Термиз агротехнологиялар ва инновацион ривожланиш институтини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қ а р о р и

Сурхондарё вилоятининг тупроқ-иқлим шароитида қишлоқ хўжалиги экинларидан, жумладан, мевали ва ёнғоқ мевали, сабзавот, полиз, дон-дуккакли экинлардан юқори ҳосил олиш, уларнинг касаллик ва зараркунандаларига қарши курашиш, илғор, интенсив агротехнологияларни жорий қилиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлаш, қайта ишлаш, суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини янада яхшилаш учун замонавий билим ва кўникмаларга эга олий маълумотли мутахассис кадрларга бўлган эҳтиёжни қондириш мақсадида:

1. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Молия вазирлиги ҳамда Сурхондарё вилояти ҳокимлигининг Тошкент давлат аграр университетининг Термиз филиали негизида Термиз агротехнологиялар ва инновацион ривожланиш институтини (кейинги ўринларда – Институт) ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.

Институтнинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгилансин:

тупроқ-иқлим шароитидан келиб чиқиб ҳудудларни ихтисослаштиришэкспортбоп ва даромадбоп қишлоқ хўжалиги экинларини етиштиришни ташкил этиш, қишлоқ хўжалигида инновацион ресурстежамкор технологияларни ҳамда рақамлаштирилган агротехнологияларни жорий қилиш бўйича замонавий билимларга эга бўлган кадрлар тайёрлаш;

ўқув машғулотлари, малакавий амалиётларни ўташда талабаларни инновацион ва янгича фикрлашга йўналтирадиган янги ўқитиш технологиялари ҳамда уларнинг мустақил изланишини таъминловчи механизмларни кенг жорий этиш;

Сурхондарё вилоятининг тупроқ-иқлим шароитида қишлоқ хўжалиги экинларини, жумладан, мевали ва ёнғоқ мевалисабзавот, полиздондуккаклисубтропик ва тропик экинларни парваришлашнинг био-нано- ва ресурстежамкор ҳамда интенсив технологияларини ишлаб чиқиш;

Институт ер майдонларида ички ва ташқи бозор эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда, қишлоқ хўжалиги экинларининг серҳосил, шўр ва қурғоқчиликка, касаллик ҳамда зараркунандаларга чидамли, маҳсулот сифати юқори бўлган нав ва дурагайлари селекцияси ҳамда уруғчилигини йўлга қўйиш;

илмий ходимларнинг илғор инновацион технологияларни яратиш бўйича ташаббускорлигини қўллаб-қувватлашуларнинг новаторлик ғояларини ишлаб чиқаришга жорий этишга кўмаклашиш;

кластерларкооперацияларфермердеҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари учун кўргазмали дала майдонларини ташкил этиш ҳамда тавсиялар ишлаб чиқиш;

ривожланган хорижий илмий-тадқиқот ва таълим муассасаларида профессор-ўқитувчилар, илмий ходимлар ва магистрларнинг малакасини ошириш.

2. Белгилансинки, Институтда 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб:

бакалавриат таълим йўналишларида таълимнинг кредит-модуль тизими босқичма-босқич жорий этилади. Бунда, талабалар учун ҳафтанинг шанба куни мустақил ўзлаштириш куни деб белгиланади;

хорижий олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда ташкил этиладиган қўшма таълим дастурларининг ўқув режалари ва фан дастурлари хорижий ҳамкорлар билан келишилган ҳолда мустақил тасдиқланади.

Институтнинг фаолияти Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан мувофиқлаштирилади.

3. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги:

2022 йил якунига қадар Институтда Жаҳон банки маблағлари ҳисобидан талабалар, магистрлар ва илмий изланувчилар ҳамда ёш профессор-ўқитувчиларнинг илмий ишланмалари асосида лойиҳаларнинг стартапларини яратиш ва амалиётга татбиқ этиш билан шуғулланувчи IT-инкубатор илмий инновацион марказини ташкил этсин;

Институтга тегишли ер майдонларида халқаро грант маблағлари ҳисобидан анор, хурмо, лимон, қора олхўри, узум ва бошқа мева-сабзавотларнинг юқори ҳосилли, йилига 23 маротаба ҳосил олишга имкон берадиган навларини яратиш бўйича кўргазмали дала майдонларини барпо этсин;

анор, хурмо, лимон, қора олхўри ва узум етиштиришнинг янги самарадор агротехнологияларини яратиш бўйича бажариладиган йиллик мақсадли илмий лойиҳаларни шакллантириб, илмий фаолиятга оид давлат дастурлари доирасида молиялаштириш учун Инновацион ривожланиш вазирлигига тақдим қилсин. Бунда, Инновацион ривожланиш вазирлиги тегишли илмий-техник кенгашларнинг асослантирилган хулосалари асосида белгиланган тартибда грант маблағларини ажратиш чораларини кўрсин;

манфаатдор вазирлик ва идоралар билан келишган ҳолда келгуси йиллар учун мўлжалланган ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастурлари доирасида Институт ҳудудида бино ва иншоотларни қуриш, реконструкция қилиш ҳамда капитал таъмирлаш ишларини олий таълим соҳасига ажратилган лимитлар доирасида амалга ошириш юзасидан Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигига таклифлар киритсин.

4. Қуйидагилар:

Термиз агротехнологиялар ва инновацион ривожланиш институти фаолиятини ташкил этиш бўйича чора-тадбирлар дастури 1-иловага мувофиқ;

Фан, таълим ва ишлаб чиқаришнинг узвий интеграциясини таъминлаш мақсадида Термиз агротехнологиялар ва инновацион ривожланиш институтидаги бакалавриат таълим йўналишлари ҳамда магистратура мутахассисликларига бириктирилаётган илмий-тадқиқот институтлари, ташкилотлар ва йирик хўжалик субъектлари рўйхати 2-иловага мувофиқ;

Термиз агротехнологиялар ва инновацион ривожланиш институтининг бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликларига амалиёт ўташ учун бириктирилаётган илмий-тадқиқот институтлари, ташкилотлар ва йирик хўжалик субъектлари рўйхати 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

5. Белгилансинки:

Институт Тошкент давлат аграр университети Термиз филиалининг барча ҳуқуқ ва мажбуриятлари бўйича ҳуқуқий вориси ҳисобланади;

Институтга қабул параметрлари белгиланган тартибда ҳар йили тасдиқланадиган республика олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси параметрларидан келиб чиққан ҳолда аниқланади.

6. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан биргаликда:

давлат таълим стандартлари, малака талаблари, ўқув режалари ва фан дастурларини ресурс тежовчи технологиялар, ривожланган хорижий мамлакатларнинг илғор тажрибалари ҳамда талабларидан келиб чиқиб қайта ишлаб чиқсин ҳамда ўқув жараёнига жорий этсин;

ҳудуднинг кадрларга бўлган эҳтиёжини эътиборга олиб, Институтда бакалавриат таълим йўналишлари бўйича кечки (сменали) таълимни ташкил этиш, 2022 йилдан бошлаб илмий салоҳиятни ошириш учун олий таълимдан кейинги таълим (докторантура)га қишлоқ хўжалиги ихтисосликлари бўйича қабулни ташкил этиш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин.

7. Институт фаолиятини молиялаштириш манбалари этиб қуйидагилар белгилансин:

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари;

тўлов-контракт асосида ўқитишдан тушадиган маблағлар;

хўжалик фаолиятидан ва шартнома асосида хизматлар кўрсатишдан тушадиган тушумлар;

халқаро молия институтлари ва хорижий ташкилотларнинг грантлари;

жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;

қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар.

8. Белгилаб қўйилсинки, Институтни бюджет маблағлари ҳисобидан сақлаш харажатлари 2021 йилда Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетидан биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчи сифатида Қишлоқ хўжалиги вазирлигига ажратилган маблағлар доирасида амалга оширилади, 2022 йилдан бошлаб эса Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети параметрларида назарда тутилади.

9. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва Сурхондарё вилояти ҳокимлиги халқаро молия институтларининг маблағлари ҳисобидан:

Институтнинг “Анорчилик” йўналишидаги профессор-ўқитувчиларини ва таҳсил олаётган ёш олимларини анор етиштириш тажрибасини ўрганиш учун илғор хорижий давлатларга малака ошириш курсларига ва стажировкаларга юборилишини;

хорижий давлатларнинг етакчи олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда ташкил этиладиган қўшма таълим дастурларининг ўқув режаларини хорижий экспертлар иштирокида белгиланган тартибда ишлаб чиқилишини;

Институтнинг профессор-ўқитувчиларини, илмий ва техник-муҳандис ходимларини ҳар йили Ўзбекистон ҳамда хорижий давлатларнинг етакчи олий таълим муассасаларида, илмий-тадқиқот марказларида, агрокластерларда, кооперацияларда ва йирик ишлаб чиқариш ташкилотларида стажировка ўташи бўйича дастурлар ишлаб чиқилишини ва унинг амалга оширилишини;

икки ой муддатда Институтнинг тузилмаси ва устави тасдиқланишини ҳамда белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилишини;

Институтга танлов асосида, шу жумладан, республика олий таълим муассасаларида фаолият юритаётган амалий тажрибага эга бўлган юқори малакали профессор-ўқитувчилар жалб этилишини;

Институтнинг ахборот-ресурс маркази маҳаллий ҳамда хорижий ўқув ва бадиий адабиётлар билан тўлдирилишини таъминласин.

10. Республика олий таълим тизимидаги мавқеи, илмий салоҳияти, узоқ йиллар давомида шаклланган анъаналарини инобатга олган ҳолда Тошкент давлат аграр университети зиммасига қуйидаги йўналишларда Институтга кўмак бериб бориш юклатилсин:

салоҳиятли кадрларни жалб этган ҳолда таълим ва илмий фаолиятни ташкил этиш, таълим, тарбия, илмий ва ўқув жараёнларини самарали бошқариш;

таълим жараёнига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш, дарслик, ўқув қўлланмалари, ўқув-услубий материаллар ва ахборот ресурслари билан таъминлаш;

профессор-ўқитувчиларнинг малакасини ошириш ва иқтидорли ёшлар селекциясини амалга ошириш, илмий-тадқиқот ишлари учун қўшимча шароитлар яратиш ва “устоз-шогирд” тизими асосида илмий мактабларни ривожлантириш.

11. Сурхондарё вилояти ҳокимлиги:

Институтга хориждан ва республиканинг бошқа ҳудудларидан ишга таклиф этилган мутахассисларни турар жой билан таъминлаш мақсадида Термиз шаҳрида қурилаётган арзон уй-жойлардан имтиёзли шартлар асосида эҳтиёждан келиб чиққан ҳолда хонадонлар ажратилишини;

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан биргаликда 2021 йил якунига қадар талабалар контингенти ошиб боришини ҳисобга олиб, 2022/2023 ўқув йилидан Институтга яқин бўлган ҳудуддан қўшимча бино ажратиш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритилишини таъминласин.

12. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва Сурхондарё вилояти ҳокимлигининг:

Институтга Тошкент давлат аграр университети Термиз филиалининг Сурхондарё вилояти, Термиз тумани, “Янгиобод” қишлоқ фуқаролар йиғини, Лимонзор қишлоғи ҳудудида жойлашган бино ва иншоотларини тегишли ҳудуди билан биргаликда оператив бошқарув ҳуқуқи асосида бериш, унинг ўқув ва лаборатория жиҳозлари, транспорт воситалари, қишлоқ хўжалиги техникалари, компьютер техникалари, ўқув адабиётлари ҳамда бошқа мол-мулкини топшириш;

Тошкент давлат аграр университети Термиз филиалининг барча талабаларини Институтнинг мос таълим йўналишлари ва мутахассисликларига ўтказиш ҳамда 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб битирувчи курс талабаларига белгиланган тартибда Институт дипломини бериш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин.

13. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 10 июлдаги “Тошкент давлат аграр университети Термиз филиали фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 479-сон қарори ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

14. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига мазкур қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

15. Мазкур қарорнинг ижросини ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб қишлоқ хўжалиги вазири Ж.А. Ходжаев, Сурхондарё вилояти ҳокими Т.А. Боболов белгилансин.

Қарор ижросини ҳар чоракда муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ш.М. Ғаниев зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси

         Президенти         Ш.МИРЗИЁЕВ

www.uza.uz

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan