Мурожаатларни кўриб чиқиш якунлари бўйича давлат органлари раҳбарларининг ҳисоботлари эшитилди – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

2021 йилнинг 29-октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси биносида Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси томонидан жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларида кўтарилган масалалар қай даражада ҳал этилаётгани юзасидан мутасаддиларнинг ахбороти эшитилди.

Унда Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси раиси Д.Файзиева бошчилигида, Қўмита аъзолари, Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти директори Ф.Отахонов, Ташқи ишлар вазири ўринбосари Э.Ҳамроев, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги бошлиғи Х.Умаров, Ёшлар парламенти аъзолари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Қайд этилганидек, мазкур эшитувни ташкил этишдан асосий мақсад – жисмоний ва юридик шахсларнинг, шу жумладан, хорижий мамлакатлардаги Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг мурожаатларини кўриб чиқиш ҳолатини ўрганиш ва уларни ҳал қилиш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирларнинг самарадорлигини оширишдан иборат.

Йиғилишда дастлаб Ташқи ишлар вазири ўринбосари Э.Хамраевнинг ахбороти эшитилди.

Вазирликнинг маълумотига кўра, жорий йилнинг 9 ойи давомида вазирликка жами 14641 та мурожаат келиб тушган бўлиб, улардан 1918 таси виртуал қабулхонлар орқали, 12723 таси ёзма ва 11 мингдан ортиқ оғзаки мурожаатлардир. Ушбу мурожаатларда кўтарилган масалалар юзасидан фуқароларга тегишли жавоблар қайтарилган.

Жумладан, хориждаги Ўзбекистон фуқароларига консуллик-ҳуқуқий ёрдами кўрсатиш, шахсни тасдиқловчи ҳужжатини йўқотган ва моддий жиҳатдан қийин аҳволга тушиб қолган фуқароларни республикага қайтариш, фуқароларга нисбатан қўзғатилган жиноят ишлари холисона кўриб чиқилиши бўйича илтимосномалар киритиш, вафот этганнинг жасадларини Ўзбекистонга олиб келиш, ташқи савдо ва инвестиция соҳасидаги масалаларга оид мурожаатларни ҳал қилиш бўйича вазирлик томонидан тизимли ишлар йўлга қўйилган.

Эшитув давомида шунингдек, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи ишлар миграцияси агентлиги бошлиғи Х.Умаровнинг ҳам ахбороти тингланди.

Ахборотда келтирилганидек, жорий йилнинг учинчи чораги якунига қадар Агентлик ва унинг тузилмаларига жисмоний ва юридик шахслардан жами 180 022 та мурожаатлар келиб тушган бўлиб, улардан 7 833 таси ёзма, 172 189 таси оғзаки мурожаатларни ташкил этади.

Йиғилишда депутатлар ҳозирги пандемия шароитида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларида кўтарилаётган долзарб масалалар қандай тартибда ҳал этилаётгани билан қизиқди.

Таъкидландики, айни вақтда юридик ва жисмоний шахслар мурожаатларини оғзаки, ёзма ва электрон шаклда қабул қилиш учун жорий қилинган инновацион тизимдан фойдаланиш, жумладан, электрон мурожаатларни қабул қилиш учун (info@migration) электрон почтаси, хорижда моддий ёрдамган муҳтож бўлган меҳнат мигрантлари учун (birgamiz.com) махсус платформаси, ЕХҲТ билан ҳамкорликда меҳнат миграциясига доир маслаҳат олиш учун https://consalting.labormigration.uz онлайн платформаси, «Call марказ» ҳамда «1282» қисқа рақами ташкил этилган.

Депутатлар хорижга ишлаш мақсадида чиқаётган фуқаролар учун чет тилларини билиш ва касбий малака даражасини оширишга қаратилган комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва уни тизимли равишда амалга оширишга алоҳида эътибор қаратиш зарурлигини таъкидлади.

Вазирлик ва агентлик тизимида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини такомиллаштириш, мурожаатларни ҳал қилиш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирларнинг самарадорлигини янада ошириш бўйича бир қатор таклиф ва тавсиялар берди.

Йиғилишда кун тартибидаги масалалар юзасидан қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan