Минтақа ва бутун туркий дунё халқлари учун бирдек муҳим ташаббуслар… – Қонунчилик муаммолари институти
Мақолалар Янгиликлар

Дунёдаги 6 та туркий тилли давлатлардан бири бўлмиш юртимизнинг туркий тилли давлатлар орасидаги нуфузи янада мустаҳкамланди.

Шу ўринда эслатиб ўтиш жоизки, Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 14 сентябрдаги «Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик Кенгашини тузиш тўғрисидаги Нахичеван битимини (Нахичеван, 2009 йил 3 октябрь) ратификация қилиш ҳақида»ги қонуни қабул қилинди. Ўзбекистоннинг ташкилотдаги иштироки қуйидаги учта жиҳат билан давлатимиз ва халқимиз ҳаётида муҳим аҳамиятга эга.

Биринчи жиҳати, Ташкилот доирасидаги ҳамкорлик бугунги кунда мамлакатимизда савдо-иқтисодий, сармоявий, транспорт-логистика ва маданий-гуманитар соҳаларининг ривожланиши учун кенг имкониятларни яратмоқда. Хусусан, сўнгги йилларда Ўзбекистоннинг қардош мамлакатлар билан умумий товар айирбошлаш ҳажмининг икки баробарга ошганлиги фикримизнинг исботидир.

Иккинчи жиҳати, оғир пандемия шароитида ҳамкор давлатларнинг ўзаро қўллаб-қувватлови сабабли турли иқтисодий ва ижтимоий масалалар ижобий ҳал қилинмоқда.

Учинчи жиҳати, умумий тил ва муштарак маънавий қадриятларга эга бўлган халқлар ўртасида ўзаро яқинлик ва дўстлик алоқалари тобора ривожланиб бормоқда.

Жорий йилнинг 12 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашининг саккизинчи саммитида иштирок этди. Ташкилотнинг мазкур саммити қуйидаги ўзига хос жиҳатлари билан олдингиларидан фарқ қилганлигини таъкидлаш ўринли:

биринчи фарқ, анжуман Туркиянинг рамзий ва тарихий аҳамиятга эга бўлган Демократия ва озодлик оролида ташкил этилди;

иккинчи фарқ, анжуман доирасида савдо, инвестициялар, «яшил» иқтисодиёт, рақамли технологиялар, транспорт ва коммуникациялар, таълим ва маданият соҳаларидаги ҳамкорликни янада кенгайтиришга доир долзарб масалалар муҳокама қилинди ва улар юзасидан манфаатли келишувларга эришилди;

учинчи фарқ, энг муҳим жиҳати шундаки, мазкур саммитда Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши «Туркий давлатлар ташкилоти» этиб ўзгартирилди;

тўртинчи фарқ, анжуманда ташкилотга раислик Озарбайжон Республикасидан Туркия Республикасига ўтди;

бешинчи фарқ, кун тартибидаги масалалар юзасидан 10 дан ортиқ ҳужжатлар қаторида «Туркий дунё нигоҳи – 2040» дастурий ҳужжати ҳамда улуғ мутафаккир бобомизАлишер Навоий номидаги халқаро мукофотни таъсис этиш ҳақидаги қарор имзоланди.

Давлатимиз раҳбари саммитда мақсадлари муштарак бўлган қардош халқларимиз ўртасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлаш ва кенгайтиришга қаратилган тарихий нутқ қилди. Президентимизнинг мазкур тарихий нутқининг қуйидаги жиҳатлари эътиборга молик:

биринчи жиҳат, нутқда туркий тилли давлатлар ўртасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати очиб берилди. Хусусан, оғир пандемия шароитидаги ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасидаги ишлар эътироф этилди;

иккинчи жиҳат, нутқда ҳозирги вақтда дунёда юз бераётган шиддатли жараёнлар, турли таҳдид ва хатарларга оқилона ёндашишга доир «чорлов» билдирилди;

учинчи жиҳат, нутқда Ташкилот доирасида истиқболда амалга оширилиши зарур бўлган олдинги саммитларда билдирилган таклифларнинг мантиқий давоми бўлган саккизта муҳим ташаббус илгари сурилди;

тўртинчи жиҳат, нутқда Ташкилот аъзолари Афғонистондаги бугунги мураккаб вазият юзасидан Афғонистоннинг янги Ҳукумати билан бўладиган мулоқотларда умумий ёндашувга чақирилди;

бешинчи жиҳат, нутқда Ўзбекистон томони саммит кун тартибига киритилган масалаларни қўллаб-қувватлаши билдирилди.

Тан олиб айтиш керакки, туркий тилли давлатларни ўхшаш тил, муштарак маънавий қадриятлар ва ҳамкорлик ришталари бир-бирига чамбарчас боғлаб туради. Мана шу ҳақиқатни англаган ҳолда, Давлатимиз раҳбари томонидан истиқболда Ташкилот доирасида амалга оширилиши лозим бўлган саккизта муҳим йўналиш бўйича 10 дан зиёд ташаббуслар илгари сурилди. 

Шу ўринда айтиш лозимки, Президентимиз томонидан билдирилган ҳар бир ташаббусни амалга ошириш бўйича аниқ механизмлар ҳам белгилаб берилганлиги, ушбу ташаббусларнинг самарали амалга оширилишини таъминлашга хизмат қилиши шубҳасиз. Жумладан:

биринчи ташаббус, ташкилот доирасида савдо алоқаларини кенгайтириш учун қулай ва жозибадор шароитларни яратиш.

Давлатимиз раҳбари томонидан мазкур таклифни амалга ошириш мақсадида:

учинчи давлатлардан кириб келаётган маҳсулотларни ташкилотга аъзо мамлакатларда ишлаб чиқариш мумкин бўлган товарлар ҳисобидан қоплаш чора-тадбирларини кўриш;

шу мақсадда Туркий давлатлар савдо ҳамкорлиги бўйича тадқиқот марказини ташкил этиш бўйича аниқ режалар ҳам илгари сурилди.

Дарҳақиқат, бугунги кунда ташкилот доирасидаги давлатлар ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми ушбу давлатларнинг иқтисодий салоҳиятига мутаносиб равишда эмас. Чунки, Ўзбекистон, Туркия, Қирғизистон, Озарбайжон, Қозоғистон, Туркманистон давлатларидаги иқтисодий салоҳият ва шарт-шароитлар учинчи давлатлардан кириб келиши мумкин бўлган маҳсулотларнинг ўрнини босадиган миллий маҳсулотларни ишлаб чиқаришга бемалол етади;

иккинчи ташаббус, ташкилот доирасида транспорт ва транзит масалаларига алоҳида эътибор қаратиш.

Ташаббусни амалга ошириш мақсадида Юртбошимиз томонидан «Туркий давлатлар ташкилотининг транспорт соҳасидаги ўзаро боғлиқлик дастури»ни ишлаб чиқиш таклифи илгари сурилиб, Дастурда минтақалараро мультимодал коридорларини ривожлантириш, чегаралардан ўтиш тартибларини соддалаштириш, божхона, санитария ва бошқа турдаги назорат жараёнларини рақамлаштириш, транспорт ва транзит тарифларини оптималлаштириш масалалари бўйича ечимларни белгилаш лозим эканлиги билдирилди;

учинчи ташаббус, Ташкилот доирасида саноат кооперациясини кучайтириш.

Ташаббус доирасида аъзо давлатлардаги ихтисослашган ташкилотлар негизида«Инжиниринг ва технологиялар марказлари»ни ташкил этиш, ташаббус доирасидаги лойиҳаларни молиялаштириш мақсадида келгусида Инвестиция жамғармасини тузиш, ташаббус доирасида келгуси йили Ўзбекистонда «Туркий давлатлар саноат ҳафталиги»ни ўтказиш каби аниқ чора-тадбирларни кўриш таъкидланди;

тўртинчи ташаббус,Ташкилот доирасидаги давлатларда ҳар бир соҳани рақамлаштириш.

Мазкур ташаббус бугунги рақамли тараққиёт даврида муҳим аҳамият касб этиб, давлатларнинг ўз ичидаги ва Ташкилот доирасидаги фаолиятида ҳам қулайликларни яратиши шубҳасиз.

Ташаббусни рўёбга чиқариш мақсадида Президентимиз томонидан Туркиянинг рақамлаштириш борасидаги тажрибасидан ўрнак олган ҳолда, «ақлли шаҳар»ларни барпо этиш, инновацияларни трансфер қилиш мақсадида экспертлар ва IT мутахассислар учун доимий платформани яратиш каби муҳим вазифаларни амалга ошириш билдирилди;

бешинчи ташаббус сифатида Давлатимиз раҳбари томонидан дунёдаги иқлим ўзгариши ва экология муаммоларини ечишга алоҳида эътибор қаратилиши зарурлиги, бу борада Орол денгизининг қуриши минтақа ва унинг ташқарисидаги ҳудудлар учун ҳам жиддий экологик муаммолардан бири бўлиб қолаётганлиги, мазкур муаммоларни ҳамда бошқа экологик фожиаларнинг салбий оқибатларини юмшатиш, уларнинг тарқалишининг олдини олиш учун Бирлашган Миллатлар Ташкилоти билан ҳамкорликда Туркий мамлакатларнинг атроф-муҳит муҳофазаси бўйича тузилмасини тузиш илгари сурилди.

Дарҳақиқат, бугун инсоният экологик фожиаларнинг олдида ожиз қолиб, унинг таъсиридан жабр кўрмоқда. Тан олиб айтиш керакки, Орол денгизининг қуриши билан боғлиқ муаммо нафақат Ўзбекистон ёки минтақамиз учун балки бутун дунё учун жиддий экологик муаммо ҳисобланади. 

Давлатимиз раҳбари инсониятни экологик хавф-хатарларга курашга чорлаш асносида ушбу муаммо ва фожиаларнинг олдини олишга ўз вақтида тўғри ва аниқ ташаббуслар билан ёндашмоқда;

олтинчи ташаббус, Ташкилот доирасидаги давлатларда маданият ва туризм соҳаларини ривожлантириш.

Дарҳақиқат, туркий дунё маданияти ва туризми жуда бой тарихга эга бўлиб, бугунги кунга қадар жаҳон халқлари учун ўрнак вазифасини ўтаб келмоқда. Ташкилотга аъзо давлатлардаги муқаддас қадамжолар, тарихий масканлар, замонавий қиёфа касб этиб бораётган янги туристик объектларни жаҳон бўйлаб тараннум эттириш, Ташкилотга аъзо давлатларни жаҳон сайёҳлик марказлари сифатидаги ўзига хос имижини яратиш мақсадида мазкур ташаббус ва унинг доирасида амалга оширилиши лозим бўлган чора-тадбирлар муҳим аҳамият касб этади.

Шу мақсадда, муҳтарам Юртбошимиз томонидан «Туркий дунё туризми» ва «Табаррук зиёрат» сайёҳлик лойиҳаларини амалга ошириш, ҳунармандчилик кўргазмалари ва этноспорт мусобақаларини ўтказиш, маданий мерос объектларини сақлаш ва реставрация қилиш ҳамда бошқа йўналишларни қамраб олган «йўл харитаси»ни биргаликда ишлаб чиқиш таклифи билдирилди.

Давлатимиз раҳбарининг еттинчи ташаббус сифатида туркий дунёнинг буюк вакилларининг илмий-ижодий меросини ўрганиш ва тадқиқ этиш таклифини илгари сурганлиги барчамизни хушнуд этди. Негаки, буюк аждодларимиздан қолган илмий, маданий ва маънавий мерос бугунги кунга қадар дунё халқлари ва мамлакатларининг цивилизациясида муҳим манбалардан бири сифатида эъзозланиб келинмоқда. 

Айтиш жоизки, математика, физика, кимё, тиббиёт, асторономия каби соҳаларда дунё илм-фани вакиллари ўз фаолиятида ҳозирга қадар бизнинг аждодларнинг қолдирган фикрлари ва илмий-назарий қарашлари акс этган асарларни асос сифатида келтиришади, уларга иқтибослар беришади. Жаҳонда туркий дунё шеърияти, санъати ва адабиёти намуналари янграмаган маскан қолмаган десак, ҳам айни ҳақиқатни айтган бўламиз.

Аждодларимиз ва уларнинг бой илмий-ижодий меросини чуқур ҳурмат қилган ҳолда Муҳтарам Юртбошимиз томонидан нодир асарларни биргаликда ўрганиш, уларни таржима қилиш, ягона электрон базасини яратиш, бу соҳага рақамли технологияларни жорий этиш мақсадида «Туркий тилли давлатларнинг тарихий, илмий ва маданий меросини ўрганиш тадқиқот маркази»ни ташкил этишни таклифи билдирилди.

Шунингдек, Президентимиз томонидан Саммитда саккизинчи ташаббус сифатида ёшлар ва уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш масаласи яна бир бор халқаро минбарда илгари сурилди. Шу мақсадда, ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, креатив ғоя ва лойиҳаларини рағбатлантириш, миллий қадриятларимизга ёт бўлган таъсирлардан асраб-авайлаш масаласи яна кун тартиби муҳокамасига олиб чиқилди.

Айниқса, Юртбошимиз томонидан «2022 йилни Туркий дунёда «Ёшлар ташаббусларини қўллаб-қувватлаш йили», деб эълон қилишни таклиф этаман» деб айтган гапларини эшита туриб, нафақат биз – Ўзбекистон ёшлари, балки бутун туркий дунё ёшлари бирдек қувонган бўлса, ажаб эмас.

Давлатимиз, халқимиз, минтақамиз ва бутун туркий дунё халқлари учун бирдек муҳим аҳамиятга эга бўлган саммитда Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан илгари сурилган тарихий ташаббусларнинг амалга оширилиши келгусида туркий халқларнинг, айниқса, туркий дунё ёшларининг тақдирида, ҳаётида, фаолиятида катта ижобий ўзгаришларни олиб келиши шубҳасиз.

Акбаршоҳ ТEШАБОЕВ,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти бўлим бошлиғи

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan