Ватанимизнинг бош қўшиғи – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

1992 йил 10 декабрь куни Ўзбекистон Республикасининг Олий Кенгаши ХI сессиясида қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳиясида халқимизнинг азалий ҳамда абадий хоҳиш-иродаси, теран тафаккури, салобатли салоҳияти, минг йиллар мобайнида истиқлол ва истиқбол йўлида, ғанимларга қарши курашларда сўнмаган ор-номуси, ғурур-ифтихори, кайфияти, қадр-қиммат, ўз бошини ва қадди-қоматини баланд кўтариб юриш учун таянч ва суянч манбаи бўлмиш буюк ва муқаддас мустақил Ватан барпо этиш ғояси акс эттирилган.

Агарда эътибор берсангиз, кўп давлатлар мадҳияси қўшиқ тарзида яратилган. Бизнинг мадҳиямизда бўлса улуғворлик, тантанаворлик ҳамда шиддат, таъсирчанлик яққол акс этиб туради. Боз устига эса мусиқадаги ўзбекона ғурур юрак-юрагингизга қадар етиб боради. Шу сабаб, уни тинглаганда инсоннинг ички туйғулари ҳам ўзининг бор туғёнлари билан юзага қалқиб чиқади.

Давлат мадҳиямизнинг матни муаллифи, Ўзбекистон Қаҳрамони Абдулла Орипов шундай деган эди: “Мадҳияга қўйиладиган талаб жуда ҳам баланд, беҳад юксак. Ҳар бир мамлакатда шундай. Унда, энг аввало, халқнинг ўтмиши, бугунини, келажагини ўзида мужассам қиладиган шеър, оҳанг ифодаланиши лозим. Иккинчидан, у ниҳоятда кўтаринки руҳда бўлиши ҳам зарур. Токи ўтирган одам мадҳияни эшитганида ўрнидан оёққа қалқиши, ўз халқига, юртига, Ватанига меҳр-муҳаббати яна бир карра барқ уриши ҳам керак. Мадҳиянинг ана шундай сеҳрли таъсири бордир. Бунинг учун эса мусиқа билан сўз уйғун келиши шарт.

Фикримизча, айнан шу жиҳатдан бутун дунёдаги энг кучли мадҳияларнинг иккитасидан бири – бизники! Башарти, битта бўлса, шак-шубҳасиз, у ҳам бизнинг мадҳиямиз – дилбар ва миллий! Унда халқимизнинг мусиқа хазинасидаги унсур-элементлар ва оҳанглар учрайди. Айтишим жоиз, бу каби фазилатлар танловда қатнашган 74 та мадҳиянинг ҳаммасидаям бор эди. Улар ҳам самимият билан, дилдан ёзилган. Лекин, мадҳия битта бўлади-да! Танловдан бўлса бизники ўтди. Аммо, бу – бошқа дўстлармиз томонидан ёзилган сўз ёхуд мусиқалар ярамайди, деган маънони билдирмайди. Мадҳия расман қабул қилингач, унга энди одатий шеър ёхуд мусиқадек қаралмайди. У энди шахсий ижоднинг намунаси эмас, балки давлатнинг, халқимизнинг қонуний мулкига айланиб қолади.Мадҳия янграганида, жумладан, менинг ҳам қўлим кўксимда. Мен ҳам сўзсиз унга бўйсунаман! Чунки, у муаззам ва муқаддас давлатимизнинг энг олий рамзларидан биридир”.

Серқуёш ҳур ўлкамиз эрта тонгда мадҳиямиз билан “уйғониб”, у билан “уйқуга” кетади. Яъни, мадҳия янграётган экан, ёруғ ва серқуёш кунни қувонч билан кутиб олиб, тунда эса бехавотир, хотиржам ширин уйқуга кетамиз.

 

Барчамизга яна бир қутлуғ кун муборак бўлсин !

Ҳар кунимиз қувончларга тўлиқ, тинчлик-хотиржамликда ўтсин !

Мадҳиямиз жаҳон майдонларида баралла янграйверсин !

 

Зафар ХУДАЙБЕРДИЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan