Ўзбекистон — БМТ: инсон ҳуқуқлари соҳасида дадил қадам – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

Сўнгги беш йил… Шу давр ичида Янги Ўзбекистонда инсон, унинг ҳуқуқ ва эркинликларига бўлган қараш тубдан ўзгарди. Хусусан, мамлакатимиз тарихда биринчи марта БМТ тизимидаги энг нуфузли ҳукуматлараро органлардан бири — Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш аъзоси этиб сайланди.

Ҳозирги кунда мамлакатимизнинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро тузилмалар билан яқин шериклик кенгаймоқда, ҳуқуқни ҳимоя қилиш борасида ҳукуматга қарашли бўлмаган ташкилотлар билан амалий мулоқот йўлга қўйилди.

2020 йилда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегияси қабул қилиниб, мазкур ҳужжатда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш бўйича изчил давлат сиёсатини амалга оширишнинг асосий вазифалари ва йўналишлари белгилаб берилди. Умуман, сўнгги йилларда Ўзбекистонда амалга оширилаётган туб ислоҳотлар, орқага қайтариб бўлмайдиган моҳият касб этмоқда.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашнинг 46-сессиясида иштирок этиши ва унда нутқ сўзлаши сессиянинг аҳамиятини янада оширди, десак муболаға эмас. Чунки юртбошимиз «Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш аъзоси сифатида халқаро ҳуқуқнинг инсон ҳуқуқларига оид умумэътироф этилган принцип ва нормаларини қатъий ҳимоя қилади ва фаол илгари суради», дея алоҳида таъкидлади.

Шунингдек, инсон ҳуқуқлари соҳасида энг долзарб бўлган муҳим масалаларга тўхталиб, қатор ташаббусларни илгари сурди. Хусусан, Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим декларациясининг 10 йиллигига бағишлаб Олий комиссар бошқармаси билан бирга глобал форум ўтказиш, Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш томонидан Судьялар кенгашлари фаолиятининг универсал принципларини ишлаб чиқиш таклифи ўртага ташланди.

Яна бир муҳим жиҳат, яқин-яқингача мажбурий меҳнат, болалар меҳнати масаласида кўп жиҳатдан жиддий танқид эшитишимизга тўғри келди. Лекин охирги 4-5 йил ичида юртимизда болалар ва мажбурий меҳнатга батамом чек қўйилди. Масалан, биргина 2020 йилнинг ўзида мамлакатимизда одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш йўналишидаги вазифаларни тартибга солиш мақсадида 19 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинди.

Анжуманда давлатимиз раҳбари ушбу масалага тўхталиб, «Биз Халқаро меҳнат ташкилоти ва Жаҳон банки билан ҳамкорликда мажбурий меҳнат ва болалар меҳнатига барҳам бериш бўйича катта ишларни амалга оширдик. Бу ислоҳотларимиздаги энг асосий ютуқларимиздан бири бўлди», деб қайд этди. Бу эса болалар, уларнинг ҳуқуқлари ва ривожланиши Ўзбекистон учун ҳамиша устувор бўлиб қолаверишидан далолатдир.

Ушбу тарихий нутқда айтилган яна бир муҳим ташаббус ҳақида алоҳида тўхталиш жоиз. Бу Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияни қабул қилиш масаласидир. Ушбу таклиф бежиз ўртага ташлангани йўқ. Сабаби мамлакатимиз аҳолисининг ярмидан кўпини ташкил этадиган ёшларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш нафақат ушбу мамлакат даражасида, балки глобал миқёсда ҳам муҳим вазифадир.

Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон ва Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ҳамкорлиги кенг қамровли. Зотан, мамлакатимиз раҳбарининг минтақада инсоннинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, мажбурий меҳнат ва болалар меҳнатига барҳам бериш, қийноқларнинг олдини олиш борасидаги ташаббуслари ҳаётда ўз ифодасини топаётир.

 

Ботирбек ТЎРАЗОДА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

www.parliament.gov.uz

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan