Қонунчилик палатаси мажлислари – янгича форматда – Қонунчилик муаммолари институти
Мақолалар Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 22 декабрдаги Олий Мажлисга қилган Мурожаатномаси парламент фаолиятининг мутлақо янги даври бошланишига туртки бериб, парламентнинг мамлакат ички ва ташқи сиёсатидаги ролини ошириш бўйича дастуриламал бўлди.

Сўнгги беш йил ичида парламентни ҳақиқий демократия мактабига, ислоҳотларнинг ташаббускори ва асосий ижрочисига айлантириш бўйича салмоқли ишлар амалга оширилди.

Мазкур ислоҳотлар натижаси ўлароқ, бугун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг очиқлиги ва ошкоралиги, унинг қонун ижодкорлиги ва парламент назоратини амалга ошириш бўйича вазифалари ижроси сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилди. Мазкур жараёнларнинг амалга оширилишида Қонунчилик палатаси мажлислари муҳим аҳамият касб этади.

Қонунчилик палатаси мажлисларининг ўтказилиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, Ўзбекистон Республикасининг «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси тўғрисида»ги 434–II-сонли Конституциявий қонуни, Ўзбекистон Республикасининг «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Регламенти тўғрисида»ги 522-II-сонли Қонуни, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Регламентида белгиланган.

Амалга оширилган ислоҳотлар доирасида Қонунчилик палатаси мажлисларининг ўтказилиш тартибига бир қатор муҳим ўзгаришлар киритилди.

I. Қонунчилик палатасининг фаолиятида очиқлик ва шаффофлик бош мезонга айланди

Ижтимоий тармоқлар, YouTube видеохостингида “Oliy Majlis Qonunchilik palatasi” номли расмий саҳифалар орқали палата фаолиятига доир тезкор ва холис ахборот тақдим қилиниши йўлга қўйилди. Қонунчилик палатаси мажлислари, сиёсий партиялар фракциялари, қўмиталар йиғилишларини оммавий ахборот воситалари орқали тўғридан-тўғри эфирга узатиш амалиёти жорий этилди.Жумладан, «Ҳукумат соати» тадбирлари палатанинг YouTubeдаги расмий саҳифаси орқали жонли эфирда намойиш этилмоқда.

Мажлисларнингахборот-коммуникация технологияларидан кенг фойдаланган ҳолда видеоконференсалоқа режимида ўтказилиши амалиётининг йўлга қўйилиши депутатларнинг ҳудудлардаги назорат-таҳлилий ҳамда тарғибот-ташвиқот ишларини узлуксиз равишда амалга оширишларига қулайликлар яратилди.

II. Қонун лойиҳалари муҳокамаси бўйича фракциялар аро рақобат кучайди

Сиёсий партиялар фракцияларининг қонун ижодкорлиги соҳасидаги фаоллигини оширишга қаратилган ишлар жадаллашди. Хусусан, масъул қўмита биринчи ҳамда кейинги ўқишларда фракцияларнинг фикрлари ва таклифларини депутатларга етказиши шартлиги белгиланди. Фракцияларнинг қонун лойиҳаси бўйича фикрлари ва таклифлари мажбурий тарзда ҳамда ҳар томонлама муҳокама қилиниши лозимлиги мустаҳкамланди.

Шунингдек, фракциялар ўз дастурий вазифаларидан келиб чиқиб, қонун лойиҳаларининг жойларда фуқаролар иштирокидаги муҳокамасини ҳамда улар бўйича келиб тушган таклифларни ўрганишни сиёсий партиялар тегишли ташкилотларининг ходимларини жалб этган ҳолда ташкил этиши,фракциялар ўрганишлар якунларига кўра келиб тушган фикрлар ва таклифларни ўз мажлисларида муҳокама қилиш амалиёти жорий қилинди.

Бир сўз билан айтганда, қонун лойиҳалари фракцияларнинг йиғилишларида дастлабки тарзда кўриб чиқилмасдан туриб Қонунчилик палатаси мажлисининг кун тартибига киритилмаслигига доир қоида мустаҳкамлаб қўйилди.

2017–2021 йилларда 20 дан ортиқ қонун лойиҳаси қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъектига ҳамда 30 дан ортиқ қонун лойиҳаси қайта ишланиши учун қўмиталарга қайтарилганлиги ҳолатини ушбу ислоҳотларнинг маҳсули деб аташ мумкин.

III. Қонун лойиҳаларини кўриб чиқиш ва қабул қилишда янгича ёндашув

Илгари биринчи ўқишдаги қонун лойиҳаси юзасидан маъруза билан масъул қўмита вакили чиқиш қилган бўлса, ҳозирда биринчи ўқишдаги қонун лойиҳаси юзасидан қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъекти ёки унинг вакили, кейинги ўқишларда эса масъул қўмита вакили маъруза билан сўзга чиқади.

Ушбу тартиб ташаббускор идораларнинг сифатли қонун лойиҳаларини ишлаб чиқишдаги масъулиятининг оширилиши, қўмита ва депутатларнинг холислигини таъминлаш,ташаббускор идора вакили қонун лойиҳасининг аҳамиятини депутатлар олдида асослаб бера олмаган ҳолларда лойиҳани кўриб чиқишни рад этиш амалиётининг кенгайиши орқали қонун лойиҳаларининг муҳокамаси ҳар томонлама мукаммал бўлишига хизмат қилмоқда.

Биринчи ўқишда қабул қилинган қонун лойиҳасининг матни, қоида тариқасида, Қонунчилик палатасининг расмий веб-сайтида, зарур бўлган ҳолларда эса, оммавий ахборот воситаларида эълон қилиниши белгиланди. Бунда энг муҳим ижтимоий,иқтисодий аҳамиятга эга бўлган қонун лойиҳалари Қонунчилик палатасининг уни биринчи ўқишда қабул қилиш ҳақидаги қарорига мувофиқ қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида жойларда фуқаролар иштирокидаги кенг муҳокамага чиқарилиши мумкин.

Эндиликда, қонун лойиҳасини Қонунчилик палатаси томонидан иккинчи ўқишда кўриб чиқиш чоғида муҳокама моддама-модда ўтказилади. Бунда масъул қўмита томонидан маъқулланган фикрлар ва таклифлар ҳам, маъқулланмаган фикрлар ва таклифлар ҳам муҳокама қилинади. Қонун лойиҳаси бўйича овоз бериш, қоида тариқасида, моддама-модда ўтказилади. Қонунчилик палатасининг қарорига кўра, қонун лойиҳаси бўйича овоз бериш боблар ёки бўлимлар бўйича, шунингдек бир неча моддалар бўйича бир вақтнинг ўзида ўтказилиши мумкин.

Қонун нормаларининг халқчиллигини таъминлаш мақсадида янги амалиёт — «электорат билан маслаҳатлашувлар» институти жорий этилди, фуқаролик жамияти институтлари ҳамда илмий-тадқиқот муассасалари қонун лойиҳалари муҳокамаларига кенг жалб қилинмоқда.

Янги тартибга кўра, масъул қўмита маромига етказилган қонун лойиҳаси бўйича фикрлар ва таклифларни олганидан сўнг қонун лойиҳасини киритган қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъекти вакиллари, фуқаролик жамияти институтлари ҳамда илмий-тадқиқот муассасалари вакиллари иштирокида лойиҳа муҳокамасини ташкил этади. Ҳозирда олимлар ва соҳа мутахассислари нафақат қўмиталар мажлисларига, балки палата мажлисларига ҳам таклиф этилиб, қонун лойиҳалари бўйича уларнинг фикрлари олинмоқда.

IV. Қонунчилик палатаси мажлисларида назорат-таҳлил фаолиятига алоҳида эътибор қаратилмоқда

2019 йилдан бошлаб Вазирлар Маҳкамасининг Давлат дастури ижроси бўйича парламент олдида ҳар чоракда ҳисобот бериш амалиёти йўлга қўйилди, мунтазам равишда ўтказиладиган «Ҳукумат соати» институти жорий этилди, парламент назорати объектлари доираси янада кенгайтирилиб, хўжалик бошқаруви органлари раҳбарларига ҳам парламент сўровини юбориш, ҳам уларнинг ўз фаолиятига доир масалалар юзасидан ахборотини парламент палаталарининг мажлисларида эшитиш амалиёти ўрнатилди.

2019 йил ва 2021 йилнинг август ойига қадар Вазирлар Маҳкамасининг давлат дастурларининг бажарилиш ҳолати юзасидан ҳисоботи 10 маротаба кўриб чиқилди. Бу борада вазирлик ва идоралар фаолияти самарадорлигини оширишга қаратилган қатор таклифлар ишлаб чиқилди.

Ушбу даврда27 маротаба «Ҳукумат соати» ўтказилиб, уларда жами 33 нафар ҳукумат аъзоси халқ вакилларининг жамиятдаги долзарб масалалар юзасидан саволларига атрофлича жавоблар беришди.

V. Қонунчилик палатасининг Барқарор ривожланишнинг миллий мақсад ва вазифаларига эришишдаги роли ошди

2020 йилдан Ўзбекистон Республикасини Барқарор ривожлантириш соҳасидаги Миллий мақсадлар ва вазифаларнинг ўз вақтида, сифатли бажарилишини таъминлаш юзасидан ҳукумат аъзолари ва тармоқ раҳбарларининг ҳисоботини мунтазам эшитиб бориш амалиёти йўлга қўйилди.

Хусусан, «темир дафтар»га киритилган эҳтиёжманд фуқароларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш масалаларини палата мажлисларида мунтазам кўриб чиқиш амалиёти жорий этилди.

Шунингдек, парламент назорати бўйича бир қатор тадбирлар амалга оширилди. Масалан, коронавирус пандемияси даврида аҳолининг энг заиф қатламларига, тадбиркорлик субъектларига ва бошқа тоифадаги фуқароларга имтиёзлар ва преференциялар бериш ҳолатини ўрганиш учун депутатларнинг ҳудудларга сафари ташкил этилди. Олинган натижалар бўйича Бош вазир ўринбосари – Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирига фуқароларнинг қашшоқлик даражасини пасайтириш бўйича ишлар ҳолати тўғрисида парламент сўрови юборилди. Қабул қилинган маълумотларга кўра, Қонунчилик палатаси мажлисида Бош вазир ўринбосарининг ҳисоботи тингланди.

Бундан ташқари, фуқароларнинг долзарб муаммоларини зудлик билан ҳал этиш мақсадида ҳар бир сайлов округида Қонунчилик палатаси депутатларининг сайёр қабуллари ташкил этилди.

VI. Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари институти ва Ёшлар парламенти қонунчилик жараёнига кенг жалб этилмоқда

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти Қонунчилик палатаси қўмиталари, комиссиялари, депутатларининг қонун лойиҳалари ва қонунлар юзасидан буюртмалари бўйича қонунчиликнинг, ҳуқуқни қўллашнинг долзарб масалалари ва хорижий тажриба бўйича илмий, ахборот-таҳлилий материалларни тайёрлаш, қонун лойиҳаларини ишлаб чиқишда уларга кўмаклашиш бўйича ишларни амалга ошириб келмоқда.

Бундан ташқари, Қонунчилик палатаси мажлисларида Институт ходимлари қатнашиши орқали баҳс-мунозараларга сабаб бўлаётган масалалар юзасидан илмий асослантирилган хулосалар бериб келинмоқда, биринчи ўқишда қабул қилинган қонун лойиҳалари бўйича муҳокамаларнинг ташкил этилишида, уларнинг тартибга солиш таъсири ва қабул қилинган қонунларнинг амалдаги таъсирини баҳолашда фаол қатнашиб келмоқда.

Қолаверса, Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламенти аъзоларини қонунчилик ва қонун ижодкорлиги жараёнига кенг жалб этиш, қабул қилинаётган қонунларни ёшлар орасида тарғиб қилиш, қонун ижодкорлиги ва ҳуқуқни қўллаш амалиётининг долзарб муаммоларини ёшлар иштирокида муҳокама қилиш ва уларни бартараф этишга қаратилган таклифлар тайёрлаш, ёшларнинг парламент фаолияти ва қонун ижодкорлигининг барча босқичларидан хабардорлигини оширишга кўмаклашиш орқали уларнинг парламент ҳаётига дахлдорлигини ошириш ишлари жадал давом этмоқда.

Хусусан, Ёшлар парламенти ташкил этилганидан буён Қонунчилик палатасига киритилган 19 та қонун лойиҳаси юзасидан Ёшлар парламенти томонидан ёшларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга оид таклифлар тайёрланди.

Юқоридагиларга асосланиб, бугунги кунда Қонунчилик палатаси мажлислари қонун ижодкорлиги ва парламент назоратини амалга ошириш жараёнларининг авж нуқтаси ва чинакам халқ вакиллигининг кўзгусига айланди десак, муболаға бўлмайди.  

Тўраев Акмал,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги

Қонунчилик муаммолари ва парламент

тадқиқотлари институти бош илмий ходими

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan