Спикер ўринбосари О.Тожиев халқаро конференцияда иштирок этмоқда – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари Одилжон Тожиев бошчилигидаги парламент делегацияси Қозоғистон Республикасининг Нур-Султон шаҳрида бўлиб турибди.

Ўзбекистон делегацияси бугун, 22 ноябрь куни Қозоғистон Республикасининг Биринчи Президенти кунига бағишлаб “Элбоши. Мустақиллик. Парламент.” мавзусида ўтказилаётган халқаро парламент конференциясида иштирок этмоқда.

Айтиш жоизки, мазкур конференция Қозоғистон Республикаси мустақиллигининг 30 йиллиги ҳамда Қозоғистон Парламентининг 25 йиллигига бағишлаб ўтказиляпти.

Конференцияда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари О.Тожиев сўзга чиқиб, Қозоғистон халқини ва конференция иштирокчиларини Элбоши куни ҳамда Қозоғистон Республикаси мустақиллигининг 30 йиллиги билан самимий табриклади.

Спикер ўринбосари Ўзбекистон – Қозоғистон парламентлараро алоқалар тўғрисида, хусусан, сўнгги йилларда икки томонлама парламентлараро алоқалар сезиларли даражада фаоллашгани, икки давлат ўртасида парламент йўналишидаги алоқалар тобора юксалиб бораётганлигини таъкидлади.

Ўз навбатида, Ўзбекистон ва Қозоғистон давлатлари раҳбарлари ўртасидаги илиқ ва дўстона муносабатлар парламентлараро ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга алоҳида замин яратаётганини қайд этди.

Халқаро конференция доирасида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари О.Тожиев Қозоғистон Республикаси Парламенти Мажлиси раиси Н.Нигматулин билан учрашув ўтказди.

www.parliament.gov.uz

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan