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш каби миллий БРМ 5-мақсадига эришишга сезиларли даражада яқинлаштиришга, шу жумладан қуйидаги миллий БРВларни ҳал қилишга имкон бермоқда:
ҳамма жойда барча хотин-қизларга нисбатан камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш, шу жумладан. билвосита камситишни йўқ қилиш тамойилларини қонунчиликка киритиш ва ҳуқуқни қўллаш амалиётида самарали татбиқ этиш (5.1-вазифа);
хотин-қизларга нисбатан зўравонликнинг барча шаклларини, шу жумладан, одам савдоси, жинсий эксплуатация ҳамда эксплуатациянинг бошқа шаклларини тугатиш (5.2-вазифа);
хотин-қизларнинг сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ҳаётнинг барча босқичларида ҳар томонлама иштирок этишларини ҳамда қарор қабул қилишда етакчилик қилишлари учун тенг имкониятларни таъминлаш (5.5-вазифа);
хотин-қизларни уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ижтимоий-иқтисодий соҳада амалга оширишларида қўллаб-қувватлайдиган дастурларни кенгай-тириш (5.а-вазифа);
гендер тенглик тамойилларини бошқарувнинг турли босқичларида давлат дастурларини қабул қилиш жараёнига тўла сингдириш (5.с-вазифа).
Олий Мажлис парламент фаолиятининг анъанавий шакллари ва усулларидан фойдаланган ҳолда 2030 йилгача барқарор ривожланишнинг бошқа миллий мақсад ва вазифаларини амалга оширишга ҳам доимий эътибор қаратиб келмоқда.
Шу билан бирга, мамлакатимизда ҳаётнинг барча соҳаларида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ва ўзгаришлар динамикаси, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан, шу жумладан, Олий Мажлис палаталари олдига қўйилган вазифалар миллий БРМларга эришишда парламентининг фаолиятини янада такомиллаштириш зарурлигини тақозо қилмоқда.
Шу муносабат билан, БРМларнинг бажарилишини таъминлаш бўйича хорижий парламентларнинг амалиёти бундай ишларнинг замонавий шакллари ва усулларининг кенг доирасини тақдим этади.
Масалан, аксарият мамлакатларда парламентлар БРМни режалаштиришда бошиданоқ фаол иштирок этишган. Бундай парламент иштирокининг шакллари қандай?
Биринчидан, бу парламентнинг миллий БРМларни амалга ошириш бўйича ҳукумат томонидан тузилган Миллий ишчи гуруҳдаги иштироки. Хорижий амалиётда бундай ишчи гуруҳлар фаолиятида тегишли парламент қўмиталари вакиллари иштирок этадилар.
Иккинчидан, парламентнинг аниқ миллий БРМларга эришиш бўйича миллий режаларини ишлаб чиқишда иштирок этиши. Миллий ривожланиш режаси – бу мамлакатнинг барқарор инсон тараққиётига эришиш йўлини белгилайдиган кўп йиллик стратегик йўл харитасидир. Миллий ривожланиш режаси одатда тараққиётни ўлчаш учун асосий устувор вазифалар ва кўрсаткичларни белгилайди. Ривожланишнинг миллий режаси махсус баҳодан ўтиши ва БРМга мос келиши керак, шунинг учун у глобал БРМ бўйича мажбуриятларни ўз ичига олган ва уларни миллий ва субмиллий устувор-ликларга эришиш учун мослашишни таъминлайдиган ривожланишнинг ягона миллий асосига айланади.
Хорижий амалиётда парламентлар миллий ривожланиш режаларини (ёки мамлакатларда БРМни амалга ошириш бўйича ҳар қандай бошқа режаларни) ишлаб чиқишда тўлиқ иштирок этади. Шу билан бирга, қоида тариқасида, бундай режалар, стратегиялар (“йўл хариталари”) лойиҳалари парламентга кўриб чиқиш ва тасдиқлаш учун тақдим этилади.
Учинчидан, ривожланган демократик давлатларнинг парламентлари ҳам миллий ривожланиш режасини амалга оширишда фаол иштирок этмоқда. Хусусан, миллий ривожланиш режаси қабул қилингандан сўнг, ижро этувчи ҳокимият мунтазам равишда парламентда (одатда ҳар йили) эришилган ютуқлар ва режани амалга ошириш билан боғлиқ муаммолар тўғрисида ҳисобот беради. Шу муносабат билан, парламентнинг Регламентида ҳукумат ҳисоботини тегишли равишда ваколатли парламент қўмитасига тақдим этиш, ҳисоботнинг ўзини батафсил таҳлил қилиш ва унинг мазмуни бўйича жамоатчилик фикрини тақдим этиш, шунингдек ҳукумат ҳисоботини таҳлил қилиш натижалари бўйича қўмита ҳисоботини парламентнинг ялпи мажлисида кўриб чиқиш ва муҳокама қилиш учун тақдим этиши лозим. Жаҳон миқёсида мамлакатлар миллий БРМларнинг бажарилиши тўғрисида даврий ҳисоботларни нашр этишни жорий қилишмоқда ҳамда уларнинг лойиҳаси парламентга тақдим этилади ва муҳокама қилинади.
Ва ниҳоят, тўртинчидан – парламент томонидан мувофиқлаштирувчи функция амалга оширилади. Баъзи мамлакатларда миллий ривожланиш режаси битта вазирлик томонидан назорат қилинади (масалан, режалаштириш, молия ёки ривожланиш вазирлиги). Шу муносабат билан, парламентнинг Регламентида тегишли ваколатли қўмита томонидан бундай вазирликлар фаолиятини мунтазам равишда (идеал равишда ҳар йили) кўриб чиқиш, шунингдек, ушбу кўриб чиқиш натижалари тўғрисидаги қўмита ҳисоботини кўриб чиқиш учун тақдим этиш ва парламентнинг ялпи мажлисида муҳокама қилиш лозим. Ушбу механизм парламент аъзолари ва жамоатчиликни барқарор ривожланиш муаммолари ва чақириқлари тўғрисида хабардор бўлишини таъминлашга ёрдам беради.
Парламентнинг миллий БРМга эришишини таъминлашнинг бошқа самарали усуллари ҳам мавжуд, масалан:
назорат ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари, хусусан, давлат аудитининг юқори органи билан ишлаш (Ўзбекистонда бундай орган Ҳисоб палатаси бўлиши мумкин);
миллий инсон ҳуқуқлари институтлари билан ўзаро алоқалар (Ўзбекистонда – Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман), Олий Мажлиснинг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакили, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази);
миллий статистика органлари билан ишлаш;
БРМларнинг амалга оширилишини рағбатлантириш билан шуғулланадиган халқаро ва минтақавий органлар билан ишлаш.
Дунёда турли хил халқаро ташкилотлар мавжуд, масалан, Парламентлараро иттифоқ, МДҲга аъзо давлатларнинг Парламент ассамблеяси, Араб парламенти, Парламент ҳамдўстлик ассоциацияси, АСЕАН Парламентлараро ассамблеяси, Пан-Африка Парламенти, Жанубий Африка Тараққиёт Жамияти Парламент Форуми, Америка Парламент Конфедерацияси. Ушбу ташкилотлар мунтазам равишда йиғилиб, ўзларини қизиқтирган масалаларни муҳокама қилмоқдалар, шунингдек, парламентарийлар ва парламент котибиятларини ривожланишнинг асосий масалалари ва парламентларнинг ушбу масалалардаги ўрни тўғрисида хабардор қилиш учун семинарлар ўтказадилар, қўлланмалар ва бошқа материаллар билан таъминлайдилар.
Бундан ташқари, иқлим ўзгариши (GLOBE International), қайта тикланадиган энергия (Climate Parliament) ва коррупцияга қарши кураш (GOPAC) каби ривожланишнинг асосий муаммоларини ҳал қилишда ёрдам бериш учун миллий, партиялараро шериклик орқали ва минтақавий ҳамда глобал даражада ишлайдиган алоҳида парламентарийлар тармоғи мавжуд. Ушбу ташкилотлар ўз ишларида институционал қўллаб-қувватлашга таянмай, балки ўзгаришларга келишиб олиш учун алоҳида парламент аъзолари ўртасида халқаро алоқаларни ўрнатадилар.
Кўпинча ушбу ташкилотлар БМТ билан боғлиқ бўлиб, парламентлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш ваколатига эга (масалан, БМТТД – бу парламентни кучайтириш дастурларини амалга ошириш бўйича дунёдаги энг йирик агентлик) ёки маълум бир тематик ваколатларга эга (масалан, “БМТ-Аёллар”, БМТнинг Болалар жамғармаси ёки Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Аҳолишунослик соҳасидаги жамғармаси Тизими). Ушбу гуруҳга Жаҳон банки, минтақавий ва тематик ривожланиш банклари ҳам киради (масалан, Ислом тараққиёт банки). Ушбу ташкилотлар мамлакат тараққиётини қўллаб-қувватлашга қаратилган узоқ муддатли режаларига эга бўладилар, буларга парламент салоҳиятини кучайтириш киради. Бундай қўллаб-қувватлаш дунёнинг барча қисмларидан энг яхши тажриба ва билимларни узатишни ўз ичига олади.
БРМни амалга оширишда парламент ёрдамининг юқоридаги замонавий усулларидан фойдаланиш ва парламентарийлар томонидан халқаро ташкилотлар имкониятларидан фойдаланиш, шубҳасиз, Ўзбекистоннинг 2030 йилгача барқарор ривожланишнинг миллий мақсад ва вазифаларига муваффақиятли эришилишини таъминлашга ёрдам беради ва халқ фаровонлигини оширишга, мамлакатнинг халқаро обрўсини оширишга ижобий таъсир қилади.
Бундан ташқари, бу Олий Мажлис палаталарининг мамлакатни демократ-лаштириш, бозор иқтисодиётини модернизация қилиш, кучли фуқаролик жамияти асосларини шакллантириш бўйича давлат сиёсатини амалга оширишда, шунингдек, республикада амалга оширилаётган ислоҳотлар ва ўзгаришларнинг сифати ва самарадорлиги учун парламент ва барча парла-ментарийларнинг масъулиятни ва аҳамиятини сезиларли даражада оширади.
Хулоса қилиб айтганда, хорижий амалиёт шуни кўрсатадики, барқарор ривожланишнинг миллий мақсад ва вазифаларини амалга оширишда парламентнинг ҳукуматга ва бошқа ижро этувчи органларга ёрдами халқаро демократик ҳамжамият томонидан демократияни мустаҳкамлашнинг ёрқин далили сифатида қабул қилинади, бу эса ўз ўрнида давлат бошқаруви тизимидаги тамойиллар, давлат ҳокимияти тизимидаги халқ вакиллигининг асосий воситаси сифатида миллий парламентаризм тараққиёти белгиси сифатида эътироф этилади.
Фозилжон ОТАХОНОВ,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги
Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти директори,
юридик фанлари доктори, профессор