Ўзаро муносабатларнинг истиқболли саҳифаси – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси барча хорижий шериклар билан ўзаро манфаатли муносабатларни ривожлантириш тарафдори бўлиб, асосий ташқи сиёсий ҳаракатларини қатор устувор вазифаларни амалга оширишга, жумладан, давлат мустақиллиги ва суверенитетини мустаҳкамлаш, мамлакатнинг халқаро муносабатларнинг тенг ҳуқуқли субъекти сифатидаги ўрни ҳамда ролини ошириш, мамлакатда олиб борилаётган ислоҳотлар тўғрисида жаҳон ҳамжамиятига холис ахборот етказишга қаратади.

Ўзбекистоннинг ушбу ташқи сиёсий усувор вазифалари барқарор, адолатли, демократик давлат барпо этиш, мамлакатимизнинг ташқи очиқлигини таъминлаш, минтақавий ва кўп томонлама ўзаро ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган.

Ўзбекистон ташқи сиёсатининг муҳим усувор йўналиши бу – етакчи хорижий давлатлар ва нуфузли халқаро ташкилотлар билан стратегик алоқалари  мувозанатли стратегик шериклик тизимини шакллантиришдир. Бундай ёндашув иқтисодиётни модернизация қилиш, барқарорлик ва хавфсизликни сақлаш, Марказий Осиёда ҳамкорлик қилиш учун қулай шарт- шароитлар яратиш масалаларини самарали ҳал этишни таъминлашга қаратилган.

Олий даражадаги алоқалар самарасида Тошкент Россия билан муносабатларни мутлақо янги даражага олиб чиқди. Россия Федерацияси билан кўп қиррарли стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатлари изчил ривожланмоқда. Бундан аввал имзоланган стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартномалар ҳамда Россия Федерацияси ва Ўзбекистон ўртасидаги стратегик шерикликни чуқурлаштириш тўғрисидаги декларация янгича мазмун билан тўлдирилиб, амалиётга тадбиқ этилмоқда.

Бу тенденциялар Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Россия Федерацияси Президенти Владимир Путиннинг таклифига биноан ушбу мамлакатга уюштирган ташрифида ўз аксини топди. Кейинги йилларда Ўзбекистон ва Россия муносабатларимизда чинакам улкан ютуқларга эришилди. Бош вазирлар даражасидаги қўшма комиссия ҳамда Иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссия йиғилишлари мунтазам ўтказилмоқда.

Кейинги тўрт йилда Ўзбекистонда Россия сармояси иштирокидаги корхоналар сони икки баробар кўпайиб, қарийб 3 мингтани ташкил этмоқда. Бугун юртимиз иқтисодиётида Россиядан жалб қилинган инвестициялар ҳажми 10 миллиард доллардан ошди ва жадал ўсишда давом этмоқда.

Коронавирус пандемияси билан боғлиқ чекловларга қарамасдан, тўққиз ой якунида беш миллиардни ташкил этди, йил охирида етти миллиард бўлади. Шунингдек, учта катта тадбир: ҳудудлар, таълим ва медиа форумлари ўтказилди. Хусусан, таълим форуми якунида шерикликнинг янги йўналишларига доир 35 дан ортиқ битим имзоланди.

Аҳамиятли томони, сўнгги уч йил ичида Ўзбекистонда Россия олий таълим муассасаларининг қўшимча 11 та янги филиаллари фаолият юритишни бошлади ва яқинда очилган Пирогов номидаги Россия миллий-тадқиқот тиббиёт университети филиалини ҳисобга олган ҳолда, ҳозирда уларнинг сони 15 тага етди.

Шу ўринда Ўзбекистон раҳбарининг ташрифи арафасида ўтказилган II Ҳудудлараро ҳамкорлик форуми натижаларини алоҳида таъкидлаш жоиз. Форум якунида саноат, энергетика, транспорт ва фармацевтика, тўқимачилик ва озиқ-овқат саноатига доир янги битим ва шартномалар имзоланди.

Москвада бўлиб ўтган ушбу II Ҳудудлараро ҳамкорлик форуми доирасида 2022-2026 йилларга мўлжалланган иқтисодий ҳамкорлик комплекс дастури ҳам имзоланди. Ҳужжат Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзоқов ва Россия Федерацияси иқтисодий ривожланиш вазири М.Решетников томонидан имзоланди.

Дастур иқтисодий ҳамкорликда замонавий воситалар, жумладан электрон савдо, иқтисодиётни рақамлаштириш, янги энергия ва сувни тежайдиган технологиялардан фойдаланиш зарурлигини ҳисобга олади. Ўз навбатида, ушбу дастур узоқ муддатли истиқболга қурилган бўлиб, унда кенг кўламли вазифалар белгилангани, уларни амалга ошириш ишлари бошлаб юборилгани билан эътиборни тортади.

Шунингдек, янги қўшма инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва мавжудларини амалга оширишни тезлаштириш доирасида Ўзбекистон тўғридан-тўғри инвестициялар жамғармаси ва Россия Ўзбекистон инвестициялар жамғармаси ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳам катта қизиқиш уйғотади. Бу ҳар икки мамлакат идоралари ўртасида имзоланган келишувларда кўзда тутилган. Эришилган келишувлар доирасида ахборот ва экспертиза алмашинуви ҳам кўзда тутилган бўлиб, томонлар ўз эътиборларини икки мамлакат ҳудудида инвестициявий лойиҳаларни амалга оширишга қаратадилар.

Биргаликда умумий қиймати 14 миллиард долларлик истиқболли лойиҳаларни тайёрлаш ишлари олиб борилмоқда. Буларнинг барчаси мамлакатларимиз ўртасида яқин ҳамкорлик ўрнатилганидан далолатдир. Биргина жорий йилнинг ўзида 50 дан ортиқ олий даражадаги ўзаро ташрифлар ташкил этилди. Мамлакатимиз парламенти аъзолари ҳудудлараро ҳамкорлик форуми натижаларини ижобий баҳолайди. Чунки ҳудудлар ўртасидаги аниқ ўзаро ҳамкорлик, ўзаро манфаатли лойиҳалар   мамлакатларимизнинг умумий ҳамкорлигига туртки беради.

Икки мамлакат раҳбарлари минтақавий хавфсизлик масалалари ва Афғонистондаги вазият юзасидан фикр алмашиб, ташқи сиёсат ва мудофаа идоралари ўртасидаги икки томонлама маслаҳатлашувларни давом эттириш муҳимлигини таъкидлади. Россия томони Ўзбекистоннинг Афғонистонда тинчлик жараёнига кўмаклашиш борасидаги муҳим саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлади.

ЎзЛиДеП фракцияси аъзолари ўз электорати манфаатларидан келиб чиқиб, иқтисодиётнинг деярли барча тармоқларини қамраб олган ҳолда, савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни янада кенгайтириш, шунингдек, давлатларимиз ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчиликга асосланган юқори даражадаги икки томонлама муносабатларни сақлаб қолиш тарафдори.

Ишонамизки, ҳар икки давлат иқтисодиёти тармоқларида ўзаро ҳамкорликни янада кенгайтириш учун катта захиралар бор. Шу боис, самимий ва дўстона муҳитда ўтган суҳбатнинг мантиқий натижаси Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада мустаҳкамлашга интилиш қатъий эканининг тасдиқлангани бўлди.

Бир сўз билан айтганда, Ўзбекистон билан Россия федерацияси ўртасида турли соҳаларда йўлга қўйилган ҳамкорлик кейинги йилларда янги босқичга кўтарилиб, икки томонлама муносабатлар кенг уфқлар сари ҳаракатланмоқда. Президентимизнинг Россияга ташрифи жуда самарали бўлди, у ўзаро ишонч, ҳурмат ва манфаатдорлик асосидаги шерикликка янги суръат бахш этади ва истиқболда икки мамлакат ўртасида ҳамкорлик алоқаларини янада кенгайтиради. Зотан, ташриф доирасида жами 18 та ҳужжат имзолангани шундан далолатдир.

 

 

Актам ҲАИТОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик

палатаси Спикери ўринбосари

www.parliament.gov.uz

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan