Сўнгги йилларда халқ манфаатларини ифода этувчи орган сифатида шакланган халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари фаолиятини кучайтириш ва назорат ваколатларини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил 29 декабрдаги Олий Мажлисга қилган Мурожаатномасида ҳам маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органлари фаолиятини ислоҳ қилиш, улар фаолият асосларини яна кучайтириш ва такомиллаштириш борасида қатор ташаббуслар билдирилган.
Маҳаллий Кенгашлар ваколатлари, назорат функциялари йилдан-йилга кенгайиб бормоқда. Хусусан, ижро ҳокимияти устидан самарали депутатлик назорати ўрнатиш, маҳаллий давлат бошқаруви органларининг маҳаллий Кенгашлар олдида ҳисобдорлиги белгилаб қўйилди. Жумладан:
– ижроия ҳокимияти бўлимлари, бошқармалари, бошқа таркибий бўлинмалари раҳбарлари, шунингдек, тегишли прокурорлар, Ички ишлар вазирлиги ҳудудий бўлинмалари раҳбарлари, тегишинча соғлиқни сақлашни бошқариш ҳудудий органлари, туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмалари, туман марказий кўп тармоқли поликлиникалари раҳбарларининг ҳисоботларини эшитиш;
– вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туманлараро, туман (шаҳар) судлари раислари, тегишинча ҳудудий адлия бошқармалари ва туманлар (шаҳарлар) адлия бўлимлари бошлиқлари ахборотини эшитиш;
– маҳаллий бюджетга ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги қарорларни тасдиқлаш, улар ижроси бўйича тегишли раҳбарлар ҳисоботларини эшитиш, маҳаллий бюджетларга ажратиладиган тартибга солувчи бюджетлараро трансфертларнинг чекланган миқдорларини кўриб чиқиш ҳамда тасдиқлаш каби ваколатлар берилди.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармон ва қарорлари билан ҳам маҳаллий Кенгашларга қатор ваколатлар берилмоқда, тегишли ҳудудларни ривожлантириш дастурларининг бажарилиши устидан назоратни амалга ошириш, ичимлик суви таъминоти ва оқова сув соҳасида инвестиция лойиҳаларини саралаш, амалга ошириш ҳамда уларнинг натижадорлигини мониторинг қилиш масалалари шулар жумласидандир.
Ўз ўрнида табиий савол туғилади, бугунги кунда халқ депутатлари маҳаллий кенгашлари ушбу ваколат ва вазифаларини тўлиқ адо этаяптими?
Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги ва БМТ Тараққиёт Дастурининг Европа Иттифоқи томонидан молиялаштирилаётган “Ўзбекистоннинг қишлоқ ҳудудларида давлат хизматлари тақдим этишни такомиллаштириш ва бошқарув даражасини ошириш” қўшма лойиҳаси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ва Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти билан биргаликда БМТТД лойиҳаси пилот ҳудудлари сифатида танлаб олинган Нукус, Бахмал ва Шўрчи туманларида Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари фаолиятининг функционал таҳлили ўтказилди.
Тадқиқот жараёнида пилот туманларда маҳаллий давлат органлари, давлат ижро этувчи органлари, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари, ННТ ва фуқаролик жамияти бошқа институтлари, тадбиркорлик субъектлари, аёллар ва ёшлар, ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган 300 дан ортиқ фуқаро билан сўровномалар ва 60 ортиқ шахс билан суҳбатлар ўтказилди.
Тадқиқот мамлакатимизда маҳаллий вакиллик органлари фаолиятини такомиллаштириш борасида қатор ишлар амалга оширилганлигини кўрсатмоқда. Айтиш жоизки, охирги йилларда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари тизимини такомиллаштириш ва модернизациялаш, Кенгашлар, уларнинг доимий комиссиялари ва партия гуруҳлари, бевосита депутатларнинг иш самарадорлиги ва таъсирчанлигини ошириш борасида қатор чора-тадбирлар бажарилди.
Дастлаб, 2017 йилда тажриба тариқасида Тошкент шаҳрида маҳаллий Кенгашлар котибиятлари ташкил этилди. Мазкур тажрибанинг ижобий томонларини ҳисобга олган ҳолда, 2020 йил сентябр ойида “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги қонунга қўшимча киритилиб, халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгаши котибиятини ташкил этиш тартиблари белгиланди.
Қонунга киритилган қўшимчалардан келиб чиққан ҳолда, Олий Мажлис Сенати Кенгашининг қарорига асосан 2021 йилнинг январидан халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳамда барча туман (шаҳар) Кенгашларида доимий асосда фаолият юритувчи котибиятлар ташкил этилди.
Маҳаллий Кенгашлар учун алоҳида котибиятларнинг ташкил этилиши улар фаолият самарадорлигини оширишга хизмат қилмоқда. Илгари маҳаллий Кенгаш сессияси 3-4 ойда бир марта пухта тайёргарликсиз ўтказилган бўлса, бугунги кунда ҳар ойда сессия ўтказилмоқда, ҳар бир сессияда ўртача 5-6 та масала кўриб чиқилмоқда. Маҳаллий Кенгашлар доимий ҳаракатдаги органга айланиб бормоқда десак муболаға бўлмайди.
Кенгаш сессиялари ҳам расмиятчилик учунгина эмас балки, муҳокама ва мунозарага бой ўтаётганига ҳам гувоҳ бўлмоқдамиз.
Қайд этиш лозимки, Олий Мажлис Сенати томонидан халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари фаолиятини самарали ташкил этиш, уларни методик қўллаб-қувватлаш, депутатларнинг амалий кўникмалари ҳамда малакасини ошириб бориш мақсадида бир қатор ишлар қилинмоқда.
Хусусан, маҳаллий Кенгашлар депутатлари аҳоли билан самарали мулоқот олиб бориш кўникмаларини шакллантириш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ҳамда вилоятлар Кенгашлари депутатлари учун Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида ўқув ташкил этилди.
Олий Мажлис Сенати томонидан ҳам маҳаллий Кенгашларни услубий қўллаб-қувватлаш мақсадида ўқув-семинарлар ўтказиб келинмоқда. Биргина жорий йилнинг ўзида Олий Мажлис Сенати Раиси иштирокида халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлар депутатлари, доимий комиссиялари раислари, Котибият мудирлари ва масъул ходимлари учун 5 маротаба онлайн тартибда семинар ўтказилди.
Сенат Раисининг ҳудудларга ташрифлари давомида маҳаллий Кенгаш депутатлари билан учрашув ташкил этилиб, Кенгашлар фаолияти самарадорлигини оширишга оид масалалар муҳокама қилинди. Таклиф ва муаммолар ўрганилмоқда.
Сенат қўмиталари томонидан ўз йўналишлари бўйича маҳаллий кенгашларнинг доимий комиссиялари аъзолари учун ўқув семинарлар ташкил этиб бориш амалиёти йўлга қўйилди.
Шунингдек, маҳаллий Кенгашларга амалий-услубий жиҳатдан кўмаклашиш, улар билан доимий мулоқотни йўлга қўйиш мақсадида Олий Мажлис Сенатида доимий асосда ишловчи сенаторлар ҳудудларга бириктирилди. Улар томонидан ҳар ойда жойига чиқиб, маҳаллий Кенгашлар фаолиятига амалий ёрдам кўрсатиб келинмоқда.
Унда аҳоли томонидан кўтарилган муаммолар билан биргаликда, республика даражасидаги масалалар юзасидан вазирлик ва идораларга сенатор сўровларини юбориш ва назорат қилиш, зарур ҳолларда, Олий Мажлис Сенати даражасига олиб келиб муҳокама қилиш тизими йўлга қўйилди.
Халқ депутатлари Кенгашларнинг функционал таҳлили давомида улар фаолиятига таъсир кўрсатаётган айрим муаммо ва камчиликлар ҳам мавжудлиги аниқланди.
Биринчидан, Ўзбекистон Республикасининг амалдаги аксарият қонун ҳужжатларида “маҳаллий давлат ҳокимияти” тушунчаси ишлатилиб, унинг субъектлари аниқ кўрсатилмаган. Жумладан Ўзбекистон Республикасининг “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги қонуннинг асосий субъектлари сифатида халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари, яъни вакиллик органи, шунингдек, ҳокимлик – ижро органи сифатида қайд этилган.
Бу эса қонун ҳужжатларида маҳаллий давлат ҳокимиятига берилаётган вазифа ва функцияларнинг айнан қайси орган томонидан амалга оширилиши лозимлигини белгилашда турли хил ёндашувларга олиб келмоқда.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Миромонович Мирзиёев Президентлик лавозимига киришиш тантанали маросимдаги нутқида ҳам – халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари ҳамда ҳокимларнинг ваколатларини аниқ белгилашга оид қонуний асосларни яратиш вақти келганлигини – таъкидлаб ўтдилар.
Шуни ҳисобга олган ҳолда миллий қонунчилигимиздаги ушбу нормаларни батафсил таҳлил қилиш, маҳаллий кенгашлар ва ҳокимлар вазифа ва функцияларнинг субъектларини аниқ белгилашга оид миллий қонунчиликни такомиллаштиришга доир таклифлар ишлаб чиқиш керак бўлади.
Иккинчидан, маҳаллий Кенгашлар фаолиятини ташкил этиш тамойиллари, вазифа, функция ва ваколатлари, уларни амалга ошириш механизмлари алоҳида қонун билан мустаҳкамланмаган.
Бугунги кунда маҳаллий Кенгашлар умумий фаолияти Олий Мажлис Сенати қарори билан тасдиқланган “Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашининг намунавий регламенти” билан тартибга солинган.
Бироқ маҳаллий Кенгашлар ўз фаолиятини Намунавий регламент асосида юритиши қуйидагиларга кўра уларга берилган ваколатларни тўлақонли амалга ошириш имконини бермайди.
Хусусан, “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги Қонун талабларига мувофиқ Намунавий регламент умуммажбурий характерга эга бўлмаган норматив-ҳуқуқий ҳужжат ҳисобланиб, намунавий мақомга эга бўлганлиги сабабли барча маҳаллий кенгашлар ваколатлари, вазифа ва функцияларини амалга ошириш тартиби ҳар бир кенгаш томонидан мустақил ва турлича белгилаб олишга имконият яратади.
Ўз навбатида, Олий Мажлис палаталари ўз фаолиятини 2003 йилда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг регламенти тўғрисида”ги ҳамда “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг регламенти тўғрисида”ги қонунларга мувофиқ амалга оширади.
Бундан ташқари, Олий Мажлис палаталари томонидан назорат соҳасидаги ваколатлари 2016 йилда қабул қилинган “Парламент назорати тўғрисида”ги Қонун асосида амалга оширилиши ижро этувчи ҳокимият органлари устидан назорат тадбирлари таъсирчанлигини таъминлаш ва самарадорлигини ошириш имконини беради.
Бироқ маҳаллий Кенгашларнинг назорат соҳасидаги ваколатлари қонун ҳужжатларида мустаҳкамланмаганлиги сабабли улар томонидан ҳудудий давлат бошқаруви органлари фаолияти устидан таъсирчан назорат ташкил этишга ва уни амалга оширишга тўсқинлик қилмоқда.
Шу боис маҳаллий Кенгашлар фаолиятининг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш мақсадида “Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашлари тўғрисида”ги ҳамда “Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашлари регламенти тўғрисида”ги қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш мақсадга мувофиқ.
Учинчидан, маҳаллий Кенгашлар назорат вазифаларини амалга ошириш учун ўз депутатлари орасидан доимий комиссияларни сайлайди. Ушбу комиссиялар асосий вазифаларида давлат органлари ҳудудий бўлинмалари ва бошқа ташкилотларнинг фаолиятини танқидий таҳлил қилиш, Кенгаш сессияларида улар ҳисоботлари, ахборотларини эшитиш учун тайёрлаш, Кенгаш қарорларининг ижросини назорат қилиши белгиланган.
Депутатларнинг қарийб 40 фоизини давлат муассасалари, молия-иқтисодиёт ва ижтимоий соҳада фаолият юритадиган мутахассислар ташкил этади.
Бугунги кунда маҳаллий Кенгашларнинг назорат функциялари кўпайганлиги жамоатчилик асосида фаолият юритаётган доимий комиссияларга мазкур вазифаларни тўлиқ амалга оширишга ўз таъсирини ўтказмоқда.
Бу каби муаммоларни бартараф этиш, Кенгашларнинг ҳақиқий мустақиллигини таъминлаш мақсадида босқичма-босқич доимий комиссиялар аъзоларининг муайян қисмини Кенгашда доимий асосда ишлашини йўлга қўйиш тавсия этилади.
Тўртинчидан, маҳаллий Кенгаш вазифа ва функциялари йил сайин ортиб бормоқда. Таҳлил қилинганда жамоатчилик асосида фаолият юритаётган Кенгаш депутатлари юқорида айтганимиздек ҳар ойда Кенгаш сессиясига чақирилади, унда муайян масалаларни муҳокама қилиб боради.
Маҳаллий Кенгашларга 30 дан зиёд масалалар бўйича ижро органлари раҳбарларининг ҳисобот ва ахборотларини эшитиш вазифалари ҳам юклатилган.
Маҳаллий Кенгаш функциялари кенглиги унга юклатилган айрим вазифаларнинг сифатли бажарилишига ҳам таъсир қилмоқда.
Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда маҳаллий Кенгаш депутатлари орасидан сайланадиган Кенгаш Раёсати органи фаолиятини йўлга қўйиш ҳамда Кенгашга юклатилган айрим ваколат ва вазифаларни мазкур органга бериш таклиф этилади.
Шу билан бирга, бугунги кунда халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашининг сессиялари ҳоким, ҳоким йўқлигида эса унинг ўринбосарларидан бири томонидан чақирилади. Кенгаш Раёсатининг ташкил этилиши мазкур ваколатнинг ижро органи раҳбари ҳисобланган ҳоким ёки унинг ўринбосаридан айнан коллегиал орган ҳисобланадиган Раёсатга бериш имконини яратади.
Мазкур лойиҳа доирасида Олий Мажлис Сенати томонидан маҳаллий Кенгашларнинг намунавий регламенти ҳамда доимий комиссиялари тўғрисидаги намунавий низомнинг янги таҳрирдаги лойиҳалари ишлаб чиқилганлигини ва Олий Мажлис Сенатига тақдим этилганлигини таъкидлаш лозим.
Шу кунга қадар маҳаллий Кенгашлар Олий Мажлис Сенати Кенгашининг 2010 йилда қабул қилинган қарори билан тасдиқланган намунавий низом ва намунавий регламент асосида фаолият юритиб келаётган эди.
Лойиҳа доирасида ишлаб чиқилган намунавий ҳужжатлар Олий Мажлис Сенати томонидан маъқулланди. Унга кўра, маҳаллий Кенгаш доимий комиссияларининг вазифа ва ваколатлари бугунги кун талабидан келиб чиққан ҳолда такомиллаштирилди, йўналишлари Олий Мажлис Сенати қўмиталариники билан мувофиқлаштирилди.
Шуни қўшимча қилиб айтиш мумкинки лойиҳа доирасида экспертлар томонидан Ўзбекистон Республикасининг “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Қонунига қатор ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича тегишли таклифларни тайёрлаш ҳам назарда тутилмоқда.
Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, амалга оширилаётган ислоҳотлар маҳаллий вакиллик органлари фаолиятининг такомиллаштирилишига ва янги босқичга чиқишига хизмат қилади.
Олимжон ОҚИЛОВ,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик
муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти бўлим бошлиғи, юридик фанлари доктори, профессор
ҚУВОНДИҚ Муқумов,
Ўзбекистон республикаси Олий мажлиси Сенати девони Халқ депутатлари
маҳаллий Кенгашлари фаолиятига кўмаклашиш, одам савдоси ва мажбурий меҳнатни
олдини олиш масалалари бўлими мудири.