Жорий йилнинг 6 декабрь куни Республика Маънавият ва маърифат марказида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти ҳамда Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳамкорлигида “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси – янги Ўзбекистон тараққиётининг ҳуқуқий асоси” мавзусида маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти директори Ф.Отахонов, Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбарининг биринчи ўринбосари М.Қуронов, Тошкент давлат юридик университети профессори Ф.Муҳиддинова, Институт ходимлари А.Тешабоев, А.Кенжаев, Т.Баратов, олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари ва талабалари, маърифат тарғиботчилари шунингдек оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Тадбирни Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбарининг биринчи ўринбосари М.Қуронов олиб борди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти директори Ф.Отахонов ўз кириш нутқида Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг қабул қилиниш тарихи ва унинг мазмун-моҳияти ҳақида тушунтиришлар берди. Хусусан, Ф.Отахонов томонидан Конституциямизнинг тарихий, ҳуқуқий ва сиёсий-мафкуравий ҳужжат сифатида мамлакатимиз суверенитети ва халқимиз турмуш-фаровонлигини таъминлашдаги ўрни, дунё конституциявий амалиётининг ўзига хос жиҳатлари юзасидан асослантирилган маълумотлар берилди.