Ўзбекистонда медиациянинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш масалалари муҳокама қилинди – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

Жорий йилнинг 18 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти биносида Институтнинг ташаббусига биноан “Медиация институтининг долзарб масалалари: Ўзбекистон
ва Қозоғистон тажрибаси”
мавзусида халқаро давра суҳбати ташкил этилди.

Давра суҳбатида Қонунчилик муаммолари институти директори Ф.Отахонов, Қозоғистон Медиаторлар ассоциацияси бош директори Ж.Жакупов, Юристлар малакасини ошириш маркази кафедра мудири С.Марипова, ТДЮУнинг Профессионал ўқитиш маркази директори А.Якубов, Институт ҳузуридаги Илмий-эксперт кенгаши аъзолари, Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламенти аъзолари, Институтнинг ходимлари ҳамда амалиётчи мутахассислар иштирок этишди.

Қонунчилик муаммолари институти директори Ф.Отахонов
ўз марузасида 2018 йилда Ўзбекистонда “Медиация тўғрисида”ги Қонуннинг қабул қилиниши билан медиация институтининг ҳуқуқий асослари тубдан такомиллаштирилганлиги, медиациянинг асосий тамойиллари, медиаторларга қўйиладиган талаблар, профессионал медиаторларнинг реестрини юритиш тартиби, медиатив келишувнинг ўзига хос жиҳатлари, жамиятнинг замонавий ривожланиш босқичида медиацияни амалиётга тадбиқ этишдаги муаммолар каби масалалар юзасидан фикрларни билдириб, улар бўйича илмий асослантирилган таклифларни илгари сурди.

Қозоғистон Медиаторлар ассоциацияси бош директори Ж.Жакупов “Профессионал медиаторларни тайёрлашда Қозоғистон тажрибаси” мавзусидаги маърузасида Қозоғистон Республикаси профессионал медиаторларни тайёрлашда ўзига хос тажрибага эга эканлиги,
Қозоғистон Республикасининг “Медиация тўғрисида”ги Қонунининг мамлакатдаги медиация фаолиятининг ривожига таъсири, Қозоғистонда медиатор бўлиш учун белгиланган талаблар, профессионал ва профессионал бўлмаган медиаторларнинг бир-биридан фарқли жиҳатлари ва бошқа бир қатор долзарб масалалар юзасидан иштирокчиларга маълумотлар берди.

“Профессионал медиаторларни тайёрлашда Ўзбекистон тажрибаси” мавзусида Юристлар малакасини ошириш маркази кафедра мудири С.Марипова медиация институтининг назарий асослари, уни қўллашда эътибор берилиши керак бўлган жиҳатлар ҳақида, шунингдек ТДЮУнинг Профессионал ўқитиш маркази директори А.Якубов эса медиациядан ҳуқуқни қўллаш амалиётида фойдаланишнинг бугунги ҳолати ва уни такомиллаштириш масалалари юзасидан тушунтиришлар бериб ўтди.

Давра суҳбати давомида иштирокчилар медиация соҳаси билан боғлиқ долзарб масалалар юзасидан ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан жавобларни олишди.

Тадбир якунида медиация институтининг янада самарадорлигини ошириш, истиқболда медиацияни қўллашнинг янги имкониятларини аниқлаш ва қонунчиликда акс эттириш юзасидан тегишли тавсиялар ишлаб чиқилди.

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan