Марказий Осиёда фуқаролик жамиятини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

   Жорий йилнинг 12 ноябрь куни бўлиб ўтган «Тошкент Халқаро мунозара клуби»нинг навбатдаги сессияси «Марказий Осиёда фуқаролик жамиятини фаоллаштириш — минтақани инклюзив ривожлантириш омили сифатида» мавзусига бағишланди. «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати, UZREPORT TV телеканали ҳамда Конрад Аденауэр номидаги жамғарманинг Марказий Осиё бўйича минтақавий ваколатхонаси ҳамкорлигида ташкил этилган ушбу тадбирда миллий ва хорижий экспертлар, етакчи таҳлил марказлари мутахассислари, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти ходимлари ҳамда Марказий Осиё мамлакатларининг қатор фуқаролик жамияти институтлари вакиллари иштирок этишди.

   Ушбу халқаро тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев ҳамда UZREPORT TV телеканалининг бош муҳаррири Гулноза Хусанова модераторлик қилишди.

    Сенат Раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев таъкидлаганидек, бугунги кунда бутун дунёдаги барча давлатлар томонидан тараққиётнинг бош парадигмаси сифатида тан олинган «инсон тараққиёти» концепциясига биноан фуқароларнинг имкониятларини кенгайтириш ҳар бир жамият ривожини белгиловчи асосий мезон сифатида қабул қилинган. Жумладан, бу шуни англатадики, мамлакатнинг тараққиёт даражаси фуқаро қай даражада шу жамиятнинг ривожланиш масалаларини ҳал этишда бевосита қатнашиши билан белгиланади.

   Шунингдек, тадбир давомида «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати раиси Бобур Бекмуродов, Конрад Аденауэр номидаги фонднинг Марказий Осиёдаги ваколатхонаси минтақавий вакили Ронни Хайне, Қозоғистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг алоҳида масалалар бўйича элчиси Усен Сулеймен, Бранденбург Федерал ўлкаси Ландтаги депутати, Бранденбург Федерал ўлкаси ХДИ партияси бош котиби Гордон Хоффманн (Германия), Фуқаролик жамиятини ривожлантириш ассоциацияси ижрочи директори Жамила Асанова (Қозоғистон), Жаҳон иқтисодиёти
ва дипломатия университети профессори Улуғбек Хасанов, «Муштарак манфаатларни аниқлаш» Марказий Осиё дастурлари директори Кенешбек Сайназаров (Қирғизистон) ўз нутқлари билан «Халқаро мунозара клуби» сессияси иштирокчилари олдида чиқиш қилишди.

 Тадбирда қайд этилганидек, Марказий Осиё ноёб геостратегик жойлашувга эга. Минг йиллар давомида минтақа Европа, Яқин Шарқ, Жанубий ва Шарқий Осиёни боғлайдиган ўзига хос кўприк вазифасини ўтаб келган. Бу ерда улкан энергия ва минерал ресурслар тўпланган, бой маданий-тарихий меросга, энг муҳими, катта инсон салоҳиятига эга. Шу билан бирга, минтақада етакчи глобал кучларнинг рақобатдош манфаатлари кесишади.

  Қайд этиш лозимки, сўнгги йилларда минтақа давлатларининг ижтимоий-сиёсий ҳаётида «учинчи сектор»нинг роли ва аҳамияти тобора ортиб бормоқда. Марказий Осиё ҳудуди аҳолиси 75 миллиондан зиёд бўлиб, муштарак ўтмиш ва маданият, умумий истиқбол ва келажак ушбу макондаги давлатларни бирлаштириб туради. Минтақа давлатларининг муаммолари
ва улар дуч келаётган чақириқлар ҳам бир-бирига мазмунан ўхшашдир. Сўнгги йилларда ушбу муаммо ва чақириқларга ҳамжиҳатликда ечим топиш йўлида муҳим сиёсий қадамлар ташланди ва қатор амалий натижаларга эришиб келинмоқда. Энг аҳамиятлиси ушбу жараёнларга фуқаролик жамияти институтлари фаол жалб қилинмоқда.  

 «Халқаро мунозара клуби» сессиясида экспертлар таъкидлаганидек, Шавкат Мирзиёев томонидан Ўзбекистоннинг янги минтақавий йўналиши эълон қилингани трансформациялар учун намуна бўлмоқда, шу жумладан бу минтақа давлатлари раҳбарлари ўртасидаги муносабатлар жадаллашишига, товар айирбошлаш ҳажми, амалга оширилаётган қўшма лойиҳалар сони ошишига хизмат қилиб келмоқда.

   Тадбирда иштирок этаётган сиёсатчи ва экспертлар Марказий Осиё мамлакатларининг фуқаролик жамияти институтлари катта салоҳиятга эга эканлиги ва ушбу имкониятлардан тўлақонли фойдаланиш зарурлигига оид фикрларни билдирдилар.

 Шундай қилиб, анжуман иштирокчилари Марказий Осиёда фаолият юритаётган фуқаролик жамияти институтларининг минтақа учун долзарб бўлган муаммоларни ҳал этиш бўйича олиб бораётган фаолияти тўғрисида батафсил маълумотларга эга бўлдилар.

  «Халқаро мунозара клуби»нинг ушбу сессияси якунида Марказий Осиёда фуқаролик жамияти институтлари фаолиятини янада ривожлантириш, минтақа барқарор ривожланишида уларнинг иштирокини кенгайтириш юзасидан таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan