Ёшлар ва Конституция: муҳокама, мунозара ва таклифлар – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

     Жорий йилнинг 2 декабрь куни Тошкент молия институтида Ўзбекистон Экологик партиясининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги фракцияси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти ҳамда Тошкент молия институти ҳамкорлигида “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси – мамлакат тараққиёти ва жамият фаровонлигининг ҳуқуқий кафолати” мавзусида маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди.

     Тадбирда Ўзбекистон Экологик партиясининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзолари К.Жуманиёзов ва Н.Юсуповлар, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти директори Ф.Отахонов, Институт бўлим бошлиғи А.Тешабоев, Тошкент молия институтининг профессор-ўқитувчилари ва талабалари, шунингдек оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

     Тадбирни Тошкент молия институти профессори, Ижтимоий фанлар кафедраси мудири Наим Обломурадов олиб борди.

     Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти директори Ф.Отахонов ўз кириш нутқида 100 дан зиёд талабаларга Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг қабул қилиниш тарихи ва унинг мазмун-моҳияти ҳақида тушунтиришлар берди. Хусусан, Ф.Отахонов томонидан Конституциямизнинг тарихий, ҳуқуқий ва сиёсий-мафкуравий ҳужжат сифатида мамлакатимиз суверенитети ва халқимиз турмуш – фаровонлигини таъминлашдаги ўрни, бугунги кенг кўламли ислоҳотларнинг Конституциямиз асосида амалга оширилаётганлиги юзасидан асослантирилган маълумотлар берилди.

     Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати, Ўзбекистон экологик партияси Марказий Кенгаши раисининг ўринбосари К.Жуманиёзов Ўзбекистон Республикаси Конституцияси янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган экологик ислоҳотларнинг ҳуқуқий асоси эканлиги, фуқароларнинг атроф муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлишлари лозимлиги юзасидан фикрларни билдирди.

     Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Н.Юсупов Конституциямизда белгиланган экологик ҳуқуқларни рўёбга чиқариш мақсадида Ўзбекистон Экологик партияси томонидан олиб борилаётган ишлар, хусусан, жорий йилнинг ноябрь ойи давомида ҳудудларда “Миллион дарахт” акцияси доирасида 75 миллион туп дарахтлар экилганлиги, 2022 йилнинг март ойига қадар яна 200 миллион туп дарахтни ўтқазиш режалаштирилганлиги, шунингдек партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси томонидан экология соҳасидаги амалдаги қонунчиликни замон талаблари асосида ривожлантириш мақсадида кўплаб қонун лойиҳалари ишлаб чиқилаётганлигини қайд этиб ўтди.

     Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти бўлим бошлиғи А.Тешабоев ўз маърузасида Конституциянинг мамлакатимиз тараққиёти ва жамият фаровонлигини таъминловчи ҳужжат сифатидаги ўрни, сўнгги йилларда Бош қомусимиз асосида ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти, шунингдек жаҳон мамлакатлари конституциявий амалиёти юзасидан маълумотларни бериб ўтди.

     Тадбир якунида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволлари юзасидан асослантирилган жавобларни олишди.

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan