Аҳолининг малакали тиббий хизматдан фойдаланиш ва ижтимоий ҳимоя борасидаги конституциявий ҳуқуқларини таъминлаш, бунда тиббий хизмат сифатини яхшилаш учун ҳуқуқий асослар ҳамда ташкилий, иқтисодий шарт-шароитларни яратиш, шунингдек соғлом авлодни тарбиялаш, соғлиқни сақлаш тизимини мамлакатдаги ислоҳотларга ҳамоҳанг тарзда юритиш мақсадида мамлакатимизда 2002 йил 30 августда “Қон ва унинг таркибий қисмлари донорлиги тўғрисида”ги Қонун қабул қилинган.
Қон ва унинг таркибий қисмлари донорлиги соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш бўйича хорижий давлатлар тажрибасини кўрадиган бўлсак, хусусан, Россия Федерациясида 2012 йил 20 июлда, Беларусь Республикасида 2010 йил 30 ноябрда, Қозоғистон Республикасида 2005 йил 28 июнда, Қирғизистон Республикасида 2007 йил 2 июлда, Тожикистон Республикасида 2009 йил 26 мартда “Қон ва унинг таркибий қисмлари донорлиги тўғрисида”ги, Озарбайжон Республикасида 2005 йил
3 майда “Қон донорлиги, унинг таркибий қисмлари ва қон хизмати тўғрисида”ги ҳамда Молдова Республикасида 2008 йил 20 ноябрда “Донорлик ва қон қуйиш тўғрисида”ги Қонун қабул қилинган.
Охирги беш йилда юртимизда амалга оширилган ислоҳотлар доирасида, жумладан, қон ва унинг таркибий қисмлари донорлиги соҳаси ҳамда меҳнатга ҳақ тўлаш, пенсиялар ва бошқа тўловлар миқдорларини аниқлаш тартиби такомиллаштирилганлиги муносабати билан “Қон ва унинг таркибий қисмлари донорлиги тўғрисида”ги Қонунга ҳам тегишли ўзгартишлар киритилган.
Жами 28 та моддадан иборат мазкур Қонуннинг 18 та, яъни 6-17, 19, 21-25-моддаларида (64 фоизида) ҳаволаки нормалар белгиланган бўлиб, уларни амалга ошириш механизми Ўзбекистон Республикасининг қонунлари, Вазирлар Маҳкамаси ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан қабул қилинган қонуности ҳужжатлари асосида амалга оширилиши назарда тутилган.
Таъкидлаш жоизки, Қонуннинг ҳаволаки нормаларини амалга ошириш механизми бўйича қонуности ҳужжатлар қонун қабул қилингандан бошлаб 11-12 йил ўтиб, айримлари эса 13-14 йил давомида босқичма-босқич қабул қилинган.
Қонуннинг 18 та моддасидаги ҳаволаки нормаларни амалга ошириш тартиби тегишинча қуйидаги қонун ва қонуности ҳужжатлар, жумладан, Ўзбекистон Республикасининг “Жамоат фондлари тўғрисида”ги Қонуни, Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодекси, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 23 июлдаги 202-сон қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси фахрий донори” (“Почетный донор Республики Узбекистан”) кўкрак нишони тўғрисидаги Низом, 2014 йил 27 ноябрдаги 324-сон қарори билан тасдиқланган “Қон билан ишлаш хизмати фаолиятини мувофиқлаштириш тартиби тўғрисида”ги Низом, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирининг 2013 йил 16 декабрдаги
423-сонли буйруғи билан тасдиқланган “Қон ва унинг таркибий қисмларини топшириш тартиби тўғрисида”ги Низом, 2014 йил 13 августдаги 289-сонли буйруғи билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси фахрий донори” (“Почетный донор Республики Узбекистан”) кўкрак нишони билан мукофотлаш Тартиби, 2015 йил 6 апрелдаги 153-сонли буйруғи билан тасдиқланган “Донорлик қонини тайёрлаш, сақлаш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги Низом, 2016 йил 10 августдаги 352-сонли буйруғи билан тасдиқланган “Донор қони таркибий қисмлари ва препаратларини клиник қўллаш бўйича Йўриқнома билан белгиланган.
Таъкидлаш жоизки, умумий тусга эга бўлган қонунлар кўплиги ва улар амалга оширишнинг аниқ механизмларисиз қабул қилинганлиги давлат ва жамият ривожига салбий таъсир кўрсатган ҳолда, ижтимоий муносабатларни асосан қонуности ҳужжатлар билан тартибга солишдан бошқа имконият қолдирмаслиги барчамизга маълум.
Бундай амалиётни бартараф этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 8 августдаги ПФ-5505-сон Фармони билан тасдиқланган “Норма ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштириш концепцияси”да тўғридан-тўғри амал қилувчи қонунларни қабул қилишнинг самарали механизмларини жорий этиш, 2021 йил 30 апрелдаги ПФ-6218-сон Фармонида эса амалдаги қонунчилик ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш, ўз аҳамиятини йўқотган ҳужжатларни бекор қилиш ва тарқоқ ҳужжатларни тизимлаштириш орқали тартибга солиш юкини камайтириш ҳамда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш учун 2021-2023 йилларда давлат органларининг фаолиятини тартибга солувчи қонунчилик ҳужжатларини тизимлаштириш назарда тутилган.
Ўрганиш ва олиб борилган тадқиқотлар натижасида “Норма ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштириш концепцияси” ва миллий қонунчилик базасини комплекс тизимлаштириш талабларига мувофиқ, “Қон ва унинг таркибий қисмлари донорлиги тўғрисида”ги Қонунни такомиллаштириш юзасидан қуйидаги таклифларни киритишни мақсадга мувофиқ деб ҳисоблаймиз:
- Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил
27 ноябрдаги 324-сон қарори билан тасдиқланган “Қон билан ишлаш хизмати фаолиятини мувофиқлаштириш тартиби тўғрисида”ги Низомда белгиланган нормаларни “Қон ва унинг таркибий қисмлари донорлиги тўғрисида”ги Қонунда акс эттирган ҳамда ҳаволаки нормаларни камайтирган ҳолда тўғридан-тўғри амал қилувчи нормалар асосида янги қонун қабул қилиш. - Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил
23 июлдаги 202-сон қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси фахрий донори” (“Почетный донор Республики Узбекистан”) кўкрак нишони тўғрисида”ги Низом ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирининг 2014 йил 13 августдаги 289-сонли буйруғи билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси фахрий донори” (“Почетный донор Республики Узбекистан”) кўкрак нишони билан мукофотлаш тартиби”ни бирлаштириб, ягона ҳужжат Вазирлар Маҳкамасининг қарорини ишлаб чиқиш. - Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирининг 2013 йил
16декабрдаги 423-сонли буйруғи билан тасдиқланган “Қон ва унинг таркибий қисмларини топшириш тартиби тўғрисида”ги Низом, 2015 йил 6 апрелдаги 153-сонли буйруғи билан тасдиқланган “Донорлик қонини тайёрлаш, сақлаш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги Низом, 2016 йил 10 августдаги 352-сонли буйруғи билан тасдиқланган “Донор қони таркибий қисмлари ва препаратларини клиник қўллаш бўйича йўриқнома”ни тизимлаштириш орқали уларнинг сонини қисқартириш мақсадга мувофиқ.
Фикримизча, юқоридаги таклифларнинг амалга оширилиши соҳадаги қонунчилик такомиллашишига, умумий тусдаги қонуности ҳужжатлари бир тизимга солинишига, айниқса, “Қон ва унинг таркибий қисмлари донорлиги тўғрисида”ги Қонуннинг аксарият ҳаволаки нормалари тўғридан-тўғри амал қилинишини таъминлашга хизмат қилади.
А.Ганибаев,
Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти Таълим, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий сиёсат соҳасида тадқиқотлар бўлими бош илмий ходими