Сиёсий партиялар ва ОАВ вакиллари ҳамда маҳаллий кенгаш депутатлари учун мўлжалланган республика ва ҳудудий тренерлар ўқувлари ташкил этилди – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

 

Янги Ўзбекистонда фуқароларнинг сиёсий фаоллиги, яратувчанлик руҳида яшаши ҳаёт тақозоси, ижтимоий заруратга айланиб улгурди.

Бугунги кунда фуқароларимиз нафақат ислоҳотларнинг фаол иштирокчиси, балки ташаббускорига айланиб бормоқда. Сайловлар ана шундай фаол фуқаролик позициясини намоён этишнинг муҳим воситаси, демократик тизимнинг устунларидан бири ҳисобланади.

Жорий йилда мамлакатимиз ва халқимиз ҳаётида катта сиёсий воқеа –Президентлик сайлови бўлиб ўтади. Бу муҳим сиёсий кампанияда сиёсий партиялар ва ОАВ фаоллиги сайловларни умумэътироф этилган халқаро стандартлар, принциплар асосида демократик, очиқ-ошкора ўтказилишида муҳим омил бўлиб хизмат қилади. 

Шу боис, сиёсий партиялар ва ОАВ вакиллари ҳамда маҳаллий кенгаш депутатларининг сайлов қонунчилиги ва халқаро стандартлар бўйича билимларини тизимли асосда такомиллаштириб бориш мақсадга мувофиқ ҳисобланади.

Мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган сиёсий партиялар ташаббуси билан ҳудудларда сиёсий партиялар фаолиятини ёритишга ихтисослашган ОАВ вакиллари, маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳлари аъзолари ҳамда сиёсий партиялар фаоллари (жами 6 184 нафар тингловчи) учун ўқув курслари ташкил этилиши режалаштирилган.

Ўқув курслари мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти, сайлов қонунчилиги, сиёсий партияларнинг дастурий мақсад ва вазифалари ҳамда сайлов жараёнларини ёритишнинг ўзига хос хусусиятларини тингловчиларга замонавий педагогик ва интерфаол усуллардан фойдаланган ҳолда етказишни мақсад қилган.

Мазкур ўқув курслари жорий йилнинг март-май ойларида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси ва ҳудудларда ўтказилиши мўлжалланган. Ушбу ўқув курсларига турли ташкилот ва идоралар тизимидан малакали олим ва мутахассислар маърузачи ва тренер сифатида жалб этилиши режалаштирилган.

Республика тренерлари ва ҳудудий тренерлар ўқувлари мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти бўйича етук билим ва амалий тажрибага эга бўлган маърузачилар томонидан амалга оширилади. Тренерлар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари, сиёсий партиялар, Давлат бошқаруви академияси, Тошкент давлат юридик университети, Олий ва ўрта-махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги Бош илмий методик маркази ва бошқа олий таълим ташкилотларидан шакллантирилган.

Мазкур ўқувларни юқори савияда ташкил этиш мақсадида жорий йилнинг 25 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси ва ҳудудларда ушбу ўқув курсларига жалб этилган республика ва ҳудудий тренерлар ўқуви ташкил этилди. Ушбу ўқувлар 52 нафар республика тренерлари учун анъанавий ва 352 нафар ҳудудий тренерлар учун масофавий шаклда ташкил этилди.

Ўқув курсида “Янги Ўзбекистонда амалга оширилган ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти”, “Сиёсий партияларнинг ташкилий-ҳуқуқий асослари”, “Сайловларни ташкил этиш ва ўтказиш жараёни”, “Шахсий ва касбий кўникмаларни ривожлантириш” каби устувор йўналишларда маъруза ва тренинглар ташкил этилди

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти директори Ф.Отахонов мазкур ўқув курсида “Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасининг мазмун-моҳияти” ва “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси асосида мамлакатда амалга оширилган ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти” мавзуларида, ҳамда Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти бўлим бошлиғи А.Акилов “Кўппартиявийлик тизими. Сиёсий партияларнинг дастурий мақсадлари ва уларнинг ўзаро фарқи” ва “Сайлов кампанияси стратегиясини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш” мавзуларида маърузалар қилишди.

Ўқув курсида мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар мазмуни, унинг ташкилий ва ҳуқуқий жиҳатлари, сайлов қонунчилик асослари, ҳудудлар ва соҳалардаги мавжуд муаммолар ва уларни ҳал этишда сиёсий партия фаолияти таъсирчанлигини ошириш, сиёсий партияларнинг замонавий сиёсий технологиялардан фойдаланиш, аҳолини қийнаб келаётган долзарб масалаларни ўрганиш ва ҳал қилиш усуллари кабиларга алоҳида эътибор қаратилган.

Ўқув курси сиёсий партиялар ва улар фаолиятини ёритишга ихтисослашган ОАВ вакиллари, маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳлари аъзолари учун ҳар жиҳатдан фойдали бўлиб, уларга мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти ҳақида янада таҳлилий маълумотларни ўзлаштириш имкониятини яратади. Шунингдек, тингловчиларни қизиқтираётган муаммоли масалаларга ечим топишга кўмаклашади.

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan