Сайлов жараёнининг очиқлиги ва ошкоралиги таъминланди – Қонунчилик муаммолари институти
Сайлов – 2021 Сайловга оид янгиликлари Сайловга оид янгиликлари

2021 йил 26 октябрь куни Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Нарбаеванинг ЕХҲТ Парламент Ассамблеяси (ПА) Президенти Маргарета Седерфельт билан учрашуви бўлиб ўтди.

Қайд этилганидек, сайловда илк маротаба ЕХҲТ ПА делегациясининг 100 га яқин парламент аъзосидан иборат делегация сайлов жараёнини кузатиб борди. Бу хорижий давлатларнинг Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларга қизиқишидан далолат беради.

М. Седерфельт таъкидлаганидек, бу галги сайлов ЕХҲТ, ДИИҲБ ва Венеция комиссияси тавсиялари татбиқ этилган Сайлов кодексига мувофиқ ўтказилди.

Сайлов жараёнларига юқори баҳо берилиб, сиёсий тадбирда фуқароларнинг ўз хоҳиш-иродасини мустақил ифода этиши учун қулай шарт-шароит яратилгани, унда ОАВ ва фуқаролик жамияти фаол иштирок этгани, бу эса сайлов жараёнининг очиқ ва ошкора ўтишини таъминлагани таъкидлаб ўтилди.

Учрашувда Ўзбекистон парламенти ва ЕХҲТ ПА ўртасидаги ҳамкорликнинг устувор йўналишлари, шунингдек, иқтисодиёт, экология, ёшлар масалалари ва гендер тенглик каби соҳалардаги ўзаро ҳамкорлик муҳокама қилинди. 

Эътиборлиси, Ўзбекистонда парламент ва давлат бошқарувида хотин-қизлар сони тобора ортиб бормоқда ва бу ЕХҲТ ПА таркибидаги аёллар сонидан юқоридир.

Таъкидланганидек, сўнгги йилларда ташқи сиёсат, парламентлараро алоқаларни кенгайтириш масалаларида Олий Мажлиснинг фаоллиги ошмоқда. Ўзбекистон парламенти ЕХҲТ институтлари билан прагматик ва конструктив ҳамкорликни амалга оширмоқда. 

Мулоқотда ЕХҲТ ПА 2023 йилдаги мажлисларидан бирини ёшлар, гендер тенглик ва экологик барқарорлик мавзусига бағишлаб, Тошкентда ўтказиш таклифи билдирилди.

Шунингдек, кун тартибидаги бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди.

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan