Спикер Н. Исмоилов Президент сайловининг эълон қилинган якунларига баҳо берди – Парламент тадқиқотлари институти
Сайловга оид янгиликлари Сайловга оид янгиликлари

Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти этиб сайлангани мамлакатимизнинг барча фуқаролари ғалабасидир.

Ўзбекистон халқи жамиятимизда рўй бераётган шаҳдам ва давомли ютуқларни, кўламдор ижобий ўзгаришларни, оддий фуқароларга кўрсатилаётган ғамхўрлик, бағрикенглик, юксалаётган турмуш даражаси ва одамларнинг ҳаёт фаровонлиги ортиб бораётганлигини мамнуният ила Президент Шавкат Мирзиёев номи билан боғлиқ улкан воқелик дея, эътироф этадилар. Сайлов натижалари мазкур самимий эътирофнинг амалий исботи бўлди.

Ишончим комилки, Шавкат Мирзиёевнинг давлат раҳбари лавозимидаги бундан кейинги фаолияти ҳам дастлабки йилларда асос солинган истиқболли режалар, кенг кўламли ислоҳотларнинг изчилигини таъминлайди ва келажакда мамлакатимизни янада ривожлантиришда ўзининг ёрқин ифодасини топади.

Бугун Ўзбекистон халқаро ҳамжамият томонидан қудратли, гуллаб-яшнаётган, мустақил, очиқ ва демократик давлат дея эътироф этилмоқда. Бу Шавкат Мирзиёевнинг турли даврларда амалга оширган ва унга ҳақли равишда чинакам миллий етакчи сифатида обрў-эътибор келтирган кўп йиллик самарали фаолияти натижасидир.

Ўзбекистон халқининг амалдаги Президентига яна бир бор ишонч билдиргани – бу барқарор тараққиёт учун, Янги Ўзбекистоннинг нурли истиқболи учун берилган овозлар эканлигини теран англамоқ зарур.

Сайловчилар аксарият қисмининг айнан Шавкат Миромонович Мирзиёевга ишонч билдирганини эса улар томонидан давлатимиз ташқи ва ички сиёсатининг астойдил қўллаб-қувватланиши сифатида тушуниш мумкин. Шунингдек, мамлакатимиз Президенти эришган юксак эҳтиромнинг яна бир тасдиғи, Ватанимиз олдидаги улкан хизматларининг, етакчилик иқтидори ҳамда заковати, у кишининг такрорланмас бурч ва масъулият соҳиби эканлигини алоҳида эътироф этиш мақсадга мувофиқ.

Давлатимиз раҳбарининг айнан бошқарувдаги ўзига хос қобилияти, танлаган йўли Ўзбекистоннинг тинимсиз ривожланиб боришига имкон бермоқда. Мазкур саъй-ҳаракатлар демократик ҳуқуқий давлатчиликни қарор топтириш ва миллатлараро тотувликни мустаҳкамлаш йўлидан оғишмай олға боришни таъминлайди.

Шавкат Мирзиёевнинг янги президентлик муддати мамлакатимизда кескин институционал ислоҳотларни амалга ошириш, Ўзбекистоннинг иқтисодий салоҳиятини бунданда мустаҳкамлаш, қатор ижтимоий муаммоларни адолатли тарзда ҳал этиш ва энг асосий кўрсаткич – халқ розилигига эришишдек эзгу, кўламдор мақсадлари ушалишига имконият беради.

Шуни алоҳида таъкидлашни истардимки, биз барчамиз мамлакатимизнинг тан олинган етакчиси атрофида жипслашишимиз керак. Шуни чуқур англаган ҳолда парламент қуйи палтасидаги барча сиёсий партиялар фракциялари умумхалқ эътирофи, ишончига ва эъзозига сазовор бўлган Президент Шавкат Мирзиёев олиб бораётган юртимизни юксакликка элтувчи йўлни тўлиқ қўллаб-қувватланишини таъминлашга азму қарор қилган.

 

Нуриддинжон ИСМОИЛОВ,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси

Қонунчилик палатаси Спикери

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan