Ҳамкорликнинг янги босқичи – Парламент тадқиқотлари институти
БМТ Ўқув маркази тадбирлар Янгиликлар

     Жорий йилнинг 30 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг янги биносида Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти тузилмасидаги Парламентаризмни ривожлантириш бўйича БМТ ўқув маркази ўқув залининг очилиш маросими ҳамда “Ёшлар ва сайлов: электорал маданиятни оширишнинг долзарб масалалари” мавзусидаги халқаро конференция материаллари тўплами тақдимоти бўлиб ўтди.

     Қонунчилик муаммолари институти, Туркия ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлиги (ТИКА) ҳамда Конрад Аденауэр номидаги фонднинг Ўзбекистондаги ваколатхоналари ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда парламент депутатлари, сенаторлар, Олий Мажлис палаталари ҳузуридаги Ёшлар парламентлари аъзолари ҳамда кенг жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

     Тадбирни Қонунчилик муаммолари институти директори, юридик фанлар доктори, профессор Фозилжон Отахонов олиб борди.

     Таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев БМТнинг қатор сессияларида кўплаб ташаббуслар билан чиқмоқда. Бу, ўз навбатида, БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш ва инсон ҳуқуқлари соҳасидаги салоҳиятини ошириш борасида давлатимизда кенг қамровли демократик ислоҳотлар олиб борилаётганлигини яна бир бор тасдиқлайди.

     Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг 5 та устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури тўғрисида”ги 2020 йил 2 мартдаги ПФ-5953-сонли Фармони ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгашининг ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 2021 йил 25 мартдаги 818–IV/ҚҚ-204-сонли Қўшма қарорига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти тузилмасида Парламентиризмни ривожлантириш бўйича БМТ ўқув маркази ташкил этилди.

     БМТ ўқув марказининг асосий вазифалари ва фаолияти йўналишлари этиб:

     хорижий мамлакатларнинг парламентлари ва бошқа манфаатдор давлат органлари билан биргаликда депутатлик корпуси ва сенаторлар ҳамда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари мутахассисларининг кўникмалари, малакаси ва салоҳиятини ошириш бўйича ўқув дастурларини рўёбга чиқариш;

     қонун ижодкорлиги, парламент назорати, фуқароларнинг манфаатларини ифода этиш ва халқ билан очиқ мулоқотни йўлга қўйиш, қонун ҳужжатларининг тартибга солиш таъсирини баҳолаш, норматив-ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш юкини мақбуллаштириш;

     тегишли йўналишлар бўйича Ўзбекистон Республикаси ичида ва унинг ташқарисида масофавий ўқитиш учун таълим модуллари ва дастурларини ўз ичига олган ҳамда “Электрон парламент” тизими билан интеграциялашган “онлайн” тизим яратиш;

     қисқа муддатларда малака ошириш ва кадрлар тайёрлаш бўйича ихтисослаштирилган дастурларни амалга ошириш;

     тингловчиларни БМТнинг барқарор ривожланиш мақсадлари (БРМ) соҳасидаги дастурларнинг мазмун-моҳияти, уларни амалга ошириш усуллари, мувофиқлаштириш ва назорат қилиш фаолияти билан таништириш каби вазифалар белгиланди.

     Ўқув маркази ўз фаолиятини амалга ошириши, халқаро ва республика миқёсида ўқув курсларини мукаммал ташкил этиши учун Қонунчилик муаммолари институти ҳамда Туркия ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлиги (ТИКА) ҳамкорлигида Ўқув марказнинг ўқув залини сўнгги технологиялар билан тўлиқ жиҳозлаш бўйича лойиҳа амалга оширилди. Лойиҳа Туркия ва Ўзбекистон халқлари ўртасидаги илмий ҳамкорлик масалалари учун ҳам мустаҳкам кўприк бўлиб хизмат қилади.

     Ҳозирга қадар Қонунчилик муаммолари институти, БМТ ўқув маркази, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ва Ўзбекистон ёшлар ишлари агентлиги ҳамкорлигида 2021 йилда Президент сайловларида аҳолининг электорал маданиятини оширишга қаратилган амалий тадбирлар ташкил этилиб, уларда 20 мингдан зиёд республика ёшлари қамраб олинди.

     Ўқув марказ жамоаси “Сайлов технологиялари” услубий қўлланмасини тайёрлашда иштирок этиб, улар томонидан фуқароларнинг сиёсий ва ҳуқуқий маданиятини оширишга йўналтирилган 20 дан ортиқ мақолалар чоп этилди. Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Қўриқлаш бош бошқармаси шахсий таркибининг ижтимоий-сиёсий тайёргарлигини оширишга қаратилган 12 та ўқувлар ташкил этилди.

     Шундай амалий тадбирларнинг давоми сифатида жорий йилнинг 1 декабридан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ҳузуридаги “Ёшлар парламенти” аъзоларининг (100 нафар) қонун ижодкорлигига оид билимларини оширишга қаратилган ўқувларга старт берилади.

     Эътироф этиш керакки, БМТ ўқув маркази Барқарор ривожланиш мақсадлари дастурида белгиланган вазифаларни амалга ошириш, фуқароларнинг  ижтимоий-сиёсий ҳамда ҳуқуқий маданиятини юксалтиришда энг илғор хорижий технологиялардан фойдаланишнинг ўзига хос “ғоялар лабораторияси” вазифасини амалга ошириб, ҳамкор ташкилотлар ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорлик ришталарини ҳам янада мустаҳкамлашига ишончимиз комил.

    Тадбирда якунида Қонунчилик муаммолари институти ҳамда Конрад Аденауэр номидаги фонднинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ҳамкорлигида нашрдан чиқарилган 2021 йилнинг муҳим ижтимоий-сиёсий воқелиги – Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови жараёнида ёшларнинг электорал маданиятини оширишга қаратилган “Ёшлар ва сайлов: электорал маданиятни оширишнинг долзарб масалалари” мавзусидаги халқаро конференция материаллари тўпламининг тақдимоти ҳам бўлиб ўтди.

Қонунчилик муаммолари институти,

2021 йил  30 ноябрь.

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan