Ҳар бир янгиланиш эртанги кунимиз, фаровон ҳаётимиз сари қўйилган муҳим қадамдир – Парламент тадқиқотлари институти
Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганига 29 йил тўлди. Ушбу сана муносабати билан Президентимиз томонидан халқимизга йўлланган табрикда мамлакатимиз равнақига хизмат қилувчи бир қатор муҳим вазифалар хусусида ҳам тўхталиб ўтилди.

Хусусан, Конституциямиз нормаларини ҳаётга тўла татбиқ этиш, жамиятда қонун ва адолат устуворлигини, инсон ҳуқуқ ва манфаатлари, унинг қадр-қимматини янада самарали таъминлаш борасида ҳали кўп иш қилиш кераклиги адолатли ва халқпарвар давлат барпо этишда муҳим аҳамият касб этадиган вазифаларни амалга ошириш учун, Асосий қонунимизни жамиятдаги бугунги реал воқеликка, шиддатли ислоҳотларимиз мантиғига мослаштириш, Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси учун мустаҳқам ҳуқуқий пойдевор яратиш муҳим вазифага айланаётгани таъкидланди.

Бу борада илгари амал қилиб келган “давлат – жамият – инсон” тамойилини “инсон – жамият – давлат” деб ўзгартириш, уни миллий қонунчилигимиз ва ҳуқуқий амалиётимизда мустаҳкамлаш зарурлиги айтилди. Айтиш керакки, ўтган беш йилда мамлакатимизда аниқ ва мақсадли ишлар амалга оширилди. Мазкур тарихий янгиланишлар нафаси ҳар бир шаҳар ва туман, қишлоқ ва маҳаллагача кириб борди десак хато бўлмайди. Давлат инсон учун, халқ учун очилди, аҳоли билан бевосита мулоқот қилиш, унинг муаммоларини ижобий ҳал этишга қаратилган мутлақо янги сиёсий-ижтимоий тизим яратилди. Ҳаракатлар стратегияси доирасида қабул қилинган 300 га яқин қонун, 4 мингдан зиёд Президент фармони ва қарорларининг барчасида, энг аввало, инсон қадри, унинг ҳақ-ҳуқуқлари ва манфаатларини тўлиқ рўёбга чиқариш масаласи устувор аҳамият касб этди. Давлат ташкилотлари иш фаолиятида “маҳаллага тушиш”, “халқ ичига кириш, унинг “дардига қулоқ солиш”, “ташвишига шерик бўлиш” ва “муаммоларни жойида ҳал этиш” тамойиллари асосий мезонга айланди.

Бош қомусимизда оила институтини ривожлантириш, эзгу инсоний қадриятларимизни келгуси авлодларга безавол етказиш, миллатлараро тотувликни янада мустаҳкамлаш бўйича конституциявий асосларни белгилаб қўйиш масаласи кўтарилди. Бу ниҳоятда муҳим ташаббус деб ҳисоблайман. Чунки айнан оилада мамлакатимиз ёрқин келажагининг навқирон вакиллари улғаяди. Шундай экан, оилани мустаҳкамлаш ва ривожлантириш, оилаларда маънавий-ахлоқий муҳитни яхшилаш, жамиятда энг ибратли оилавий анъаналарни сақлаб қолиш ҳамда тарғибот қилиш масалалари Конституциявий норма сифатида белгиланади ва ҳаётга тадбиқ этилади. Зеро, оила соғлом экан – жамият мустаҳкам, жамият мустаҳкам экан – мамлакат барқарордир.

Шунингдек табрикда фарзандларимиз Конституциямизда ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини тўла таъминлаш мақсадида ёшлар соҳасидаги давлат сиёсати, ўғил-қизларимизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш масаласи, уларнинг ҳуқуқ ва бурчлари конституциявий даражада ўз аксини топиши борасида аниқ вазифлар белгилаб берилди. Бу ташаббусга доноларнинг қуйидаги ҳикматли сўзлари билан изоҳ бермоқчиман. “Агар мамлакат 1 йил ривожланаман деса – буғдой эксин, агар мамлакат 10 йил ривожланаман деса – дарахт эксин, агар мамлакат 100 йил равнақ топаман деса – ўз ёшларини ўстирсин. Президентимиз фақат бугун эмас, давлат раҳбари сифатидаги дастлабки фаолиятини айнан ёшлар масаласига кенгроқ эътибор қаратиши, уларга барча имкониятларни яратиш учун муҳим чора-тадбирларни амалга ошириш билан бошлаган эди. 2016 йилда “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги Қонун қайта ишлаб чиқилиб, такомиллаштирилган ҳолда қабул қилинганлиги сўзимиз исботидир.

Янги Ўзбекистонни баркамол, билимли, Ватанпарпар ёшлар билан бирга қуриш мақсадида Учинчи Ренессанснинг тўрт узвий ҳалқаси бўлмиш боғча, мактаб, олий таълим ва илм-фан соҳаларини ривожлантириш масалаларини конституциявий даражада мустаҳкамлаб қўйишга алоҳида эътибор қаратилади.

Бир сўз билан айтганда, давлатимиз раҳбарининг табриги мазмунан Конституцияни янгилашдек ғоят муҳим, стратегик вазифани амалга оширишда бутун халқимизни бу масалада ўзининг аниқ фикр ва қарашлари билан фаол иштирок этишга қаратилган эзгу даъватдир десак, муболаға бўлмайди.

Ана шундай бир паллада, биз депутатлар, умуман шу юрт тараққиётига бефарқ бўлмаган ҳар бир инсон давлатимиз атрофида жипслашиб, Янги Конуституцияни қабул қилинишида фаол бўлишимиз керак. Зеро, Асосий Қонунимиздаги ҳар бир янгиланиш бизни эртанги кунимиз, фаровон ҳаётимиз сари қўйилган муҳим қадамдир.

 

Шаҳноза ХОЛМАҲАМАТОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

www.parliament.gov.uz

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan