Бош қомусимиз қабул қилинганлигининг йигирма тўққиз йиллик байрами муносиб нишонланди – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

     Жорий йилнинг 7 декабрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг янги биносида Қонунчилик муаммолари институти томонидан Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 29-йиллигига бағишланган байрам тадбири ташкил этилди.

     Тадбирда Ўзбекистон экологик партиясининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзоси Н.Юсупов, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти директори Ф.Отахонов ҳамда институт ходимлари иштирок этди.

     Байрам тадбирини Қонунчилик муаммолари институти директори, юридик фанлар доктори Ф.Отахонов кириш сўзи билан очиб берди.

     Қонунчилик муаммолари институти директори Ф.Отахонов ўз кириш сўзида Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг қабул қилиниши тарихи, ундаги ҳар бир норма инсон манфаатлари учун хизмат қилиши, Конституцияда белгиланган инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари қатъий таъминланиши ва ҳар бир фуқаро ўзининг конституциявий мажбуриятларига риоя қилиши кераклиги ҳамда бугунги кунда Бош қомусимиз халқ манфаатларининг самарали ҳуқуқий асосини яратаётганлиги ҳақида айтиб ўтди.

     Ўзбекистон экологик партиясининг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзоси Н.Юсупов Бош қомусимиз Ўзбекистон Республикаси учун мураккаб бўлган истиқлолнинг илк йилларида қабул қилинганлиги, унда халқимизнинг миллий урф-одатлари, қадриятлари, маданияти билан бир қаторда умумэътироф этилган инсон ҳуқуқлари ўз аксини топганлиги ҳамда Қонституциямиз мамлакатимизда экологик барқарорликни ва атроф-муҳитни сақлаб қолиш учун зарур қонуний асосларни яратиб бераётганлигини таъкидлаб ўтди.

     Байрам тадбири давомида институт бўлим бошлиғи А.Тешабоев Қонунчилик муаммолари институти томонидан тайёрланган “Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси халқимиз сиёсий – ҳуқуқий тафаккурининг юксак намунаси” номли Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг Бош қомусимиз тўғрисидаги маърузалари тўпламининг тақдимотини ўтказди. Тақдимот давомида муҳтарам Юртбошимизнинг Конституциямиз тўғрисидаги барча маърузалари тўпламга киритилганлиги, маърузалар олинган расмий манбаалар ҳар бир маърузада ҳавола сифатида жойлаштирилганлиги, тўплам ўзбек ва рус тилларида шакллантирилганлиги, тўпламдан кенг жамоатчилик, хусусан, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Сенат аъзолари, олий таълим муассасаларининг талабалари, илмий тадқиқот марказларининг ходимлари ва илмий тадқиқотчилари, амалиётчи мутахассислар фойдаланиши мукинлигини таъкидлаб ўтилди.

     Тадбир давомида Конституциямиз қабул қилинганлигининг 29 йиллиги муносабати билан Қонунчилик палатаси томонидан ташкил этилган спорт мусобақасида институт жамоаси спортнинг футбол тури бўйича фахрли 3-ўринни ва институт ходими Н.Саттаров спортнинг стол теннис тури бўйича фахрли 1-ўринни эгаллаганлиги билан тақдирланди.

     Тадбир якунида Институт ходимлари байрам табриклари билан сўзга чиқишди.

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan