Ўзбекистон Республикаси Президентининг инаугурацияси– муҳим сиёсий воқеа – Қонунчилик муаммолари институти
Мақолалар Янгиликлар

     Янги сайланган Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг лавозимга киришиш тантанали маросими юртимизнинг янги тарихида муҳим ўрин эгаллаган демократик ҳодиса бўлди, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз. Зотан, жорий йилнинг 6 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг янгидан барпо этилган катта мажлислар залида ташкил этилган парламентимиз палаталарининг қўшма мажлиси Президентлик сайловларига мантиқий якун ясади. Шу боис, ушбу сана демократик тамойиллар асосида бўлиб ўтган сайловларда ўз йўлбошчисини танлаган ўзбек халқи учун алоҳида аҳамият касб этади.

     Эътиборлиси, ушбу тантанали тадбир Ўзбекистон Республикасининг кейинги 5 йилликдаги Тараққиёт стратегияси учун ҳам тамал тоши бўлди, мамлакатимиз истиқболини белгиловчи устувор вазифаларни аниқлаб олиш учун очиқ мулоқот майдонига айланди.

  Президент инаугурацияси: миллий анъаналар ва хорижий тажриба

     Мустақил Ўзбекистон тарихида Президентнинг ўз лавозимига киришиш – қасамёд қилиш расмий маросимлари 1992 йил 4 январь, 2000 йил 22 январь, 2008 йил 16 январь, 2015 йил 15 апрель, 2016 йил 14 декабрь саналарида бўлиб ўтган. Мазкур 5 та Президент инаугурацияси маросимларининг қуйидаги бир қатор жиҳатларни келтириб ўтиш ўринли, яъни:         

     *Президентнинг ўз лавозимига киришиш маросими Олий вакиллик органининг мажлисида ўтказилади;

     *тантанали маросимга бағишланган мажлисни Марказий сайлов комиссияси Раиси очиб беради;

     *мажлислар залида Ўзбекистон Давлат байроғи кўтарилади;

     *Президент қасамёд қабул қилиш вақтида Конституция (1992 йил 4 январда бўлиб ўтган Президент инаугурацияси бундан мустасно) ва Муқаддас Қуръони Каримга ўнг қўлини қўяди;

     *Президент қасамёд қабул қилганидан сўнг Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси янграйди;

     *Президент ўз лавозимига киришганидан кейин дастурий маърузасини эълон қилади.

     Хорижий мамлакатларда Давлат раҳбарининг инаугурациясига оид тажрибалар таҳлилида қатор қизиқарли жиҳатлар кўзга ташланади. Уларнинг деярли барчасида қасамёд қабул қилиш жараёни инаугурациянинг мажбурий қисми сифатида белгиланган. Дунёнинг кўплаб мамлакатларида Президент (давлат раҳбари) инаугурацияси Америка протоколи асосида олиб борилади. АҚШда Президент инаугурацияси Капитолий тепалигида (Вашингтон) мамлакат парламенти – Конгрессда ташкил этилади. Айрим мамлакатларда инаугурация ни ўтказиш вақти аниқ белгиланган ва ўзгармайди. Масалан, АҚШда – 20 январь (1933 йилга қадар инаугурация АҚШ Конституциясига 20-ўзгартиш киритилгунга қадар 4 март куни ўтказиб келинган), Мексикада – 1 декабрь, Бразилияда – 1 январь, Колумбияда – 7 август, Германияда – 1 июль куни ўтказилади.

     Давлат дини қонун билан белгилаб қўйилган қатор Европа мамлакатларида (масалан, Греция, Ирландия, Италия, Украинада) диний маросим ҳам инаугурация жараёнига мажбурий таркибий қисм сифатида киритилган (муқаддас китоб ёки хочни ўпиш, муқаддас китобга қўлни қўйиш ва бошқалар).

     Ўзбекистон Республикасида ҳам шунга ўхшаш сиёсий анъана вужудга келган – Президент қасамёд қабул қилиш вақтида бир вақтнинг ўзида Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ва муқаддас Қуръони Каримга ўнг қўлини қўяди. Ушбу ёзилмаган қоида ўзбек халқининг тарихи, анъаналаридан келиб чиққан ҳолда шаклланган.

     Чехияда давлат раҳбари инаугурациясининг аҳамиятли жиҳати шундаки, агар сайланган шахс қасамёд қабул қилиш вақтида қасамёд матнини ўзгартирса ёки адашиб кетса, сайлов натижалари бекор қилинади ва янги сайловлар ўтказилиши белгиланади. Бироқ, ҳозиргача бундай ҳолат кузатилмаган.

Президент инаугурациясининг ҳуқуқий асослари

     Таҳлиллар шуни кўрсатадики, “Президент инаугурацияси” жумласи Ўзбекистон Республикасининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларида бевосита учрамаса-да, Президентнинг лавозимга киришиш (қасамёд қилиш) маросимига оид айрим қоидалар миллий қонунчилигимизда ўз аксини топган.

     Биринчидан, Конституциянинг 81-моддасида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлислари ўтказилиши асослари келтирилган бўлиб, улар қаторида айнан Ўзбекистон Республикаси Президентининг қасамёд қилиши ҳам белгиланган.

     Иккинчидан, Бош қомусимизнинг 92-моддасига кўра, Президент Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси йиғилишида қуйидаги қасамёдни қабул қилган пайтдан бошлаб ўз лавозимига киришган ҳисобланади:

     “Ўзбекистон халқига садоқат билан хизмат қилишга, республиканинг Конституцияси ва қонунларига қатъий риоя этишга, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларига кафолат беришга, Ўзбекистон Республикаси Президенти зиммасига юклатилган вазифаларни виждонан бажаришга тантанали қасамёд қиламан”.

     Учинчидан, “Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси тўғрисида” 1992 йил 10 декабрда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 3-моддасида Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига киришиш чоғида — у қасамёд қабул қилганидан сўнг ижро этилиши мустаҳкамланган.

     Тўртинчидан, Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 14 – моддасига мувофиқ, Марказий сайлов комиссияси сайланган шахсга Ўзбекистон Республикаси Президенти этиб сайланганлиги тўғрисида гувоҳномани топширади. Ушбу гувоҳнома айнан Ўзбекистон Республикаси Президентининг лавозимга киришиш маросимида берилади.

     Бешинчидан, Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 65-моддаси Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига киришишнинг ҳуқуқий регламентациясига бағишланган. Унга кўра, Ўзбекистон Республикаси Президенти Марказий сайлов комиссияси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови натижалари расмий равишда эълон қилинган кундан эътиборан кечи билан икки ой ичида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қўшма мажлисида қасамёд қилган пайтдан эътиборан ўз лавозимига киришади.

     Маълумот учун: худди шундай мазмундаги қоида Сайлов кодекси кучга киргунга қадар амалда бўлган 1991 йил 18 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 39-моддасида ҳам мустаҳкамланган эди.

 

2021 йил 6 ноябрда бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Президенти инаугурациясининг ўзига хос жиҳатлари

     Бу йил ташкил этилган Ўзбекистон Республикаси Президентининг лавозимга киришиш тантанали маросими қатор ўзига хос жиҳатлари билан ажралиб турганини кўриш мумкин. Хўш, улар қайсилар?

     Биринчи фарқли жиҳати – бу Президент инаугурацияси ўтказилган жой. Ҳозирги кунга қадар мустақил Ўзбекистонда Президент инаугурацияси билан боғлиқ барча тадбирлар Олий вакиллик органининг биносида ўтказилган. Жумладан,1992 йил 4 январь кунидаги Президентнинг қасамёд қабул қилиш тантанали маросими Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши, 2000 йил 22 январь, 2008 йил 16 январь, 2015 йил 15 апрель, 2016 йил 14 декабрь саналаридагиси эса Олий Мажлис (Қонунчилик палатаси) биносида бўлиб ўтган.

     Бу галги Президент инаугурацияси Олий Мажлис Сенатининг янги барпо этилган катта мажлислар залида бўлиб ўтгани ва юқори палатанинг янги биносида ташкил этилган биринчи мажлис, янада аниқроғи палаталарнинг биринчи қўшма мажлиси ҳисобланиши билан ҳам эътиборлидир.

     Бу жиҳатни Президентимиз: “Бугунги тантанали маросим пойтахтимиз марказида барпо этилган, барча замонавий шароитларга эга бўлган муҳташам Сенат биносида ўтаётганида ҳам чуқур рамзий маъно бор, албатта.

     Бу қутлуғ маскан мамлакатимиз равнақи йўлида муҳим қонун ва қарорлар қабул қилинадиган нуфузли даргоҳга, замонавий миллий давлатчилигимиз кўзгуси ва демократия мактабига айланади, деб ишонаман.

     Янги Ўзбекистон тимсолларидан бири бўлган Сенат биноси ҳаммамизга муборак бўлсин!” дея ўз нутқида ҳам алоҳида таъкидлаб ўтдилар.

     Иккинчи фарқли жиҳати – тантанали маросимда Ўзбекистон тарихида биринчи бор Президентнинг расмий рамзларидан фойдаланилди.

     Маълумки, Ўзбекистон Республикасининг 2003 йил 25 апрелдаги “Ўзбекистон Республикаси Президенти фаолиятининг асосий кафолатлари тўғрисида”ги Қонунига жорий йилнинг 25 октябрида киритилган қўшимчалар билан Ўзбекистон Республикаси Президенти расмий рамзларининг ҳуқуқий асослари яратилди.

     Ушбу тартиб сайланган шахсни Президентлик лавозимига юклатилган мураккаб вазифаларни самарали амалга ошириши учун халқ ва жамият томонидан билдирилган ишонч белгиси сифатида хизмат қилишини алоҳида таъкидлаш лозим.

     Аввалги Президент инаугурацияларидан фарқли ўлароқ, бу галги тантанали маросимга Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи билан бир қаторда Ўзбекистон Республикаси Президентининг штандарти ҳам олиб кирилди.

     Штандарт – махсус турдаги байроқ.

     Штандарт (байроқ) Президент иштирок этадиган барча муҳим тадбирларда, инаугурация (қасамёд қабул қилиш) пайтида ҳамда Президент қароргоҳларининг бинолари ва хизмат хоналарида кўтарилади.

     Президент штандартининг (байроғининг) давлат байроғидан фарқли жиҳати шундаки, давлат байроғи барча давлат органлари, ушбу давлатнинг дипломатик ваколатхоналари, консуллик муассасалари биноларида ҳамда бошқа жой ва ҳолатларда кўтарилса, Президент штандарти (байроғи) шахсан Президентга бириктирилади ва фақат у томонидан фойдаланилади.

     Шу билан бирга, Олий Мажлис Сенатининг катта мажлислар залига Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва муқаддас Қуръони Карим билан бир қаторда Ўзбекистон Республикаси Президентининг белгисиОлий нишони олиб кирилди. Шу тариқа Давлат раҳбари иштирокидаги тадбирларда Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий рамзларидан фойдаланиш бўйича сиёсий анъанага старт берилди.

     Учинчи фарқли жиҳати – мустақил Ўзбекистон тарихида олтинчи бор ўтказилган Президент инаугурацияси Президент сайловлари ўтказилиши санаси ўзгартирилганлиги боис куз мавсумида (ноябрь ойида) бўлиб ўтди. Унгача ўтган 5 та Президент инаугурацияларидан 3 таси январь, 1 таси апрель ва 1 таси декабрь ойларида ташкил этилган.

     Тўртинчи фарқли жиҳати – тантанали маросим иштирокчиларининг доираси сезиларли равишда кенгайди. Олий Мажлис Сенатининг янгидан барпо этилган катта мажлислар залида бўлиб ўтган Президент инаугурациясида нафақат парламент аъзолари, дипломатик корпус ва халқаро ташкилотлар вакиллари, балки кенг жамоатчилик ҳам қатнашиб, жами 650 киши иштирок этди.

     Бешинчи фарқли жиҳати – Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси эълон қилинди. Мавжуд сиёсий анъаналарга ҳамоҳанг равишда Президент лавозимига киришиш тадбирининг асосий қисмларидан бири сифатида дастурий маъруза ўқиб эшиттирилди. Хусусан, янги сайланган Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси асосида демократик ислоҳотлар йўлини қатъий давом эттирамиз” номли концептуал нутқи билан чиқиш қилди. “Ҳаракатлар стратегиясидан – Тараққиёт стратегияси сари” деган бош мезон ва тамойил асосида изчил ислоҳотларни давом эттириш йўли белгиланди. Давлат раҳбари кенг жамоатчиликни келгуси беш йилда мамлакатимизда демократик ислоҳотларни давом эттириш ва янги босқичга олиб чиқишга қаратилган еттита устувор йўналишлар билан таништирди.

     Олтинчи фарқли жиҳати – янгиланиш, “уйғониш” даврининг мусиқий ифодаси деб ҳисоблаш мумкин бўлган “Янги Ўзбекистон бу!” куйи янгради.

“Ишончли қадам каби

Шахдам ҳар юрак зарби.

Юксалди инсон қадри

Адолатли замон бу!”

     Шундай ҳаётий сўзлардан иборат мусиқий асар Президентнинг лавозимга киришиш маросимининг муносиб мантиқий ва бадиий якуни бўлди.

     Шундай қилиб, 2021 йилнинг 6 ноябрь – янги Ўзбекистон тарихида, қолаверса ўзбек халқи ҳаётида муҳим сана сифатида муҳрланди. Бу, албатта, Президент сайловларида “инсон қадри учун” берилган ҳар бир овознинг инъикосидир.

www.uza.uz

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan