“Гиёҳвандликка қарши курашишда Ўзбекистоннинг халқаро ташаббуслари амалга ошмоқда” – Қонунчилик муаммолари институти
Мақолалар Янгиликлар

Бугунги кунда дунё турли таҳдидлар, шу билан бирга, янги имкониятларни ўзида мужассам этган глобал геосиёсий ўзгаришлар даврига қадам қўйиб бораётган бир даврда жаҳонда халқлар, миллатлар келажагига таҳдид туғдирувчи бир қанча омиллар ҳамон сақланиб қолмоқда. Ана шундай хатарлардан бири гиёҳвандлик балосидир. Глобал муаммога айланган ушбу иллатга қарши курашишда давлатлараро ҳамкорлик муҳим аҳамият касб этади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 76-сессиясида яна бир муҳим ташаббусни – БМТнинг гиёҳвандлик ва жиноятчилик бўйича бошқармаси иштирокида 2022-2025 йилларга мўлжалланган Марказий Осиё мамлакатлари учун минтақавий дастур  ҳамда Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатларини қамраб оладиган Гиёҳвандликка қарши умумий Ҳаракатлар режасини ишлаб чиқиш таклифини илгари сурди.

Трансмиллий жиноятчиликнинг энг хавфли турларидан бири бўлган гиёҳвандлик нафақат гиёҳванд моддаларни тайёрлаш ва истеъмол қилиш жиноятлари, балки барча турдаги уюшган халқаро ва трансчегаравий жиноятчиликнинг фаоллашишига ва кескин тарқалишига ўзининг салбий таъсирини кўрсатади. Шундан келиб чиқиб, умумий жиноятчиликка қарши кураш олиб бораётган ҳар бир мамлакат мазкур соҳада ижобий натижаларга эришиш йўлида нафақат қўшни, балки дунё мамлакатлари билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиши лозим.

Хавфсизлик ва барқарорликка таҳдид ва хавф-хатарларга қарши курашишда энг муҳим омил кучларни бирлаштириш ҳисобланади. Терроризм, экстремизм, гиёҳвандлик, трансмиллий, хусусан, кибермакондаги жиноятчиликка қарши фақат биргаликда самарали кураш олиб бориш мумкин. Мамлакат рахбари таъкидлаганидек, қарийб икки миллиард аҳоли яшайдиган Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги ўзаро алоқаларни қайта тиклаш муҳим ҳаётий зарурат ва табиий жараёнга айланмоқда.

Хусусан, Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган БМТнинг гиёҳвандлик ва жиноятчилик бўйича бошқармаси билан 2022-2025 йилларга мўлжалланган Марказий Осиё мамлакатлари учун минтақавий дастур шу йил ноябрь ойида Тошкентда БМТнинг Глобал аксилтеррор стратегияси Марказий Осиё учун режасининг ўн йиллик натижалари ва истиқболларига бағишланган Халқаро конференция доирасида имзоланиши назарда тутилгани ҳам бежизга эмас. Чунки Гиёҳвандлик ва жиноятчиликка қарши курашнинг минтақавий дастури ва БМТ Глобал аксилтеррор стратегияси бир-бири билан узвий боғлиқ бўлиб, битта олий мақсадга – барқарор ривожланиш мақсадларига эришишга қаратилган.

Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатларини қамраб оладиган Гиёҳвандликка қарши умумий Ҳаракатлар режасини ишлаб чиқишдан кўзланган асосий мақсад – Марказий Осиёни фаровон ва барқарор ривожланаётган, ишонч ва дўстлик маконига айлантиришдир.

Л.Ниёзова,
Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти
Суд-ҳуқуқ соҳасида тадқиқотлар бўлими етакчи илмий ходими
 

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan