Исроилда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови катта қизиқиш билан кузатиб борилмоқда – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

2021 йилнинг 14 октябрь куни “Ўзбекистонда Президентлик сайловлари: қонунчилик ва амалиёт” мавзусида халқаро онлайн давра суҳбати ташкил этилди.

Давра суҳбатида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари, Қонунчилик муаммолари институти, Ташқи ишлар вазирлиги, “Тараққиёт стратегияси” маркази, Ўзбекистоннинг Исроилдаги элчихонаси, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ходимлари ҳамда Исроил давлати Кнессети (парламенти) депутатлари, шунингдек халқаро экспертлар иштирок этди.

Мазкур тадбирдан кўзланган мақсад – мамлакатимиз ва халқимиз ҳаётидаги муҳим сиёсий жараён – Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловининг ҳуқуқий асослари ва ушбу жараённинг халқаро сайлов стандартлари асосида ташкил этилаётганлиги хусусида Исроил давлати вакиллари билан ўртоқлашишдан иборат бўлди.

Ўзбекистоннинг Исроил давлатидаги Фавқулодда ва Муҳтор элчиси Ф.Махмудова, “Тараққиёт стратегияси” маркази бош мутахассиси Б.Тиллаходжаевлар кириш сўзи билан иштирок этиб, кун тартибидаги муҳим масалалар юзасидан фикрлар билдиришди.

Давра суҳбатида Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетининг Илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори, Марказий сайлов комиссияси аъзоси Г.Исмаилова томонидан бугунги кунда сайлов жараёнини очиқ ва шаффоф тарзда ўтказиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумотлар берилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти бўлим бошлиғи Д.Рахманов Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови мамлакатимиз ҳаётидаги ғоят муҳим ижтимоий-сиёсий воқеа эканлиги, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни демократик тарзда очиқ ва ошкора ўтказиш билан боғлиқ масалалар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилиши ва Президент сайлови миллий сайлов амалиёти ва халқаро сайлов стандартларига мос равишда қабул қилинган сайлов қонунчилиги асосида ўтказилиши ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодексида белгиланган янги нормалар, сайлов қонунчилигига киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар ҳақида сўз юритди.

 

Исроил давлати Кнессети депутати ва “Ўзбекистон-Исроил” дўстлик гуруҳи раиси Т.Мазарская ва “Еш Атид” сиёсий партияси аъзоси
М.Тор-Паслар
мазкур давлатдаги сайловларнинг ўзига хослиги ва ҳуқуқий асослари ҳамда халқаро стандартлар ва илғор хорижий амалиётларни ҳисобга олган ҳолда сайлов жараёнида иштирок этиш учун фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини кенгайтириш йўналишида олиб борилаётган ишлар тўғрисида фикрлар билдириб ўтди.

Қуддусдаги Иброний университети ўқитувчиси М.Владимир Исроил фуқаролик жамияти вакиллари Ўзбекистондаги муҳим сиёсий жараён бўлмиш Президент сайловини катта қизиқиш билан кузатиб бораётганлигини қайд этган ҳолда, сўнгги йилларда мамлакатимизда амалга оширилаётган демократик ислоҳотларга юксак баҳо берди.

Тадбир якунида иштирокчилар томонидан ушбу форматдаги тадбирларни мунтазам равишда ташкил этиб бориш икки давлат ўртасидаги самимий мулоқот ва ўзаро ишончни янада мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan