2021 йил 20 декабрь куни Тошкент шаҳрида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг шартномавий органлари ҳисобдорлиги тизими: бунда фуқаролик жамиятининг тутган муҳим роли юзасидан жамоатчилик муҳокамаси бўлиб ўтди.
Мақсад — ҳисобот бериш тартиб-қоидалари, унинг инсон ҳуқуқлари соҳасида халқаро мажбуриятларни бажаришдаги ўрни тўғрисида миллий манфаатдор томонларнинг хабардорлигини ошириш ҳамда бу жараёнларда фуқаролик жамиятининг ролини кучайтириш.
Тадбир “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати ва Халқаро юристлар комиссияси (ХЮК) томонидан Демократия ва инсон ҳуқуқлари учун Европа инструменти (EIDHR) орқали Европа Иттифоқи, БМТнинг Марказий Осиё бўйича Инсон ҳуқуқлари Олий комиссари бошқармасининг Минтақавий бўлими, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ва Швейцариянинг мамлакатимиздаги элчихонаси кўмагида ташкил этилди.
Очиқ мулоқот шаклидаги муҳокама иштирокчилари давлатларнинг БМТ шартномавий органлари олдидаги ҳисобдорлик тартибларини ҳамда Ўзбекистоннинг бу йўналишдаги тегишли тажрибасини кўриб чиқди. Яқин орада мамлакатимиз БМТнинг иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар бўйича Қўмитаси (CESCR) ҳамда БМТнинг Хотин-қизларни камситилишига барҳам бериш бўйича Қўмитаси (CEDAW) олдида ҳисобот бериши кутилмоқда. Муҳокамада асосий урғу мазкур ҳисоботларга қаратилди.
Дастлаб Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов сўз олди ва БМТнинг шартномавий органларига миллий ҳисоботларни тақдим этишда мамлакатимиз тажрибаси ҳақида маълумот берди.
Шунингдек, БМТнинг иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар бўйича Қўмитаси вице-президенти Аслан Абашизде сўзга чиқиб, давлат ва муқобил маърузалар, давлат ҳисоботларини тақдим этиш тажрибалари, жумладан якуний хулосаларни қабул қилиш жараёнлари ҳақида гапирди.
Олий Мажлис Сенатининг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси раиси Малика Қодирхонова Хотин-қизларни камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги конвенцияни амалга ошириш бўйича Ўзбекистоннинг миллий тажрибасига тўхталди.
Ўзбекистон фуқаролик ташаббуслари қўллаб-қувватлаш маркази директори Диловар Қобулова давлат ҳисоботини, муқобил маърузаларни тақдим этишда фуқаролик жамиятининг ролига эътибор қаратди.
Муҳокама якунида Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари, давлат органлари вакиллари, мустақил ва халқаро экспертлар БМТнинг шартномавий органлари олдида давлатнинг ҳисобот бериши жараёнларида фуқаролик жамияти иштирокини кенгайтиришнинг галдаги қадамлари белгилаб олинди.