Халқаро кузатувчилар: Ўзбекистон демократик тараққиёт йўлидан ортга қайтмайди – Парламент тадқиқотлари институти
Мақолалар Сайловга оид мақолалар Сайловга оид янгиликлари Янгиликлар

Жорий йилнинг24 октябрида халқаро сайлов стандартларига мос тарзда қонуний ва ҳаққоний бўлиб ўтган Президент сайлови том маънода, мамлакатимизнинг ўзи танланган демократик тараққиёт йўлидан ҳеч қачон ортга қайтмаслигини яна бир бор исботлаб берди, десак айни ҳақиқатни айтган бўламиз. Буни сайлов жараёнини холис кузатиб борган халқаро кузатувчилар томонидан берилган юксак баҳолар ва ижобий фикрлар мисолида кўриш мумкин.

Маълумки,сайловни жами 971 нафаркузатувчи,жумладан, 45 та давлатдан 631 нафар халқаро кузатувчи ҳамда 18 та халқаро ташкилот вакиллари кузатиб боришди. Қиёслаш тарзида айтиш керакки, 2015 йилда бўлиб ўтган Президент сайловида чет эллик 296 нафар кузатувчи қатнашган бўлса, бу кўрсаткич 2016 йилги Президент сайловида 555 нафарни ташкил этган. Рақамлар ҳам яққол кўрсатиб турибдики,Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва сиёсий жараёнларга дунё ҳамжамиятида катта қизиқиш мавжуд.

Президент сайловини кузатиб борган халқаро кузатувчилар миссиясида жаҳоннинг энг нуфузли ташкилотлари, хусусан, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Парламент Ассамблеяси (ЕХҲТ ПА), ЕХҲТнинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси (ДИИҲБ) миссиялари, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (МДҲ), Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти (ШҲТ), МДҲ Парламентлараро Ассамблеяси (МДҲ ПА) ва Туркий тилли давлатлар Парламент Ассамблеяси (ТуркПА)дан вакиллар қатнашди.

Шунингдек, сайловдаАҚШ, Сингапур, Туркия, Япония, Чехия Республикаси, Кувайт, Россия Федерацияси ва Озарбайжон каби давлатларнинг вакиллари ҳам кузатувчи сифатида фаолият юритишди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида хорижий кузатувчиларнинг иштироки муҳим аҳамият касб этди

Таъкидлаш жоизки, бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида хорижий кузатувчиларнинг иштироки қуйидаги ўзига хос жиҳатлари билан алоҳида аҳамият касб этди:

биринчи, ўзаро ижобий ва халқаро тажрибалар алмашинуви учун янги имкониятлар яратилди.

Сайлов жараёни нафақат сиёсий жараён сифатида, балки самарали ва манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш, ўзаро тажриба алмашиш ҳамда алоқаларни янада мустаҳкамлаш учун янги шарт-шароитларни яратиб бериши билан ҳам алоҳида аҳамиятга эгадир. Шунингдек, ушбу жараён халқаро кузатувчиларнинг ўз тажрибалари асосида маҳаллий кузатувчиларга сайловларни самарали ташкил этиш борасидаги аниқ ва фойдали маълумотларни тақдим этишлари учун ҳам имконият яратиб берди.

Хусусан, сайлов кампанияси даврида ЕХҲТ миссияси ва Европа Парламентининг узоқ ва қисқа муддатли халқаро кузатувчилар Миссияси жами 1267 та сайлов участкаларига ташриф буюриб, ташкилий жараёнлар билан бевосита танишишди, маҳаллий кузатувчилар томонидан уларга сайлов қонунчилигидаги сўнгги ўзгартишларнинг мазмун-моҳияти ҳақида тушунтиришлар берилиб,ўзаро тажрибалар алмашинди.

Халқаро кузатувчилар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари,Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман), Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, шунингдек бошқа қатор вазирлик, идоралар, олий ўқув юртлари, илмий-тадқиқот муассасалари, нодавлат нотижорат ташкилотлар ва ОАВ вакиллари билан учрашувлар ўтказиб, нафақат сайлов жараёнларини кузатиш, балки ҳамкасблари билан истиқболли ҳамкорликни янада кенгайтириш бўйича фикр-мулоҳазалар алмашдилар.

ДИИҲБ кузатувчилари округ сайлов комиссиялари очиқ тарзда ишлаётгани, тўлиқ жиҳозлангани ва ходимлар билан таъминланганлигини, шунингдек сайлов участкалари сайлов кунидан анча олдин сайловга тайёр эканлигини алоҳида таъкидлаб ўтишди, бу борада Ўзбекистонда ўзига хос тажриба мактаби яратилганлигини алоҳида таъкидлаб ўтдилар.

Шунингдек, ШҲТ кузатувчилар миссияси раҳбари, ШҲТ бош котиби ўринбосари Й.Ашимовҳудудлардаги сайлов участкаларининг сайловларни ўтказиш бўйича тайёргарлик ҳолати юзасидан фикр билдириб,Ўзбекистонда Президент сайлови миллий қонунчилик талаблари ва халқаро мажбуриятларга мос равишда эркин, қонуний ва демократик руҳда ўтганлигини алоҳида таъкидлади. Мазкур сайловларда овоз бериш натижаларини шубҳа остига қўядиган қонун бузилиш ҳолатлари кузатилмаганлиги, ушбу жараёнга замонавий ахборот технологиялари кенг татбиқ қилинганлигини эътироф этди.

Айтиш жоизки, ЕХҲТ ДИИҲБ, ЕХҲТ ПА ва Европа Парламенти кузатувчиларининг қўшма миссияси сўнгги йилларда мамлакатдаги ҳуқуқий база жиддий ислоҳ қилингани ва ўзгаришларнинг аксарияти аввалги тавсияларга мос тарзда амалга оширилганини эътироф этди;

иккинчи, сайлов демократиянинг муҳим мезони сифатида қонунийлик ва ҳаққонийликни таъминлаш омили сифатида кўзга ташланди.

Таъкидлаш жоизки, сайлов жараёни1672 нафар журналист томонидан кузатиб борилди. Бу эса сайлов жараёнининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлашга хизмат қилди. Сайлов кампанияси даврида хорижий ва миллий нашрларда 76 мингдан зиёд(бу 2019 йилги парламент сайлови давридаги кўрсаткичдан 34 мингтага кўп демак) материал эълон қилингани ҳам фикримизнинг исботидир.

Аксарият кузатувчилар ва халқаро ташкилотларнинг ҳисоботида ахборотдан фойдаланиш имконияти ортгани, айрим ижтимоий ва сиёсий масалаларни танқидий нуқтаи назардан ёритиш имконияти кенгайгани, танқидий материаллар эътиборсиз қолмаётгани ва давлат органлари уларни тезкор таҳлил қилиш ҳамда расмий муносабат билдириш орқали халқ билан очиқ ва самарали мулоқотга киришаётгани эътироф этилганлигини мамнуният билан тилга олиш жоиз.

Президент сайловида халқаро кузатувчи сифатида мамлакатимизга ташриф буюрган МДҲнинг сайловдаги миссияси раҳбари, МДҲ Ижрочи котиби Сергей Лебедевнинг таъкидлашича, ўтказилган сайлов Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва Сайлов кодекси талабларига тўлиқ мос ҳолда, рақобатбардош, эркин, очиқ ва ошкора, демократик сайловларни ўтказишнинг умумэътироф этилган тамойилларига жавоб беради. «Ўзбекистондаги сайловларнинг ажралиб турган жиҳати қора пиар ва манфаатлар тўқнашувининг йўқлиги бўлиб қолмоқда, бу эса мамлакатдаги сайлов жараёнининг Ғарб мамлакатларидаги сайловлардан ижобий фарқланиб туришини кўрсатади», дея юқори баҳолади.

Масалан, Президентликка номзодларнинг ҳар бири учун «Ўзбекистон-24», «Ўзбекистон», «Ёшлар», «Маҳалла» ҳамда «Маданият ва маърифат» телеканалларида 210 дақиқа бепул эфир вақти ажратилди. Ҳар бир телерадиоканалда сиёсий партияларнинг сайловолди ташвиқотига оид телекўрсатувлар ва радиоэшиттиришлар 150 сонияли қисмда 4 мартадан эфирга узатиб борилди. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг 13 та минтақавий телеканалида эса шу мақсадлар учун 1 минг 900 дақиқа вақт берилди.

Яна бир эътиборли жиҳат. Бу йилги сайлов кампаниясини биринчи марта мамлакатимизнинг туман ва шаҳарларидаги 207 та сайлов участкасига ўрнатилган 414 та видеокамера (бу 2019 йилги парламент сайлови давридаги кўрсаткичдан 147 фоизга кўп демак) орқали узатилган онлайн намойишлар миллионлаб одамлар овоз бериш жараёнларини тўғридан-тўғри кузатиб бориши учун қулай имконият туғдирди. Бу жараён Марказий сайлов комиссиясининг сайлов портали ва Матбуот хизмати биносидаги улкан экранда, шунингдек «Ўзбекистон-24» телеканали орқали тўғридан-тўғри ҳамда узлуксиз тарзда намойиш қилиб борилганлиги сайловларда барча демократия тамойиллари асосида ошкораликни таъминлаб берди.

Келтириб ўтиш ўринлики, бу йилги Президент сайловида номзодларнинг таржимаи ҳоли ва сайлов дастури акс этган 847 минг 370 дона ташвиқот плакати ўзбек, рус, қорақалпоқ тилларида ҳамда илк маротаба тожик, қозоқ, туркман ва қирғиз тилларида чоп этилиб, сайловчилар эътиборига ҳавола этилди. Номзодлар ҳақидаги маълумотлар мамлакат бўйлаб ўрнатилган 421 та электрон мониторда мунтазам намойиш қилинди;

учинчи, халқаро кузатувчилар мамлакатимизда сўнгги йилларда барча соҳаларда амалга оширилган кенг қамровли ислоҳотлар ва янгиланишларнинг бевосита гувоҳи бўлиш имконияти яратилди.

Бўлиб ўтган сайловнинг натижалари сўнгги йилларидаги демократик ислоҳотларнинг натижаси эканлиги хорижий кузатувчилар томонидан алоҳида эътироф этилди.ЕХҲТнинг махсус координатори Рейнхолд Лопатка Ўзбекистондаги сайлов жараёнининг яхшиланганлигини қайд этиб, «Сизлар тўғри йўлдасизлар, лекин бу охирги қадам эмас, навбатдаги қадамларни ҳам қўйиш керак», дея ишонч билдирди.

Президент сайловини нафақат халқаро ташкилотлар, балки дунёнинг қатор ривожланган мамлакатлари, хусусан, АҚШ ҳукумати ҳам катта эътибор билан кузатди. АҚШ Давлат департаменти матбуот котиби Нед Прайс матбуотга берган баёнотида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови натижаларига тўхталиб, Қўшма Штатлар жорий йил 24 октябрда бўлиб ўтган президент сайловларида Ўзбекистон халқи ўз хоҳиш-иродасини эркин ифода этиш ҳуқуқидан фойдаланганини қўллаб-қувватлашини билдирди. AҚШ Давлат департаменти ЕХҲТ ДИИҲБ Миссиясининг овоз бериш жараёни тинч муҳитда ўтгани ва сайловчиларнинг юқори фаоллиги билан ажралиб тургани ҳақидаги эътирофларига қўшилишини, Қўшма Штатлар Ўзбекистон ҳукумати ва ЕХҲТ ДИИҲБ миссияси ўртасидаги ҳамкорлик яхшиланганини олқишлашини ҳамда ЕХҲТ тавсияларининг келгуси сайловларда, шунингдек фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқларни илгари суришда ҳам давом этишига катта ишонч билдиришини алоҳида таъкидлаб ўтди. «Биз Ўзбекистон ҳукумати билан икки томонлама ва минтақавий аҳамиятга эга ушбу ва бошқа кўплаб масалалар бўйича ҳамкорликни давом эттириш тарафдоримиз», – дейилади АҚШ Давлат департаменти баёнотида;

тўртинчи, халқаро кузатувчиларнинг миллий кузатувчилар билан ўзаро ҳамкорлиги янгича форматга кўчди. Чунончи, маҳаллий кузатувчиларнинг халқаро кузатувчилар билан ўзаро ҳамкорлиги сайлов соҳасидаги стандартларни ўрганиш ва маҳаллий сайловларда қўллаш имконини берди. ДИИҲБнинг Сайловни кузатиш миссияси раҳбари Оуэн Мёрфи ҳали қилинадиган ишлар талай эканлигига қарамасдан, ўтказилаётган ислоҳотлар келгусида кўплаб яхши натижалар беришига ишонч билдирди.Шунингдек, у сўнгги пайтларда ОАВ ва Интернет муҳитида анча ижобий ўзгаришлар кузатилганига эътибор қаратди ва бу борада доимий ҳамкорлик масаласига тўхталди.

ЕХҲТ ПА раиси Маргарета Седерфелт сайлов жараёнлари юқори савияда ташкил этилганлиги, бу аҳолининг сиёсий маданияти юксалиб бораётганлигидан далолат эканлиги, илк бор овоз бераётган ёшларнинг фаоллиги кузатилганлиги ҳақида маълумотлар берди. Айниқса, жисмоний имконияти чекланган сайловчиларга яратилган шароитлар кўламини алоҳида қайд этди.

Уюшқоқлик ва юқори савияда ўтказилган сайловнинг якунлари юксак баҳоланди

Мамнуният билан таъкидлаш лозимки, ЕХҲТ ДИИҲБ ЭБМнингжорий йил 24 октябрда ўтказилган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови натижалари ва хулосалари тўғрисидаги дастлабки Баёнотида қуйидаги муҳим ижобий ўзгаришлар қайд этилди:

– охирги йилларда сайловга оид қонунчиликда жиддий ислоҳотлар олиб борилганлиги ва қабул қилинган тузатишлар ЕХҲТ ДИИҲБнинг қатор тавсиялари ижобий ҳал қилинганлиги;

– Марказий сайлов комиссияси (МСК) томонидан барча даражадаги комиссиялар аъзолари учун кенг кўламли «каскад» усулидаги ўқувлар йўлга қўйилгани, бошқалар учун овоз бериш билан боғлиқ муаммони ҳал этишга алоҳида эътибор қаратган ҳолда, сайловчиларни сайловнинг ўзига хос жиҳатлари ҳақида хабардор қилиш учун кенг қамровли кампания ўтказилганлиги;

– COVID-19 пандемияси билан боғлиқ муаммоларга қарамай МСК ўз фаолиятини қонун ҳужжатларида белгиланган муддатларда профессионал ва самарали амалга оширгани,жумладан, МСК илк бор онлайн трансляция режимидаги очиқ мажлисларда ўз қарорларини қабул қилиб, веб-сайтида ўз вақтида эълон қилгани сайлов жараёнини ошкора ва шаффоф бўлаётганини кўрсатиб берганлиги;

– МСК томонидан сайлов кунига қадар мамлакат бўйлаб сайловчиларни сайловлар тўғрисида бир неча тильда хабардор қилиш бўйича кенг қамровли ва кенг кўламли кампания ташкил этилганлиги, шу жумладан сайловчиларга саволлар бериш ва реал режимда жавоб олиш имконияти яратилиб, телефон ахборот тармоғи ва ижтимоий тармоқларда саҳифалар ишга туширилганлиги;

– сайловчилар рўйхати кенг жамоатчилик эътиборига эълон қилинганлиги ҳамда 2019 йилда жорий этилган Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати (СЯEР) ушбу сайлов учун янгиланиб, қатор вазирлик ва давлат идораларининг маълумотлар базалари билан интеграция қилинган ҳолда янада такомиллаштирилганлиги;

– ОАВ учун ахборот муҳити яхшиланиб, маҳаллий ҳукумат органлари фаолияти ва ижтимоий муаммоларни, хусусан, Интернет орқали янада танқидий равишда ёритишга кенг йўл очиб берилганлиги;

– сайловлардаги тортишувли ҳолатларни ҳал қилиш механизми такомиллаштирилиб, ДИИҲБнинг аввалги тавсияларига мувофиқ, мунозарали ҳолатларни ҳал қилишнинг параллель усулларига барҳам берилганлиги;

– овоз бериш материаллари, шу жумладан, муддатидан олдин овоз бериш учун, шунингдек бошқа ускуналар участка сайлов комиссияларига ўз вақтида тақдим этилганлиги;

– ҳуқуқий базада қилинган сўнгги ўзгартиришларга кўра, маъмурий ресурслардан ноқонуний фойдаланиш, шу жумладан, мансабдор шахсларнинг сайловолди кампанияларда иштирок этиши тақиқланганлиги;

– Миллий давлат телевидениеси ва газеталари ҳар бир номзодга, жумладан, Миллий телерадиокомпаниянинг бешта телеканалида 3,5 соатдан бепул трансляция ҳамда миллий босма нашрларда ҳар ҳафталик нашр учун жой ажратиш орқали ўз мажбуриятини бажарганлиги;

– имконияти чекланган сайловчиларнинг сайловда иштирок этиши учун қулай ва тенг шароитлар яратилиб, бу борада махсус чора-тадбирлар амалга оширилганлиги;

– барча даражадаги сайлов комиссиялари фаолиятига оид, жумладан, бошқалар учун овоз беришнинг олдини олиш ва сайлов куни сайлов тартиб-қоидаларига қатъий риоя этилишини таъминлаш, шунингдек сайловчилар ва номзодларни рўйхатга олиш, сайлов кампаниясини ўтказиш, уни ОАВда ёритиш бўйича янгиланган қонунчилик базасининг жорий этилганлиги;

– Сайлов кодексига киритилган сўнгги ўзгартишлар ДИИҲБнинг аввалги тавсияларини ҳисобга олган ҳолда такомиллаштирилганлиги алоҳида эътироф этилди.

Албатта, ЭБМ ҳисоботида танқидий мулоҳазалар ҳам кўрсатиб ўтилди. Марказий сайлов комиссияси ЕХҲТ ДИИҲБнинг позициясига мамнуният билдириб, уларни кўриб чиқишга тайёрлигини маълум қилди. Шу билан бирга, сайловларни ўтказиш борасидаги кўп йиллик тажрибага, миллий қонунчилик ва халқаро амалиётга асосланиб, уларнинг айримлари бўйича принципиал позицияси мавжуд эканлигини қайд этди. Ҳақиқатдан ҳам, ўтказилган ҳар бир сайлов натижасига кўра, Ўзбекистоннинг сайлов қонунчилиги ва амалиётида ЕХҲТ ДИИҲБ Сайловларни кузатиш миссиясининг мақбул тавсиялари сайлов қонунчилигига имплементация қилинаётгани ва шу тариқа миллий ҳуқуқий база билан сайлов амалиёти такомиллаштириб борилаётгани эътиборга сазовордир.

Пойтахтимизда қад ростлаган «Ҳумо арена» мажмуасида сайлов якунларига бағишлаб ўтказилган тадбирда Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев меҳнатсевар халқимиз томонидан сайловда ўзига билдирилган юксак ишонч учун миннатдорчилик билдириб, жараённи кузатиб борган халқаро кузатувчилар фаолиятига ўз муносабатини билдирди. Хусусан, Президентимиз «кўплаб давлатлардан, катта халқаро ташкилотлардан кузатувчилар келди. Улар хоҳлаган сайлов участкасига бориб, яратилган шароитларни, одамларимиз эртанги кунга бефарқ эмаслигини, сайловда фаол қатнашганини, оилалари билан келиб овоз берганини кўрди. Бу халқимизнинг руҳияти, кайфияти, сиёсий маданиятидан далолат. Жойлардаги учрашувларда одамлар ҳар бир соҳа бўйича, ўз шаҳри ёки тумани бўйича долзарб таклифларни билдираяпти. Танқидлар ҳам бўлаяпти. Бу ҳам ҳаётимиз ўзгаргани, демократик ислоҳотлар натижаси. Яна бир марта айтмоқчиман: орқага йўл йўқ. Энди Ўзбекистон фақат олға боради», дея таъкидлади.

Дарҳақиқат, уюшқоқлик ва юқори савияда ўтказилган сайлов бутун дунёга жонажон Ватанимизда меҳнатсевар халқимиз учун давлат бошқарувининг барча босқичларида бевосита иштирок этиш, ўз муносиб танловини эркин ифода этиш имконини берувчи демократик бошқарув асосида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётганлигини яна бир бор исботлаб берди.

Мухтасар қилиб айтганда, юқори нуфузли халқаро кузатувчилар иштирокида очиқ ва шаффоф тарзда ўтказилган сайлов Янги Ўзбекистонда Учинчи Ренессанс пойдеворини қуришдек улуғ мақсад сари янги уфқларни очиб берди. Шундай улуғ ва тарихий паллада дунё эътирофига сазовор бўлган ҳолда, Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг атрофида жипслашиб, ўз тараққиёт йўлимизда бардавом боришимиз, тинмай меҳнат қилишимиз керак.  

 

Фозилжон ОТАХОНОВ,  

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги  

Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари  

институти директори, юридик фанлар доктори, профессор

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan