Замонавий инфратузилмани яратувчи муҳим омил… – Қонунчилик муаммолари институти
Мақолалар

Маълумки, автомобиль транспорти замонавий инфратузилманинг муҳим таркибий қисми ҳисобланиб, унинг барқарор ривожланиши мамлакат иқтисодиётининг юқори суръатда ўсиши ва интеграциялашувида, аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтиришда муҳим аҳамиятга эга.

Дарҳақиқат, автотранспорт фаолиятининг самарадорлиги давлат томонидан амалга оширилаётган транспорт сиёсати даражасига боғлиқ. Шу маънода, юртимизда соҳанинг ташкилий-ҳуқуқий механизми яратилиб, тегишли қонун ҳужжатларининг давр талаблари асосида такомиллаштирилаётганлигини алоҳида таъкидлаш жоиз.

Хусусан, «Транспорт тўғрисида»ги, «Ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунларининг қабул қилинганлиги ҳамда соҳани тартибга солувчи бошқа қонун ости ҳужжатларига киритилаётган муҳим ўзгартириш ва қўшимчалар мамлакатимизда ҳаётга татбиқ этилаётган давлат транспорт сиёсати тизимда бозор иқтисодиётини янада ривожлантириш, бошқарувни такомиллаштириш, тармоқда хусусий секторнинг ўрни ва аҳамиятини тубдан оширишга хизмат қилмоқда.

Шу ўринда ҳақли савол туғилиши мумкин. Хўш автотранспорт соҳасида қабул қилинган қонун ҳужжатларидаги сўнгги ўзгартиришлар нималардан иборат ва ушбу янгиликлар фуқароларга қандай имкониятлар тақдим этади?

«ТРАНСПОРТ ТЎҒРИСИДА»ГИ ҚОНУН – СОҲАДАГИ ИЖТИМОИЙ МУНОСАБАТЛАРНИ ТЎҒРИДАН-ТЎҒРИ ТАРТИБГА СОЛУВЧИ МУҲИМ ҲУЖЖАТ

Биргина 2021 йил 9 августда қабул қилинган «Транспорт тўғрисида»ги Қонун ҳақида тўхталадиган бўлсак, ушбу Қонун барча турдаги транспортларнинг оптимал, мувозанатлашган ва уйғунлашган ўзаро алоқасини таъминловчи, уларни самарали логистика, аралаш йўналишлар сонини кенгайтириш орқали ягона транспорт тармоғига интеграция қилишда ҳуқуқ асос бўлди.

Бошқача қилиб айтганда, транспортнинг биз билан турлари — авиация, темир йўл, автомобиль, сув транспорти бир-биридан алоҳида, ўз соҳасига оид мақсадларга интилиб ривожланади. Амалда эса, мазкур транспорт турлари ўртасида ўзаро мувофиқлаштириш мавжуд эмас эди. «Транспорт тўғрисида»ги қонун мазкур транспорт турлари фаолиятини, шу жумладан, аралаш ташишларни амалга оширишда транспорт ташкилотлари ва улар хизматларидан фойдаланувчиларнинг ўзаро ҳамкорлигини таъминлаб, тўғридан-тўғри амал қиладиган нормаларни белгилаб берди.

АВТОМОБИЛЬ ТРАНСПОРТИДА ЙЎЛОВЧИЛАРНИ ТАШИШ ФАОЛИЯТИ СОДДАЛАШТИРИЛАДИ

Автомобиль транспортида йўловчилар ташиш соҳасида меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун шарт-шароитларни соддалаштириш, соҳада яширин иқтисодиёт даражасини пасайтириш мақсадида 2021 йил 7 майда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Автомобиль транспортида йўловчилар ташиш фаолиятини тартибга солишни янада соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-5108 сонли Қарори қабул қилинганлигини алоҳида таъкидлаш жоиз.

Очиғини айтганда Ўзбекистонда ноқонуний таксилар сони ҳозирда 100 мингдан ошади. Бугунги кунда такси хизматларини 58 мингта енгил автомобилга эга 4300 та компания тақдим этмоқда. Шу билан бирга, автомобилларнинг ярмидан ортиғи (52%) жисмоний шахсларга тегишли.

Мамлакатдаги 1та таксига ўртача 591 киши тўғри келади, Навоий вилоятида — 142 киши, Тошкентда — 166 киши, Андижон ва Сурхондарё вилоятларида — 1500 кишидан, Сирдарё вилоятида — 3000 киши.

Юқоридаги Қарор уларга лицензия олиш орқали фаолиятини қонунийлаштириш имконини беради.

Шунингдек, мазкур Қарор билан 2021 йил 15 майдан 2022 йил охирига қадар автомобиль транспортида йўловчи ташиш фаолиятини тартибга солишни соддалаштириш бўйича бир қатор енгилликлар беришни назарда тутувчи эксперимент йўлга қўйилди. Унга кўра,

– лицензия варақаси асосида енгил автотранспорт воситалари (ҳайдовчидан ташқари 4 тадан ортиқ бўлмаган ўриндиқларга эга бўлган) да ташиш фаолияти якка тартибдаги тадбиркорлар шуғулланиши мумкин бўлган фаолият турлари рўйхатига киритилади;

– якка тартибдаги ташувчилар ўз фаолиятини фақатгина агрегаторлар хизматидан фойдаланган ҳолда амалга оширади (2021 йил 1 сентябрдан бошлаб);

– автомобиль транспортида йўловчиларни ташиш билан шуғулланадиган якка тартибдаги тадбиркорлар 6 ойда камида 1 маротаба транспорт воситасини техник кўрикдан ўтказади;

– якка тартибдаги ташувчилар махсус текширув пунктларида ойлик тиббий кўрикдан ўтади;

– якка тартибдаги ташувчилар фақатгина агрегаторлар хизматидан фойдаланган ҳолда фаолият юритади(2021 йил 1 сентябрдан бошлаб);

– йўловчи ташишда фойдаланилаётган автотранспорт воситаларининг ранги ва махсус церийали давлат рақами белгиси бўйича ўрнатилган амалдаги талаблар тўхтатиб турилади (2023 йил 1 январга қадар).

Мазкур тартибларнинг ўрнатилиши орқали одам ташиш билан шуғулланувчи фуқароларнинг ортиқча харажатлардан ва сансалорликдан қутилишларига ҳамда ноқонуний равишда одам ташишга чек қўйилади.

ТРАНСПОРТ СОҲАСИДА СОЛИҚ ВА ВА БОШҚА ЙИҒИМЛАР БЎЙИЧА ИМТИЁЗЛАР БEРИЛАДИ

Маълумки, солиқ тизимидаги ислоҳотлар миллий иқтисодиётни янада ривожлантириш, қулай ишбилармонлик муҳитини яратишга хизмат қилади. Дарҳақиқат, ушбу соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар аввало тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг қонуний фаолият ортидан ҳалол даромад орттиришига қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Хусусан, транспорт соҳасида фаолият юритувчи тадбиркорлик субъектларига ҳам бир қатор солиқ имтиёзлари бериб келинмоқда. 2021 йил

14 сентябрдаги «Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонунга мувофиқ, фаолиятни транспорт соҳасида амалга ошираётган хўжалик юритувчи субъектлар 2022 йил 1 январга қадар солиқ қарзини мажбурий равишда ундиришдан озод қилиниши белгилаб қўйилди.

Бундан ташқари, электр двигатели орқали ҳаракатланадиган автомототранспорт воситаларини (электромобиллар) сотиб олиш ва (ёки) Ўзбекистон ҳудудига вақтинчалик олиб кириш божхона йиғими тўлашдан озод қилинди. Натижада, жорий йилнинг январь-сентябрь ойларида Ўзбекистонга 558 та электромобиль импорт қилиниб, импорт ҳажми қарийб 7 бараварга ошди.

Шунингдек, бу орқали транспорт воситаларидан атроф муҳитга чиқариладиган зарарли газлар миқдорини қисқартириш, инсонлар соғлиғи ҳамда табиатни асраш, шунингдек мамлакатда энергия хавфсизлигини таъминлашга эришилмоқда.

КАРШEРИНГ – АВТОТРАНСПОРТ ВОСИТАЛАРИНИ ЁЛЛАШ ВА ИЖАРАГА БEРИШНИНГ ЗАМОНАВИЙ ТУРИ

Автомототранспорт воситаларини ёллаш ва ижарага бериш бўйича хизмат кўрсатиш соҳасини янада ривожлантириш, электромобиллардан фойдаланишни қўллаб-қувватлаш, велосипедда ҳаракатланишни оммалаштириш ва тарғиб қилиш, велоинфратузилмани ва ички туризмни ривожлантириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 29 декабрдаги 812-сонли Қарори билан мамлакатимизда каршерингга рухсат берилди.

Бунда, халқаро амалиётга мувофиқ, жисмоний шахсларга, шу жумладан чет эл фуқароларига автомототранспорт воситаларини ижарага ва прокатга бериш бўйича хизматларни кўрсатиш фаолияти каршеринг деб эътироф этилиши белгилаб қўйилди.

Шунингдек, 2021 йил 10 январдан бошлаб каршеринг ташкилотларига нотариал расмийлаштирмасдан ва ички ишлар органларида рўйхатдан ўтказмасдан йўловчилар автотранспорти ва мототранспорт воситаларини жисмоний ва юридик шахсларга 30 кунгача муддатга қисқа муддатли ижарага бериш ҳуқуқи тақдим этилди.

ҲАЙДОВЧИЛИК ГУВОҲНОМАЛАРИНИ ОЛИШ УЧУН ИМТИҲОНЛАРНИ ЎТКАЗИШ СОҲАСИГА ХУСУСИЙ СEКТОРНИ ЖАЛБ ЭТИШ – ДАВР ТАЛАБИ

Маълумки, мамлакатимизда давлатнинг иқтисодиётдаги иштирокини қисқартириш, самарали рақобатбардош муҳитни шакллантириш ҳамда тадбиркорларга янада қулай шарт-шароитлар яратишга қаратилган чора-тадбирлар изчил амалга оширилмоқда.

Зеро, давлат томонидан алоҳида соҳаларни ортиқча тартибга солиш хусусий секторнинг давлат функцияларини амалга оширишдаги иштироки даражасига салбий таъсир кўрсатади.

Шу сабабли, бозор шароитида рақобатни янада ривожлантириш, тадбиркорликнинг янги йўналишларини ривожлантиришга қўшимча имкониятлар яратиш, фуқароларнинг ишчанлик фаоллигини ошириш, аҳолига хизмат кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш мақсадида2021 йил

4 майда Вазирлар Маҳкамасининг «Автомототранспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳайдовчилик гувоҳномаларини олиш учун имтиҳонларни ўтказиш соҳасига хусусий секторни жалб этишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Қарори қабул қилинди.

Унга кўра эндиликда, йўл ҳаракати соҳасида давлат томонидан кўрсатиладиган хизматларга хусусий секторни кенгроқ жалб этиш мақсадида хусусий нодавлат таълим муассасаларига барча тоифадаги автомототранспорт воситаларини (троллейбус ва трамвайдан ташқари) бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун назарий ва амалий имтиҳонларни ўтказиш ҳуқуқи берилди.

Қисқа қилиб айтганда, балансида автотранспорт бўлган корхоналар, шунингдек, хусусий автомобиль эгалари ва профессионал ташувчилар учун жорий йилда қонунчиликка киритилган қатор муҳим ўзгартиришлар соҳанинг барқарор ривожланишига, тадбиркорлик субъектлари ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари тўлиқ рўёбга чиқарилишига хизмат қилади.

Рустамбек САЙИДОВ,

Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик

муаммолари ва парламент тадқиқотлари

институти бош илмий ходими

www.uza.uz

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan