Қонун бюджет жараёнининг очиқлиги, халқаро стандартларга мослигини таъминлаб, жамоатчилик назоратини кучайтиради – Парламент тадқиқотлари институти
Янгиликлар

Ялпи мажлисда “Бюджет жараёни такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун ҳам муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, ушбу Қонун билан Ўзбекистон Республикаси Бюджет кодекси, “Ҳисоб палатаси тўғрисида”ги ва “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларини ташқи аудитдан ўтказиш ва баҳолаш тизими жорий этилиб, Қонунда Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларини шакллантириш ва уларни ижро этиш тўғрисидаги йиллик ҳисоботларни Ҳисоб палатаси томонидан ҳар йили ташқи аудитдан ўтказиш ҳамда баҳолаш тизими жорий этилмоқда.
Бюджет кодексида Ҳисоб палатасининг ваколатлари ҳам кенгайтирилиб, у Давлат бюджети тўғрисидаги қонун лойиҳаси ва ўрта муддатли давр учун фискал стратегия бўйича Вазирлар Маҳкамасига, Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларининг лойиҳалари бўйича эса тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига хулоса тақдим этиши белгиланмоқда.
Шунингдек, Қонун билан вазирлик ва идораларнинг бюджетдан ташқари жамғармалари консолидациялашган бюджет таркибига киритилиши белгиланмоқда.
Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикасининг консолидациялашган бюджети маблағлари ҳисобидан шакллантириладиган, аммо унинг таркибига кирмайдиган жамғармаларни ташкил этишга йўл қўйилмаслиги белгиланмоқда.
Қонуннинг маъқулланиши бюджет жараёнининг очиқлиги, тўлиқлиги ва халқаро стандартларга мослигини таъминлашга кўмаклашади ҳамда бюджет жараёни устидан жамоатчилик назорати кучайтирилишига ижобий таъсир кўрсатади.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

www.senat.uz

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan