Сўнгги йилларда Марказий Осиё ҳудудида ривожланиш ва минтақавий ҳамкорлик янги босқичга чиқди. Бундай ижобий динамика барча соҳаларда кузатилмоқда. 2016 йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан минтақавий сиёсат негизида «ўткир масалалардан юз ўгирмай, оқилона муроса йўлини излаш» тамойилига амал қилиш ғояси илгари сурилган эди. Шу нуқтаи назардан, минтақамиздаги умумий тарихи ва маданияти бирлаштириб турувчи мамлакатлар ўртасида ўзаро ишончни янада мустаҳкамлаш ва барқарор ривожланиш мақсадида ҳамкорликни изчил давом эттириш алоҳида аҳамият касб этади. Ушбу жараёнларда «ақл марказларининг» (think tanks) ўрни беқиёсдир.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг минтақада барқарор ривожланишга эришиш борасидаги ташаббусларини қўллаб-қувватлаш мақсадида жорий йилнинг 12 ноябрь куни «Radisson Blu Hotel Tashkent» меҳмонхонасида «Тошкент Халқаро мунозара клуби» доирасида «Марказий Осиё «ақл марказлари»: салоҳиятни ошириш ва барқарор ривожланиш учун ҳамкорлик» мавзусида минтақавий форум бўлиб ўтди.

Маълумот учун: Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 2 мартдаги ПФ-5953-сон Фармонига мувофиқ маҳаллий ва хорижий экспертларни жалб қилган ҳолда, ислоҳотларни амалга оширишнинг муҳим масалалари бўйича жамоатчилик муҳокамасини ўтказиш ва оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиш мақсадида «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати ҳузурида «Халқаро мунозара клуби» ташкил этилган.
Ушбу медиалойиҳа долзарб ижтимоий-иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий масалаларни муҳокама қилиш, турли соҳалардаги тенденцияларни шакллантириш, таклифлар ишлаб чиқиш, экспертлар, шу жумладан хорижий ва халқаро ташкилотлар тавсиялари билан инновацион ғоялар ва қарашларни тарғиб қилишга қаратилган.
«Юксалиш» умуммиллий ҳаракати ҳамда Конрад Аденауэр номидаги жамғарманинг Марказий Осиё бўйича минтақавий ваколатхонаси билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда Марказий Осиё давлатларининг етакчи «ақл марказлари» вакиллари, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти ходимлари иштирок этишди.
Ушбу тадбирнинг асосий мақсади Марказий Осиё мамлакатлари барқарор ривожланишини таъминлашда экспертлик-таҳлилий ташкилотлар иштирокининг муҳим жиҳатларини муҳокама қилишдан иборат бўлди.
Халқаро давра суҳбатини Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директори Элдор Арипов, «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати раиси Бобур Бекмуродов, Конрад Аденауэр номидаги фонднинг Марказий Осиёдаги ваколатхонаси минтақавий вакили Ронни Хайне кириш сўзи билан очиб бердилар.

Конрад Аденауэр номидаги жамғарманинг Марказий Осиё бўйича минтақавий ваколатхонаси вакили Ронни Хайне минтақавий форумда қуйидаги фикрлари билан бўлишди: «Европада, хусусан Германияда ҳам шундай «ақл марказлари»нинг хоҳ сиёсатда, хоҳ иқтисодиётда бўлсин қарор чиқаришдаги таъсири ва роли жуда катта. Сабаби, биламизки сиёсатчилар, давлат идораларида ишлайдиган қарор чиқарувчи сиёсатчилар жудаям катта босим остида фаолият юритишади. Улар қисқа вақтнинг ичида маълум бир воқеа юзасидан тезкор қарор чиқаришлари лозим бўлади. Муҳим қарорлар чиқаришда «ақл марказлари»нинг экспертлари фикрларига таяниш катта аҳамият касб этади. Ўзбекистонда ҳам турли соҳаларда комплекс муаммолар ва қийинчиликлар бор. Бу муаммо ва қийинчиликларни фақатгина давлатнинг ўзи ёлғиз еча олмайди. Бу муаммоларни ечишда бутун халқ ўзида масъулиятни ҳис қилса ва бу масалаларни ечиш жараёнларида бевосита иштирок этса кутилган натижага эришилади. Бу борада Ўзбекистонда олиб борилаётган фуқаролик жамиятини ривожлантиришга қаратилган ислоҳотларни, ташаббусларни юқори баҳолайман».
Маълумки, «ақл марказлари» жамият учун долзарб бўлган ижтимоий-сиёсий, иқтисодий, ҳуқуқий муаммоларни ўрганишга ихтисослашган, мустақил фикр ҳамда тавсиялар берувчи экспертлик-таҳлилий ташкилотлар ҳисобланади.
Экспертларнинг фикрига кўра, нуфузли «ақл марказлари» саноати ривожланган мамлакатларда жойлашган. Кўп ҳолларда уларнинг шарофати билан ушбу мамлакатларни ривожлантириш оптимал траектория (ҳаракат йўли) бўйича амалга оширилмоқда. Бугунги кунда дунёда 180 дан ортиқ мамлакатларда 7 000 га яқин «ақл марказлари» бор. Бундай марказларнинг энг кўпи АҚШ, Ғарбий Европа, Ҳиндистон, Хитой, Россия ва Японияда фаолият юритмоқда.

Тадбир давомида, шунингдек, Қозоғистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик тадқиқотлар институти директори ўринбосари Сабина Садиева (Қозоғистон), Тожикистон сиёсатшунослар миллий ассоциацияси раиси Абдуғани Мамадазимов (Тожикистон), Марказий Осиё Халқаро институти директори ўринбосари Фанил Қодиров, «Полис Азия» таҳлилий марказининг директори Эльмира Ногойбаева (Қирғизистон)нинг маърузалари тингланди ва муҳокама қилинди.
Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш лозимки, ҳозирги кунга қадар Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг 3 та маслаҳат учрашуви бўлиб ўтган. «Тошкент Халқаро мунозара клуби»нинг бу галги сессиясида таъкидланганидек, ҳамкорликнинг бундай жадал тус олиши минтақадаги барча давлатлар учун манфаатли ҳисобланади. Минтақавий ҳамкорликни кучайтириш бу – объектив, барқарор ва қайтариб бўлмас тенденциядир. Унинг замирида минтақа давлатларининг сиёсий иродаси ва чуқур тарихий нуқтаи назари ётади.
Минтақада ўзаро ишончни мустаҳкамлаш, Марказий Осиёда замон чақириқларига жавоб бериш ва ягона ёндашувларни ишлаб чиқишда эса «ақл марказлари» (think tanks) муҳим роль ўйнайди.
Халқаро давра суҳбатида давомида Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти директори Фозилжон Отахонов сўзга чиқди ва Янги Ўзбекистонда учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этишда «ақл марказлари»нинг ўрни муҳим эканлигини таъкидлади, шунингдек уларнинг давлат ва жамият қурилиши соҳасидаги ислоҳотларнинг ахборот-таҳлилий ва эксперт-ҳуқуқий жиҳатдан таъминлашдаги роли ҳамда Марказий Осиё минтақасидаги экспертлик ҳамжамияти учун ягона мулоқот платформасини ташкил этиш масалаларига тўхталиб ўтди.
Қизғин баҳс-мунозаралар майдонига айланган минтақавий форум иштирокчилари Марказий Осиёда фаолият юритаётган «ақл марказлари», уларнинг минтақа доирасида олиб борилаётган ислоҳотларни амалга оширишдаги ўрни тўғрисида фойдали маълумотларга эга бўлдилар.
Тадбир якунида Марказий Осиё мамлакатлари экспертлик ҳамжамиятининг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари билан самарали мулоқот механизмларини такомиллаштириш, минтақадаги ривожланиш жараёнларида «ақл марказлари» иштироки доирасини кенгайтириш юзасидан тегишли таклиф ва тавсиялар берилди.