Ишчи гуруҳ қонунни дастлабки тарзда муҳокама қилди – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

Олий Мажлис Сенатининг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси аъзолари ва экспертлари томонидан “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал, Жиноят-ижроия, Фуқаролик процессуал кодекслари ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини дастлабки тарзда кўриб чиқилди.

Унда сенаторлар, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоят, Тошкент шаҳар ҳамда туман ва шаҳар Кенгашларининг қонунийликни таъминлаш ва коррупцияга қарши курашиш доимий комиссиялари аъзолари, экспертлар, мутахассислар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Муҳокамаларда таъкидланганидек, мазкур Қонун билан қуйидаги ўзгартиришлар киритилмоқда:

Биринчидан, Жиноят-процессуал кодексида суд жиноятнинг сабаблари ва унинг содир этилишига имкон берган шарт-шароитларни бартараф қилиш тўғрисида хусусий ажрим, шунингдек, фуқаро ижтимоий бурчини намунали бажарганлиги тўғрисида тақдимнома ва хусусий ажрим чиқариши мумкинлиги белгиланган.

Бунда, апелляция инстанцияси суди хусусий ажрим чиқариши мумкинлиги назарда тутилган.

Бироқ, ушбу норма кассация инстанцияси суди ваколатида белгиланмасдан қолиб кетган. Бу тартибни белгиланиши қонунчиликдаги бўшлиқни бартараф этиш, шунингдек суд амалиётида келиб чиқиши мумкин бўлган тушунмовчиликларни олдини олишга хизмат қилади.

Маълумки, суд ишларини назорат тартибида кўриш институти тугатилди. Бироқ, амалдаги Жиноят-ижроия кодексининг 167-моддасида жазо ижросини тугатиш асослари сифатида ҳукмнинг назорат тартибида ўзгартирилиши бартараф этилмаган.

Шу муносабат билан, Жиноят-процессуал кодекси янги
50914-моддаси билан тўлдирилиб, кассация инстанцияси судининг хусусий ажрим чиқариш  тартиби белгиланмоқда. Шунингдек, Жиноят-ижроия кодексининг 167-моддаси амалдаги қонунчиликка мувофиқлаштирилмоқда.

Иккинчидан, фуқаролик суд ишлари бўйича амалиётда агар кассация шикояти (протести) иш юритишга қабул қилинганидан сўнг унинг имзоланмаганлиги ёхуд уни имзолаш ҳуқуқига эга бўлмаган шахс томонидан имзоланганлиги аниқланса, суднинг кассация шикоятини (протестини) кўрмасдан қолдириш ҳуқуқи белгиланмаган.

Худди шундай, кассация шикояти (протести) иш юритишга қабул қилингандан сўнг, унда аниқланадиган ҳолатлар бўйича иш юритишни тугатиш асослари назарда тутилмаган.

Юқоридаги иккала ҳолат бўйича назарда тутилган тартиблар Иқтисодий процессуал ва Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексларда белгиланган.

Шу муносабат билан, Фуқаролик процессуал кодексни такомиллаштириш ва суд амалиётидаги муаммоларни бартараф этиш мақсадида ҳужжат кассация шикоятини (протестини) кўрмасдан қолдириш ва кассация шикояти (протести) бўйича иш юритишни тугатишни назарда тутувчи тегишли моддалар билан тўлдирилмоқда.

Ишчи гуруҳ йиғилишида экспертлар томонидан мазкур қонунни маъқуллаш юзасидан таклиф, мулоҳазалар билдирилди.

www.senat.uz

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan