2021 йил 25 февраль куни “Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш: пандемия ва ундан кейинги даврда уларни қўллаб-қувватлаш” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди. Унда Олий Мажлис Сенати аъзолари, вазирлик ва идоралар мутасаддилари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Давра суҳбатида давлат томонидан тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш мақсадида яратилаётган шарт-шароитлардан унумли фойдаланиш, пандемия даврида қийинчиликларга учраган тадбиркорларга берилган имтиёзлар ва уларнинг аҳамияти, пандемия давридан сўнг тадбиркорликни ривожлантириш борасида амалга ошириладиган ишлар юзасидан фикр алмашилди.
Таъкидлаш лозимки, пандемия даврида тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентининг 20 га яқин фармон ва қарорлари қабул қилинди.
Ушбу ҳужжатлар билан тадбиркорликни, айниқса, пандемияда энг кўп муаммоларга дуч келган туризм, умумий овқатланиш, хизмат кўрсатиш соҳаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида ҳуқуқий, иқтисодий ва молиявий имкониятлар яратилди. Жумладан, 2020 йил 1 апрелдан 1 октябргача бўлган даврда якка тартибдаги тадбиркорлар учун ижтимоий солиқнинг ойлик энг кам суммаси базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 фоизига қадар камайтирилди. Тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини солиқ аудитидан ўтказиш 2021 йил 1 январга қадар тўхтатилди ва бу мораторий муддати яна 2021 йил 31 декабргача узайтирилди.
2020 йил 1 апрелдан 31 декабрга қадар туроператорлар, турагентлар ва туризм соҳасида меҳмонхона хизматлари (жойлаштириш хизматлари) кўрсатувчи субъектлар юридик шахслардан олинадиган ер солиғи ва юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқни тўлашдан озод қилинди ҳамда ижтимоий солиқни камайтирилган ставкада 1 фоиз миқдорида тўлаши белгиланди.
Туроператорлар, турагентлар, шунингдек, жойлаштириш воситалари учун 2020 йил 1 июндан 31 декабрга қадар фойда солиғи ставкаси белгиланган ставкага нисбатан 50 фоизга камайтирилди. Бу имтиёзлар муддати ҳам 2021 йилнинг 31 декабрига қадар узайтирилди.
Коронавирус пандемияси туфайли карантин тадбирлари даврида ўз фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлган тадбиркорлик субъектлари томонидан давлат мулкидан фойдаланганлик учун ижара тўловларини ҳисоблаш ва ундириш тўхтатилди. Қолаверса, 2020 йилнинг 1 июнидан 31 декабргача кичик тадбиркорлик субъектлари, бозорлар ва савдо комплекслари, кинотеатрлар, умумий овқатланиш корхоналари, жамоат транспорти корхоналари, спорт-соғломлаштириш муассасалари, шунингдек, йўловчи ташиш, маиший хизматлар кўрсатиш, биноларни, шу жумладан, банкетлар ўтказиш учун ижарага бериш фаолияти билан шуғулланувчи юридик шахслар мол-мулк солиғи ва ер солиғини тўлашдан озод қилинди.
Яратилган имкониятлар натижасида биргина карантин чекловлари ўрнатилган даврнинг ўзида пандемиядан зарар кўрган 60 мингдан ортиқ кичик бизнес субъектлари мол-мулк ва ер солиғидан озод қилинди, 21 мингта тадбиркорга фойдаланилмаётган объектлари (ер, бино) учун юқори ставкадаги солиқ ва жарималарни ундириш тўхтатилди. 329 мингта кичик бизнес субъекти учун ижтимоий солиқ ставкаси 12 фоиздан 1 фоизга камайтирилди ва 4 мингдан ортиқ экспорт қилувчи дебиторлик қарзлари мавжуд корхоналарга жарималарни қўллаш тўхтатилди.
Шунингдек, 105 мингта тадбиркорларнинг 21,5 трлн. сўмлик кредитларини қайтариш муддати узайтириб берилди, тадбиркорликни ривожлантириш жамғармасидан 25 мингдан ортиқ тадбиркорга 8,4 трлн. сўмлик молиявий кўмак кўрсатилди.
Бундан ташқари, пандемия бўлишига қарамасдан 2020 йил натижаларига кўра, 94.9 мингта янги кичик бизнес субъектлари ташкил этилганлиги ҳам давлат томонидан яратиб берилган имкониятлардан унумли фойдаланилганлигининг яққол мисолидир .
Шуни алоҳида қайд этиш керакки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида пандемия даврида жабр кўрган тадбиркорлик субъектларига берилган имтиёзлар муддати 2021 йилнинг якунига қадар узайтирилиши таъкидланди.
Шунингдек, давра суҳбатида тадбиркорлар томонидан билдирилган масалаларни ҳал этиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқилди.
Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Ахборот хизмати