“Боланинг энг яхши манфаатлари” принципининг аҳамияти – Қонунчилик муаммолари институти
Мақолалар Янгиликлар

Мамлакатимизда болалар ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш ва таъминлаш борасидаги фаолиятнинг институционал ва ҳуқуқий асосларини такомиллаштиришга йўналтирилган тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, 2019 йилда Бола ҳуқуқлари бўйича вакил лавозими жорий этилди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегияси тасдиқланди. Унда болалар ҳимоясига бағишланган устувор йўналишлар ва болалар манфаатларини биринчи навбатда таъминлаш принципини қонунчилик ва амалиётга янада самарали жорий этиш ҳамда Бола ҳуқуқлари бўйича вакилнинг ҳуқуқий мақоми ва фаолиятини такомиллаштириш белгиланди. 2020 йилда “Бола ҳуқуқларининг қўшимча кафолатлари белгиланиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун қабул қилинди.

Унга мувофиқ, бола ўз ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини сўраб давлат органларига мустақил равишда мурожаат қилишга ҳақлилиги, ваколатли органлар боланинг манфаатларига тааллуқли масалаларни ҳал этишда унинг фикрини, ёшидан қатъи назар, кўриб чиқиши ҳамда боланинг энг устун манфаатларидан келиб чиққан ҳолда қарорлар қабул қилиши белгиланди. Айтиш керакки, “боланинг энг яхши манфаатлари” принципи миллий қонунчиликка “болалар манфаатларини биринчи навбатда таъминлаш” ёки “боланинг энг устун манфаатларидан келиб чиқиб” сўзлари орқали ифода этилган.

Ушбу принципни “болалар манфаати учун энг маъқул йўлни танлаш” тамойили десак, адашмаган бўламиз. Яқинда Бола ҳуқуқлари бўйича вакил институти ҳуқуқий мақомини ва мустақиллигини таъминлашга йўналтирилган қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди ва у жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинди. Ишонамизки, болалар омбудсманининг ҳуқуқий мақомини белгиловчи мазкур қонун Ўзбекистонда “болалар манфаати учун энг маъқул йўлни танлаш” принципини рўёбга чиқаришга ва болалар ҳуқуқларини ҳурмат қилиш маданиятини шакллантиришга хизмат кўрсатувчи самарали парламент институти юзага келишига асос бўлади. “Боланинг энг яхши манфаатлари” принципи биз учун қанчалик муҳим?

Агар ҳаётимиздаги айрим муаммоларни таҳлил қилсак, бу саволнинг жавоби ойдинлашади. Масалан, оммавий ахборот воситаларида ва ижтимоий тармоқларда болалар ҳуқуқлари билан боғлиқ танқидий чиқишларнинг аксариятида амалдаги қонунлар нафақат фуқаролар, балки мансабдор шахслар томонидан ҳам бузилаётгани кўзга ташланади. Айрим ҳолларда масъул идоралар томонидан қабул қилинаётган қарорларда бола манфаатлари тегишли даражада инобатга олинмайди. Бундай ҳолатлар жамиятда болалар ҳуқуқларини ҳурмат қилиш маданиятини юксалтириш вазифасининг долзарблигидан далолат беради. Шу боис, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегиясида болалар манфаатларини биринчи навбатда таъминлаш принципини қонунчилик ва амалиётга янада самарали жорий этиш белгиланган. Бу принципни ҳар бир фуқаро тўғри тушуниши ва, аввало, ваколатли давлат органлари, қарор қабул қилишга масъуллар буни билиши ва ўз ишида тўғри қўллаши талаб этилади. “Боланинг энг яхши манфаатлари” принципи деганда нима тушунилади?

Мазкур принцип ғоя ва тавсия сифатида 1924 йилги Бола ҳуқуқлари бўйича Женева декларациясида, 1959 йилги Бола ҳуқуқлари бўйича декларацияда ўз аксини топган бўлса-да, мажбурий принцип сифатида Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияда намоён бўлган. Бола ҳуқуқларини талқин қилишда ишлатиладиган асосий фундаментал тўртта принципнинг (камситилмаслик, боланинг энг яхши манфаатлари, боланинг яшаш ҳуқуқи ва унинг ривожланиши, боланинг эркин ўз фикрини билдириши) бири ҳисобланади. Конвенциянинг 3-моддаси 1-бандида “болаларга нисбатан амалга ошириладиган барча ҳаракатларда, улар давлат ёки хусусий ижтимоий ҳимоя муассасалари, судлар, маъмурий ёки қонун чиқарувчи органлар томонидан амалга оширилишидан қатъи назар, боланинг энг яхши манфаатлари биринчи навбатда эътиборга олинади”, деб белгиланган.

Мазкур принцип бола ҳуқуқларини таъминлаш учун ҳар бир индивидуал ҳолатдан келиб чиқиб уни баҳолаш ва бола манфаати учун энг мақбул йўлни танлаш зарурлигини талаб этади. “Боланинг энг яхши манфаатлари” принципини таъминлашда нафақат ҳуқуқ, балки ижтимоий сиёсат, тиббиёт, психология ва социология каби бир қатор йўналишлардан фойдаланилади. Бу принцип нафақат соғлиқни сақлаш, таълим, болалар билан боғлиқ суд жараёнлари каби, бошқа кўплаб ижтимоий соҳаларда тўғри қўлланилиши муҳим аҳамиятга эга.

БМТ Бола ҳуқуқлари қўмитасининг 14-умумий шарҳида боланинг энг яхши манфаатлари концепциясини тўлиқ амалга ошириш учун барча манфаатдор томонларни жалб қилган ҳолда инсон ҳуқуқларига асосланган ёндашувни ишлаб чиқиш талаб қилинади. Бунда боланинг жисмоний, психологик, ахлоқий, маънавий яхлитлиги ва дахлсизлигини таъминлаш, шунингдек, боланинг инсоний қадр-қиммати ҳурмат қилиниши асосий мақсад сифатида белгиланади. Қўмитанинг фикрича, боланинг энг яхши манфаатлари концепцияси учта тушунча сифатида намоён бўлади.

Биринчиси, моддий ҳуқуқ. Бу бола ҳуқуқи сифатида кўриб чиқилаётган масала бўйича қарор қабул қилиш учун турли манфаатларни ҳисобга олишда боланинг энг яхши манфаатлари биринчи навбатда эътиборга олиниши ва баҳоланишини талаб этади. Бу ҳуқуқ болага, болалар гуруҳига ёки умуман болаларга нисбатан қарор қабул қилишнинг барча ҳолатларида қўлланилиши лозим. Конвенциянинг 3-моддаси 1-банди давлатларнинг инкор этиб бўлмайдиган мажбуриятини белгилайди ҳамда тўғридан-тўғри қўлланилувчи норма ҳисобланади ва судларда унга ҳавола қилиниши мумкин.

Иккинчиси, ҳуқуқларни талқин қилишда ишлатилувчи асосий ҳуқуқий принцип. Бу принцип агар юридик ҳолатнинг турли талқинлари мавжуд бўлса, унда боланинг энг яхши манфаатларига мос келувчи талқинга асосланиш лозимлигини англатади. Учинчиси, процедура қоидаси. Бола ёки тегишли болалар гуруҳига ёки умуман болаларга таъсир қилувчи қарор қабул қилишда ушбу жараён мазкур бола ёки тегишли болаларга қандай таъсир (ижобий ёки салбий) кўрсатиши мумкинлигини баҳолашни англатади. Баҳолашда боланинг энг яхши манфаатларини барча тегишли элементларининг умумий баҳоланиши, ҳар бирининг бошқаларга нисбатан аҳамияти инобатга олиниши лозим. 

Боланинг энг яхши манфаатини аниқлаш ва баҳолаш учун процессуал кафолатларни яратиш талаб этилади. БМТ Бола ҳуқуқлари қўмитасининг 14-умумий шарҳида конвенциянинг 3-моддаси 1-банди бўйича давлатнинг уч турдаги мажбуриятлари келтирилган: — давлат муассасаси томонидан амалга ошириладиган ҳар бир ҳаракатда, айниқса, болаларга бевосита ёки билвосита таъсир кўрсатадиган амалга ошириладиган барча чора-тадбирларда, маъмурий ва суд жараёнларида боланинг энг яхши манфаатлари принципи тегишли тарзда ҳисобга олиниши ва изчил қўлланилишини таъминлаш мажбурияти;

— болаларга тааллуқли барча суд ва маъмурий қарорларда, шунингдек, сиёсат ва қонунчиликда боланинг энг яхши манфаатлари биринчи навбатда эътиборга олинганлигини кўрсатиш мажбурияти. Бунга энг яхши манфаатлар қандай ўрганилганлиги ва баҳоланганлиги ва қарорда уларга қандай аҳамият берилганлигини кўрсатиш киради;

— болага тааллуқли ёки уларга таъсир қилувчи қарорлар қабул қиладиган хусусий сектор, шу жумладан, хизмат кўрсатувчи ёки ҳар қандай бошқа хусусий ташкилот ёки муассаса томонидан қабул қилинадиган қарорлар ва ҳаракатларда боланинг энг яхши манфаатлари баҳоланишини ва биринчи навбатда эътиборга олинишини таъминлаш мажбурияти.

БМТ Бола ҳуқуқлари қўмитаси шарҳига кўра, “Болаларга таъсир қилувчи ҳар қандай қонун ёки қарорларни, шунингдек, икки томонлама ёки кўп томонлама савдо ёки тинчлик шартномалари каби битимларни қабул қилишда боланинг энг яхши манфаатларига асосланиш керак. Боланинг энг яхши манфаатлари баҳоланиши ва биринчи навбатда эътиборга олиниши ҳуқуқи нафақат болаларга тегишли бўлган қонунларда, балки барча тегишли қонунларда аниқ белгиланиши лозим. Бу мажбурият, шунингдек, бюджетларни тасдиқлаш соҳасига ҳам тааллуқлидир, уларни тайёрлаш ва такомиллаштиришда боланинг энг яхши манфаатлари ёндашувини қўллаган ҳолда бола ҳуқуқларини ҳисобга олишга эришилади”. Қўмита шарҳига қўшимча равишда айтиш мумкинки, қонун чиқарувчи орган бола ҳуқуқлари соҳасидаги давлат сиёсатини шакллантиришда ва уни амалга оширишда фаол роль ўйнаши муҳимдир.

Парламент давлатнинг бола ҳуқуқларини таъминлаш соҳасидаги халқаро мажбуриятлари самарали бажарилишини таъминлашда тегишли ваколатларга эга. Хусусан, парламент томонидан боланинг энг яхши манфаатлари принципи қонунларни қабул қилишда, уларни такомиллаштиришда ва ижроси бўйича парламент назоратини амалга оширишда қўлланилиши болалар ҳуқуқлари самарали таъминланишининг кафолатидир. Парламент болалар ҳуқуқларини ҳурмат қилиш маданиятини шакллантиришда ҳам муҳим роль ўйнайди. Шу ўринда миллий қонунчилик ва амалиётимизда ушбу принцип тўғри имплементация қилиниши учун қуйидагилар таклиф этилади. 

Биринчидан, “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги қонунда болаларга нисбатан амалга ошириладиган барча ҳаракатларда боланинг энг яхши манфаатлари биринчи навбатда эътиборга олинишини белгилаш лозим. Яъни мазкур принцип қонуннинг асосий принциплари сифатида кўрсатилиши мақсадга мувофиқдир. 

Иккинчидан, боланинг энг яхши манфаатларини баҳолаш ва таъминлаш бўйича турли соҳаларда (қонун ижодкорлиги, фуқаролик, оилавий ва жиноий процессларда, шаҳарсозлик фаолиятида) қўлланма ишлаб чиқиб, уни норматив-ҳуқуқий ҳужжат сифатида қабул қилиш лозим. Мазкур ташаббус принципни нафақат қонун ижодкорлигида, балки барча ваколатли органлар томонидан турли соҳаларда тўғри қўллашга ёрдам беради.

Учинчидан, қонунчиликни, жумладан, Оила кодекси, Фуқаролик-процессуал кодекси, Жиноят-процессуал кодексини боланинг энг яхши манфаатлари принципидан келиб чиқиб такомиллаштириш зарур.

Тўртинчидан, ушбу принципни кенг жамоатчиликка тушунтириш ишларини кучайтириш таклиф этилади.

Зеро, фарзандларимизнинг соғлом ва бахтли болалигини, фаровон келажагини ўйлар эканмиз, мазкур принципнинг амалда ишлашини таъминлашга эътиборни кучайтиришимиз лозим.

Дониёр ТЎРАЕВ,

Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент 

тадқиқотлари институти директори ўринбосари

www.parliament.gov.uz

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan