Сиёсий дебатлар – сайлов жараёнининг муҳим босқичи – Қонунчилик муаммолари институти
Мақолалар Мақолалар Сайлов – 2021 Сайловга оид мақолалар Сайловга оид янгиликлари

Демократик ҳуқуқий давлатни қуриш бир неча босқичлардан иборат бўлиб, бу босқичларнинг қандай усуллар ва технологиялар асосида ташкил этилганлиги унинг самарали ва узоқ фаолият кўрсатишига катта таъсир кўрсатади.

Ҳар қандай жамиятда демократия тамойилларини жорий этишда сайловларнинг ўрни ва аҳамияти муҳим ҳисобланади. Бошқарувнинг бошқа турларидан фарқли ўлароқ, демократия фуқароларнинг манфаатлари ва қарашларини ўзида кўпроқ мужассам этиши билан ажралиб туради.

Бу жараёнда сайловлар ва унга хос бўлган сиёсий технологияларни амалиётда қўллаш демократия мустаҳкамлигининг асоси бўлиб хизмат қилади. Сайловларнинг ҳаққонийлиги, шаффофлиги уни ташкил этиш технологиялари ҳамда бир неча сиёсий, ижтимоий омилларга боғлиқдир. Булар, аввало:

сайловларда фуқароларнинг иштироки, уларнинг сайловга бўлган муносабати;

сайловларни ташкил этиш ва эълон қилиш тартиби;

сайловлар даврида сиёсий ташвиқот-тарғибот тартибларини амалга ошириш йўли билан;

сиёсий дебатлар, яъни, сайловларда сиёсий номзодларнинг электорат билан учрашувлари орқали.

Сиёсий дебатлар сайловларнинг самарадорлиги ва унинг якуний натижаларига таъсир этувчи энг илғор сиёсий технология ҳисобланади. Дебат (юнонча – баҳс, тортишув) аниқ тузилган ва махсус ташкиллаштирилган жамоатчилик фикрининг алмашуви, долзарб мавзулар бўйича икки томон ўртасидаги баҳс.

Ушбу турдаги оммавий мунозаралар иштирокчилари учинчи томонни бир-бирларига эмас, балки ўзларининг ҳақ эканликларига ишонтиришларини таъминлашга қаратилган. Дебат иштирокчилари томонидан ишлатиладиган оғзаки ва оғзаки бўлмаган воситалар, қўйилган муаммо бўйича тингловчилар ўртасида маълум фикрни шакллантиришга қаратилган. Дебат тушунчасининг асосида президентликка номзодларнинг сайловолди сиёсий муҳокамалари тушунилади.

Президент сайловларида дебатлар муҳим босқич сифатида талқин этилади. Чунки, сиёсий дебатларда сиёсий номзод тўғридан-тўғри электорат билан бирга «очиқ мулоқот майдони»га киради.

Сиёсий дебатлар давомида ҳар бир мамлакатда фаолият кўрсатаётган сиёсий партиялар ва номзодлар сиёсий дастурларидан келиб чиққан ҳолда дебатга киришиб, ўз позицияларини ҳимоя қиладилар. Бу сиёсий дебатнинг ўзига хос этикаси ҳисобланади.

Дебатларни ташкил этиш ва ўтказиш ўзига хос қонуниятларга эга:

Биринчидан, сиёсий дебатларда икки ёки ундан ортиқ томонларнинг иштироки лозим бўлади.

Иккинчидан, сиёсий дебатлар давомида кўтарилган мавзулар, аввало, электоратнинг олдида турган энг долзарб муаммолардан келиб чиқиши лозим.

Учинчидан, дебатларда сиёсий номзоднинг ёки унинг ишончли вакилининг иштироки.

Мутахассисларнинг фикрича, бу жараённинг ўзига хос жиҳатлари шундаки, номзоднинг шахсан иштироки сайловчиларда унга нисбатан ижобий ёки салбий муносабатларнинг шаклланишига олиб келади ва овоз бериш куни ғалабани таъминлаш йўлидаги асосий омил бўлиши билан алоҳида эътиборга моликдир.

Номзоднинг ишончли вакили номзодга тегишли дастур асосида фаолият олиб боради.

Тўртинчидан, дебатларда иштирокчиларга бир хил эфир вақти белгиланиши лозим. Эфир вақтининг тақсимоти модератор томонидан белгиланиб, ҳамма иштирокчиларга бир хил тақсимланади. 

Одатда, сиёсий дебатларда иштирокчиларнинг жавоблари ва тақдимотлари вақти 6 дақиқадан иборат бўлади. Берилган саволларга тайёрланиш вақти 1 дақиқани ташкил этади. Жавоб бериш навбати модератор томонидан белгиланади. Якуний тасдиқлаш ёки инкор этиш вақти 3 дақиқадан иборатдир.

Дебатлар давомида томонлар бир-бирларига кўтарилаётган муаммо ёки вазият юзасидан тайёргарлигини текшириш учун ахборот сўровини амалга ошириши мумкин. Унинг вақти 15 секундни ташкил этиши керак.

Бешинчидан, теледебатлар «доира столи», пресс-конференция ёки телекўрсатув (ток-шоу) шаклида ташкил этилади. Албатта, бу жараёнлар телебошловчи (модератор) томонидан тартибга солинади.

Олтинчидан, одатда, дебатлар номзодларнинг «юзма-юз» дебати усулида ташкил этилиб, унда сайловчиларнинг иштирокини таъминлаш керак. Бунда номзодлар жамият олдида турган муҳим муаммолар юзасидан ўз дастурларидан келиб чиқиб, уни ечиш йўлларини кўрсатиб берадилар.

Еттинчидан, учрашув давомида дебат ўтказиш ва унда иштирок этиш ҳамда савол бериш этикасига қатъий амал қилиш алоҳида ўрин эгаллайди.

Дунёда биринчи марта сиёсий дебатларнинг шаклланиши АҚШ ва ундаги президентлик сайловларининг ривожланиши билан боғлиқдир. АҚШда президентлик сайловларида дебатлар энг кучли сиёсий технология сифатида эътироф этилади.

Айтиш жоизки, сиёсий дебатларнинг ўтказилиш тартиби бирон бир мамлакат конституциясида белгилаб қўйилмаган.

АҚШда 1988 йилгача бўлиб ўтган барча президентлик сайловларидаги дебатлар «Хотин-қизлар сайловчилари лигаси» томонидан ташкиллаштирилган. 

1988 йилдан эътиборан ушбу ташкилот номзодлар томонидан илгари сурилган айрим ғояларнинг дебатда ёлғон маълумотлар сифатида тарқатилишига олиб келиши натижасида президентлик сайловларида дебатларни ташкил этишдан бош тортиб келмоқда. Айни пайтда, ушбу вазифани «Президент сайловлари дебатлари бўйича комиссия» амалга оширилмоқда.

Ҳозирги кунда сиёсий дебатларнинг 2 та модели ажратилади:

1. Америка модели – сиёсий жараёнларни турли намойишлар (шоу-бизнес) орқали ташкил этиш тартиби;

2. Ғарбий Европа модели – сайловларда нейтрал позицияни сақлаган ҳолда, тартибли, қонуний тарзда ўз дастурини электоратга етказиш тартиби.

Сиёсий дебатларда икки ёки ундан ортиқ гуруҳлар иштирок этади. Икки тараф ўз манфаатларини ҳимоя қилган ҳолда ўз қарашларини ифода этадилар. Бу сиёсий дебатнинг муҳим ва юқори нуқтаси ҳисобланади.

Сиёсий технологларнинг фикрига кўра, номзоднинг фуқаролар билан учрашувлари, хусусан, сиёсий дебатлар сайловнинг натижавийлигига таъсир кўрсатувчи омил ҳисобланади. Бунинг асосий сабаби, электорат ўзларининг қарашлари ва манфаатларига мос бўлган номзод билан «юзма-юз» учрашади ва бу уларнинг онгли танловига таъсир кўрсатади.

Дебатлар давомида номзодлар ўзларининг ташқи кўринишлари (имижи) билан бир қаторда, номзодликка даъвогарлик хусусиятлари билан иштирок этадилар ва бу ўзларининг сайловлардаги ғалабасини кенг омма нигоҳида ёки мустаҳкамлаб, ёки қўлдан бой беришига сабаб бўлади. Бунда номзоднинг сиёсий билимдонлиги, мулоқотга киришувчанлиги, нотиқлиги муҳимдир.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, дебатлар сайловда номзодлар учун имтиҳонга ўхшайди, дебатлар сайлов натижасига катта таъсир кўрсатади. Бу, айниқса, сайловларда биринчи бор иштирок этаётган сиёсий номзодлар учун алоҳида аҳамият касб этади. 

Масалан, 1980 йилда АҚШдаги президент сайловлари кампанияси давомида касби муҳандис бўлган Ж.Картер аудитория билан ишлаш қобилиятига эга эмаслиги боис оддий ҳикоячи бўлган, ҳамма қатлам вакилларига мос мулоқотга (манипуляция) эга, «энг ёши улуғ» Д.Рейганга дебат давомида ютқазиб қўйган.

Дебатларнинг яна бир ўзига хос жиҳати шундаки, мамлакатда демократик меъёрларга амал қилувчи мухолифатнинг шаклланишига ҳамда ўзини намоён қилишига олиб келувчи кўприк сифатида талқин этилишидадир.

Хулоса ўрнида айтиш лозимки, демократиянинг давлат ва жамият ҳаётида мустаҳкамланиши бевосита ўтказилаётган сайловларнинг қандай ташкил этилишига боғлиқдир. Зеро, халқнинг манфаатлари ва қарашларини ифодалаган демократия барқарор ва бардавом бўлади.

Ғолибжон Муҳаммаджонов,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти бўлим мудири

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan