Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил ҳисоботи эшитилди ва Қонун дастлабки тарзда муҳокама қилинди – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

2021 йил 25 февраль куни Олий Мажлис Сенати Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитасининг видеоконференцалоқа тарзида мажлиси ўтказилди. Унда Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлисида муҳокама қилиниши назарда тутилган “Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий қонуни ҳамда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)нинг ҳамда Бола ҳуқуқлари бўйича вакилнинг ҳисоботлари дастлабки тарзда муҳокама қилинди.

 

Мажлисда Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси аъзолари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларининг Қонунийликни таъминлаш ва коррупцияга қарши курашиш доимий комиссиялари раислари, экспертлар, мутахассислар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Таъкидланганидек, “Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида”ги Конститкциявий Қонуннинг қабул қилиниши инсон ҳуқуқларини кенгроқ ҳимоя қилишга хизмат қилади.

Жумладан, ҳозирги кунда Конституциявий суднинг фаолияти 2017 йил
31 майда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди тўғрисида”ги Конституциявий қонун билан тартибга солинади. Бироқ Конституциявий судда иш юритишнинг процессуал қоидалари Конституциявий суднинг ўзи томонидан тасдиқланган Регламент билан белгилаб берилган. Бироқ аксарият мамлакатларда бундай норма қонун билан белгиланиши назарда тутилган.

Бундан ташқари, конституциявий суд ишларини юритиш амалиётининг таҳлили мамлакатимизда фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини ҳимоя қилишда ҳал этилиши лозим бўлган яна бир қатор долзарб муаммолар ҳамда ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишни тақозо этадиган масалалар мавжудлигини кўрсатмоқда.

Ушбу Қонуннинг қабул қилиниши конституциявий суд ишларини юритишни янги босқичга кўтаради.

Қонун билан фуқаролар ва юридик шахсларга, шунингдек, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ўринбосари – Бола ҳуқуқлари бўйича вакилга Конституциявий судга мурожаат қилиш ҳуқуқи берилиб, Конституциявий судга мурожаат қилувчи субъектлар доираси кенгайтирилмоқда.

Мажлисда Олий Мажлис Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)нинг ҳисоботини танқидий-таҳлилий муҳокама қилди.

Мазкур масала юзасидан Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Феруза Эшматова ҳамда Бола ҳуқуқлари бўйича вакил Алия Юнусова ҳисобот берди.

Қайд этилганидек, Вакил ва унинг жойлардаги вакили томонидан 7 та асосий соҳа бўйича ишлар қилинган.

Хусусан, инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги миллий қонун ҳужжатларини такомиллаштириш, унга риоя этилишини мониторинг қилиш, фуқароларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш, аҳоли ва давлат органлари вакиллари ҳуқуқий онгини ҳамда хабардорлигини ошириш, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш соҳасида халқаро ҳамкорлик қилиш, шунингдек, жазони ижро этиш муассасаларига мунтазам кириб туриш орқали қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллашнинг олдини олиш соҳасида қатор ишлар қилинган.

Шу билан бирга, Вакилнинг аҳоли мурожаатлари билан ишлашда ўтган йилдаги фаолиятига нисбатан ижобий ўзгаришлар қилинган бўлса-да, ҳисобот даврида 176 та мурожаат қонун талабларига мувофиқ белгиланган тартибда аноним деб топилган. Бироқ мазкур мурожаатларда кўтарилган масалаларни Вакил ташаббуси билан кўриб чиқиш амалиёти йўлга қўйилмаган.

Мурожаатларнинг давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан кўриб чиқилишини таъминлаш учун самарали механизмларни жорий этиш ва ушбу соҳада инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида устувор сиёсат олиб борилаётган бир пайтда ҳисобот йили давомида Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман)нинг 274 та мурожаатига ўз вақтида вазирлик ва идоралардан жавоб хатлари берилмаган. Мазкур ҳолат юзасидан вазирлик ҳамда ҳокимликларга 3 та тақдимнома (Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Тошкент вилояти ҳокимлиги), 9 та хулоса (Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Фарғона, Наманган, Самарқанд, Сурхондарё вилоятлари, Тошкент шаҳар, Андижон ва Қашқадарё вилоятлари ҳокимликларига) киритилганлигига қарамай, Олий Мажлис палаталарига бу ҳақида маълумот киритилмаган.

Шунингдек, қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турлари қўлланилишини олдини олиш мақсадида ўтказилган мониторинглар натижасида тегишли вазирлик ва идоралар томонидан ҳуқуқий тарғиботнинг самарали ташкил этилмаганлиги оқибатида қамоқда сақлаш жойларида бир қатор камчиликлар ҳамда ўз ечимини кутаётган муаммолар аниқланди.

Яъни жазони ижро этиш муассасаси ходимлари “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тўғрисида”ги Қонундан тўлиқ хабардор эмаслиги;

муассасалардаги ишлаб чиқариш цехларида тиббий пунктлар ташкил этилмаган ҳамда цехлар, мустақил участкалар, устахоналар ва бошқа иншоотлар биринчи тиббий ёрдам аптечкалари билан тўлиқ таъминланмаганлиги;

ишлаб чиқаришда меҳнатга жалб қилинган маҳкумлар махсус кийим-бош, пойабзал, бошқа шахсий ҳимоя ва гигиена воситалари билан тўлиқ таъминланмаганлиги танқид қилинди.

Бундан ташқари, Вакилнинг минтақавий вакиллари ўз фаолиятини тарғиб қилиш ишларини тўғри йўлга қўймаганлиги таъкидланди.

Шунингдек, Сенат аъзолари ва эксперт ҳамда мутахассислар томонидан таклиф ва тавсиялар билдирилди.

Мажлисда кўриб чиқилган масалалар юзасидан Қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.

 

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Ахборот хизмати

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan