Парламент комиссияси томонидан қандай масалалар кўриб чиқилди? – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

Жорий йилнинг 9 ноябрь куни Қонунчилик палатасида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг инсон ҳуқуқлари соҳасида Ўзбекистон Республикасининг халқаро мажбуриятларига риоя этилиши бўйича Парламент комиссиясининг навбатдаги йиғилиши ўтказилди.

Тегишли соҳа вакиллари, депутатлар иштирок этган йиғилишда Парламент комиссияси томонидан бешта масала кўриб чиқилди.

Йиғилишни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Парламент комиссияси раиси Акмал Саидов кириш сўзи билан очиб, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш механизмини янада такомиллаштириш, бу йўналишда парламент, ҳукумат ва фуқаролик жамияти институтларининг амалий ҳамкорлигини йўлга қўйиш, шунингдек, инсон ҳуқуқлари ҳамда манфаатларини таъминлашга қаратиш каби масалаларга алоҳида тўхталиб ўтди.

Йиғилишда дастлаб Президентимизнинг 2020 йил 22 июндаги “Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармонининг 3-банди “а” кичик банди ижросини таъминлаш мақсадида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегияси ва унинг “Йўл харитаси” бандларининг бажарилиши юзасидан Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори биринчи ўринбосари Мирзатилло Тиллабаевнинг ахбороти эшитилди.

Қайд этилганидек, давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлисга Мурожаатномасида белгиланган вазифалар доирасида тайёрланган Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегияси қабул қилинган. Ушбу ҳужжат Ўзбекистон Республикасининг инсон ҳуқуқлари соҳасида зиммасига олган халқаро мажбуриятларини самарали бажаришига қаратилган бўлиб, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш йўлида муҳим қадам ҳисобланади.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий стратегиянинг сифатли ва самарали бажарилишини назорат қилиш тизими йўлга қўйилди. Бу борада Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази мунтазам мониторинг олиб бормоқда.

Берилган ахборотга кўра, жорий йилнинг ўтган даврида Миллий ҳаракатлар режасининг ижросини таъминлаш мақсадида Миллий марказ томонидан 10 та тадбир ўтказилган бўлса, 1 таси доимий мониторингга олинган. Энг муҳими, Миллий марказ “Камситишга йўл қуймаслик ва тенглик тўғрисида” қонун лойиҳасини ишлаб чиқиб, Вазирлар Маҳкамасига киритган.

Шунингдек, этник гуруҳларнинг ҳуқуқларини амалга оширишга тўсқинлик қилувчи омиллар бўйича таҳлилий маълумотнома тайёрланиб, уларнинг ҳуқуқларини амалга ошириш кафолатларини кучайтириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилган.

Йиғилишда М.Тиллабаев Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенати Кенгашларининг 2019 йил 15 июлдаги 2600-III-ПҚ-563-III-сонли Қўшма қарори билан тасдиқланган БМТнинг Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва тарбия тўғрисидаги декларацияси қоидаларини амалга ошириш бўйича Миллий ҳаракатлар дастури бандларининг 2021йил июль-сентябрь ойлари ижроси ҳақида ҳам ахборот берди.

Президентимиз 2020 йил 29 декабрда Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида қийноқларнинг олдини олишда Омбудсман томонидан ҳар чоракда жамоатчилик вакиллари билан биргаликда тергов изоляторлари ва жазони ўташ муассасаларига “мониторинг ташрифлари” тизимли қўйилиши, Олий Мажлис палаталари ҳар йили Омбудсманнинг қийноқларнинг олдини олиш бўйича маърузасини эшитиш, бу иллатга бутунлай барҳам бериш бўйича зарур чора-тадбирларни белгилаши алоҳида таъкидлаган эди.

Ушбу белгиланган вазифаларнинг ижросини таъминлаш мақсадида жорий йилда давлатимиз раҳбарининг “Қийноққа солиш ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсмани) Феруза Эшматованинг 2021 йил тўққиз ойида ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларда қийноққа солиш ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш мақсадида амалга оширилган ишлар юзасидан ахбороти эшитилди.

Тақдим этилган ахборотга кўра, Омбудсман ҳузурида миллий превентив механизм доирасида фаолият кўрсатувчи жамоатчилик гуруҳлари томонидан жорий йилнинг тўққиз ойида ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларга 120 маротаба мониторинг ташрифлари амалга оширилган.

Уларда ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахсларни сақлаш шароитлари, хусусан яшаш ва овқатланиш, меҳнат қилиш, тиббий ёрдам кўрсатиш ҳолати ва сифати, ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шаҳслар учун олиб борилаётган маънавий-маърифий ишлар, коронавирус пандемияси даврида санитария-гигиена талабларига риоя этилаётганлиги ҳамда таълим-тарбия бериш ва бошқа шу каби ҳолатлар ўрганилган.

Йиғилишда шунингдек, Халқ таълими вазири ўринбосари  Т.Комиловнинг “Бола ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишни кучайтириш” юзасидан комплекс чора-тадбирлар дастурининг 2021 йил 3-чоракдаги ижроси юзасидан ахбороти эшитилди.

Йиғилишда кун тартибидаги масалалар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг инсон ҳуқуқлари соҳасида Ўзбекистон Республикасининг халқаро мажбуриятларига риоя этилиши бўйича Парламент комиссиясининг тегишли баённомаси тузилди.

www.parliament.gov.uz

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan