Европа ва Марказий Осиёдаги болалар ва ёшлар манфаатлари учун кўзланган мақсадларга эришиш йўлида тажриба ва билим алмашиш майдони – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

     2021 йил 14 декабрь куни видеоконференцалоқа тарзида “Парламент аъзолари болалар учун: болалар ва ёшлар манфаатларини ифодалаш ҳамда ҳимоя қилиш учун ҳамкорлик, ютуққа эришиш ва янги имкониятлар таҳлили” мавзусида минтақавий маслаҳат учрашуви бўлиб ўтди.

Унда мамлакатимиз парламентлари аъзолари, Парламентлараро иттифоқ, Европа парламенти, Европа Кенгаши Парламент Ассамблеяси (ПАCЕ), МДҲ Парламентлараро Ассамблеяси, ёшлар парламентлари депутатлари, бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича экспертлар иштирок этди.

ЮНИСЕФнинг парламент аъзолари билан ҳамкорлиги ва шериклигини кенгайтириш ҳамда тизимлаштириш, шунингдек, қонун ишлаб чиқувчилар эътиборини болалар ва ёшларнинг долзарб эҳтиёжларига қаратиш мақсадида ташкил этилган мазкур тадбир Европа ва Марказий Осиёдаги болалар ва ёшлар манфаатлари учун кўзланган мақсадларга эришиш йўлида тажриба ва билим алмашиш майдонига айланди.

Тадбирда Олий Мажлис Сенати Раиси Т.Нарбаева иштирок этди ва сўзга чиқди.

Таъкидланганидек, COVID-19 пандемияси шароитида минтақавий маслаҳатлашув долзарб аҳамиятга эга.

Ўзбекистон парламенти юқори палатаси раҳбари иштирокчиларга Ўзбекистонда ёшлар ва болалар ҳуқуқ ҳамда манфаатларини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берди.

Хусусан, Ўзбекистонда 30 ёшгача бўлган депутатлар улуши 6 фоиздан ортиқ экани таъкидланди. Ёшлар парламенти аъзолари Сенат аъзоларига бириктирилган, маҳаллий Кенгашларда Ёшлар парламенти вакиллари мактаби ташкил этилди. Сенат қарори билан ҳудудларда ёшларга оид давлат сиёсати амалга оширилишини баҳолашнинг рейтинг тизими жорий этилди.

Таълим муассасаларини ривожлантириш, қонунчилик базасини такомиллаштириш, етим болалар ва болаларни уй-жой билан таъминлаш, ота-она қарамоғисиз қолган болалар учун “Меҳр” операцияларини ташкил этиш, шунингдек, мажбурий ва болалар меҳнатининг барча шаклларига барҳам бериш бўйича чора-тадбирлар кўрилаётгани таъкидланди.

Бундан ташқари, ЮНИСЕФ билан ҳамкорликда амалга оширилаётган “Меҳрибонлик уйлари”ни деинституционализация қилиш, етим болалар ва ота-она қарамоғисиз қолган болаларни оилаларга ва оилавий шароитларга яқин бўлган муассасаларга жойлаштириш бўйича ишлар Сенатнинг доимий назорати остида бўлади.

Кенгашда Олий Мажлис Сенатининг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси Б.Сайфуллаев ҳам сўзга чиқди.

Қайд этилишича, Сенат Раиси Т.Нарбаева раҳбарлигида бир қанча миллий комиссиялар фаолият кўрсатмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикасини барқарор ривожлантириш соҳасидаги Миллий мақсадлар ва вазифаларнинг 2030 йилгача бўлган даврда амалга оширилишини назорат қилиш бўйича Парламент комиссияси ҳамда Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссиясининг фаолияти бевосита мажлисда муҳокама қилинган масалаларга тааллуқли.

Бугунги кунда парламент аъзолари ҳудудларга чиқиб, “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги Қонун ижросини ўрганмоқда.

Ялпи мажлисларда парламент назорати, болалар манфаатлари йўлида давлат томонидан молиялаштириш, парламентларнинг болалар ва ёшлар билан ўзаро ҳамкорлиги, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, инклюзивлик, мувофиқлаштириш, ҳамкорлик ва бошқа масалалар кўриб чиқилди.

www.senat.uz

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan