2021 йил 2 ноябрь куни Олий Мажлис Сенати Раиси Т.Нарбаеванинг Япониянинг мамлакатимиздаги фавқулодда ва мухтор элчиси Ёшинори Фуджияма билан учрашуви бўлиб ўтди.
Элчи 24 октябрь куни бўлиб ўтган Президент сайлови, мамлакатда хорижий давлатлар билан ҳамкорлик борасида олиб борилаётган сиёсатга юқори баҳо берди.
Томонлар сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни кенгайтириш, гендер тенгликни таъминлаш билан боғлиқ масалаларнинг бугунги ҳолати ва истиқболларини муҳокама қилдилар.
Бирлашган миллатлар ташкилоти лойиҳалари доирасида қишлоқ жойлардаги аёлларни қўллаб – қувватлаш борасидаги ижобий ишлар қайд этилди.

Савдо, инвестиция, транспорт ва логистика, қишлоқ хўжалиги, туризм, илм-фан ва таълим соҳаларида алоқаларни чуқурлаштиришга қаратилган “Марказий Осиё + Япония” мулоқоти икки томонлама ҳамкорликнинг муҳим механизми экани таъкидланди.
Мулоқот чоғида “Ўзбекистон-Япония” парламентлараро форуми доирасидаги алоқаларни мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари муҳокама этилди. Учрашувда унинг навбатдаги мажлисини 2022 йилда Ўзбекистонда ўтказиш таклиф этилди.
Ўзаро қизиқиш уйғотган кўплаб соҳаларда манфаатли ҳамкорлик масалаларига ҳам тўхталиб ўтилди.

www.senat.uz