Марказий Осиёда тинчлик ва хавфсизликни таъминлашда хотин-қизларнинг роли – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

Бугун пойтахтимиздаги “Hyatt Regency Tashkent” меҳмонхонасида Фуқаролик жамияти аёллар ташкилотлари иштирокида “Марказий Осиёда тинчлик ва хавфсизликни таъминлашда хотин-қизларнинг ролини кучайтириш тўғрисида”ги БМТнинг 1325-сонли резолюциясини амалга ошириш” мавзусидаги минтақавий форуми бўлиб ўтмоқда.

Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси, Марказий Осиё мамлакатлари етакчи аёллари мулоқоти раиси Т.Нарбаева, БМТ Бош котибининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили, БМТнинг Марказий Осиё учун превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази раҳбари Н.Герман, “БМТ-Аёллар” тузилмасининг Европа ва Марказий Осиё бўйича минтақавий офиси директори А.Эль-Яссир ва бир қатор халқаро ташкилотлар раҳбарлари шунингдек, давлат ва нодавлат ташкилотлари, хусусан, Марказий Осиё мамлакатлариидан 30 дан ортиқ фуқаролик жамиятларининг аёл вакиллари иштирок этмоқда.

Форум очилишида Т.Нарбаева нутқ сўзлаб, форум мазмун-моҳияти, кўзланган мақсад, тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш, превентив дипломатияда аёлларнинг тутган ўрни, иштироки ва роли, бу борада Ўзбекистонда амалга оширилган ишларга алоҳида тўхталиб ўтди. Т.Нарбаева:

Бу галги форум шуниси билан аҳамиятлики, Мулоқот аъзолари, давлат тузилмалари, минтақадаги аёллар фуқаролик жамияти ташкилотлари вакиллари, БМТ тузилмалари раҳбарлари ва халқаро экспертлар биринчи маротаба “Хотин-қизлар, тинчлик ва хавфсизлик” глобал кун тартибини миллий ва минтақавий даражада амалга оширишда ҳамкорлик қилиш масалаларини муҳокама қилиш учун Ўзбекистонда тўпланди.

Ҳозирги вақтда биз фаолияти давомида гендер тенгликни тарғиб қилиш, барча даражаларда (маҳалла, туман, вилоят, республика) хотин-қизлар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш масалаларини қамраб оладиган етакчи хотин-қизлар миллий платформасини яратиш устида ишлаяпмиз.

Биз долзарб масалалар, шу жумладан, хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан боғлиқ масалаларни ҳал этишда фуқаролик жамияти институтлари муҳим ўрин тутишини биламиз.

Бугун Ўзбекистонда 10 мингга яқин нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолият кўрсатмоқда. Уларнинг 300 дан ортиғи гендер масалалари билан шуғулланади.

Биламизки, Марказий Осиё мамлакатлари етакчи аёллари мулоқоти минтақадаги хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ролини ошириш ҳамда барқарор ривожланиш билан боғлиқ қарорларни қабул қилиш жараёнларида иштирок этиш имкониятларини кенгайтириш мақсадида норасмий минтақавий платформа сифатида ташкил этилган.

Марказий Осиё мамлакатлари етакчи аёллари мулоқоти қисқа вақт ичида гендер тенглиги ва барқарор ривожланишни рағбатлантириш, минтақа аёллари ўртасидаги ҳамжиҳатлик ва амалий ҳамкорликни мустаҳкамлаш тарафдори бўлган аёлларнинг муҳим норасмий коалицияси эканлигини исботлади.

Мулоқот бошланганидан буён қатор учрашувлар ўтказилиб, гендер тенгликни таъминлаш, хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтиришга оид кўплаб долзарб масалалар, бу борадаги минтақавий ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.

Шу билан бирга, форум давомида БМТнинг Марказий Осиё учун превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази раҳбари Н.Герман форумни ташкил этишда асосий ташкилотчилик қилаётган Ўзбекистонга ўз миннатдорчилигини билдириб, мавзу доирасида ўз фикрини билдирди.

Н.Герман:

Ушбу ҳамкорлик “Хотин-қизлар, тинчлик ва хавфсизлик” глобал кун тартибини амалга оширишда айниқса муҳимдир. 1325-сонли резолюция фаол аёллар туфайли қабул қилинди! Ўтган 20 йил давомида эришилган ютуқлар, энг аввало, фуқаролик жамиятининг хизмати, шарофати биландир.

Бугун кўп тилга олинаётган “Хотин-қизлар, тинчлик ва хавфсизлик” битими ва Гуманитар ҳаракатлар гендер тенгликни ва тинчлик ўрнатишни ўзининг устувор мақсади сифатида белгилаб олган барча ҳамкорлар ўртасидаги ҳамкорликнинг энг ёрқин намунасидир.

Шунингдек, ялпи мажлис шаклида ўтган форумнинг қолган қисмида “Аёллар, тинчлик ва хавфсизлик” глобал кун тартиби – 2000-2021 йилларда амалга оширилган умумий ишлар, Марказий Осиёда “Хотин-қизлар, тинчлик ва хавфсизлик” кун тартибини тарғиб қилиш бўйича қарорлар қабул қилишда хотин-қизларнинг ўрни, Фуқаролик жамияти ташкилотларининг “Хотин-қизлар, тинчлик ва хавфсизлик” кун тартибини амалга оширишга қўшадиган ҳиссаси учун минтақавий механизмлар ва платформалар” мавзусида муҳокамалар қилинмоқда.

www.senat.uz

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan