2021 йил 25 ноябрь куни МДҲ ПА Кенгашининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.
Кенгаш аъзолари ташкилотнинг 53 ялпи мажлиси кун тартиби, шунингдек, 2022 йилга мўлжалланган иш режасини муҳокама қилдилар.
Сўнгра парламент аъзолари Ҳамдўстлик маконида бўлиб ўтган сайловлар, шу жумладан, 2021 йил 24 октябрда ўтказилган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови мониторинги натижаларини кўриб чиқдилар.
Мажлисда Ўзбекистон Президенти сайловига юқори баҳо берилди. МДҲ ПА Кенгаши вакилларининг фикрларига кўра, сайлов халқаро андозаларга мувофиқ очиқ, демократик ва шаффоф ўтган.
Шунингдек, 2021 йил 28 ноябрда бўлиб ўтадиган Қирғизистон Республикаси Жогорку Кенеши депутатлари сайлови муҳокама қилинди.
Қайд этилганидек, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Қ.Бурхонов бошчилигидаги мониторинг гуруҳи ташкил этилиб, таркибига 75 нафар халқаро кузатувчи киритилган.
Мажлисда Олий Мажлис Сенати Раиси Т.Нарбаева иштирок этди ва нутқ сўзлади.
Сўнгра МДҲ Давлат раҳбарлари кенгашининг 2021 йил 15 октябр ва МДҲ Ҳукумат раҳбарлари кенгашининг 2021 йил 12 ноябрдаги қарорлари юзасидан ахборот эшитилди.

Шунингдек, учрашувда маданиятлараро ва динлараро мулоқот бўйича Бутунжаҳон конференциясига тайёргарлик кўриш масалалари, тўққизинчи Невский халқаро экологик конгресси, шунингдек, учинчи Евросиё аёллар форуми якунлари кўриб чиқилди.
Парламент аъзолари Парламентлараро Ассамблея томонидан тадбирлар юқори савияда ўтказилаётганини қайд этиб, МДҲ ПА сайтида ўз ғояларини билдириш ва турли масалалар бўйича тажриба алмашиш имконияти яратилгани учун ташкилотчиларга миннатдорлик билдирди.
www.senat.uz